Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
АДАШГАНЛАРГА ИМКОН БЕРИШ, ТЎҒРИ ЙЎЛГА СОЛИШ АДОЛАТДАНДИР
2020-12-11 15:23:33 211
Мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсати натижасида қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ фуқароларга яна бир имкон берилди.
Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра 104 нафар шахснинг афв этилгани ҳам бағрикенгликдан далолатдир.
Афв этилганлар орасида 2 нафар қўштепалик маҳкумлар ҳам бўлиб, улар ўз уйларига, оиласи бағрига қайтарилди. Демак, 2 нафар шахснинг оиласига шодлик қайтди, бахт қайтди, қанот қайтди, тоғ қайтди...
Файзулло Раҳматиллаев ёшлик қилиб, нотўғри йўлга қадам босди. У содир этган жинояти учун 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Давлатимизда амалга оширилаётган бағрикенглик сиёсати туфайли муддатидан аввал ўз оиласи бағрига қайтди.
– Бахт деган тушунчани инсонлар турлича тасаввур қилади, – дейди Ф. Раҳматиллаев. – Кимдир уни тинчлик-хотиржамлик ёки сиҳат-саломатликда деса, бошқа биров оила, дўстлар, яхши даромадли ишда деб билади. Умуман, бахт ҳақида гап борганда ҳар ким уни ўз дунёқараши, тафаккури, қаричи билан ўлчайди ва хулосага келади. Маҳкумликдаги одам учун эса озодлик, оиласи бағрида бўлиш бахтдир. Улар учун бундан ширин, бундан азиз ва қимматли сўз йўқ дунёда.
Қилмишимдан жуда ҳам пушаймондаман. Озодликнинг қадрини тушуниб етдим. Ҳаётда ҳар ким ўз ўрнини топиши, фарзанд сифатида элу юртга нафи тегиши керак. Мен ҳам албатта, шунга ҳаракат қиламан.
Афв этилганлардан бири Жамолиддин Сайдахмедовнинг сўзларига ҳам қулоқ тутдик:
– Аввало Президентимизга раҳмат айтмоқчиман. Бизларни кечириб, қилмишларимиздан тўғри хулоса чиқаришимизга, ҳаётимизни қайтадан қуришга имкон бердилар, – дейди Ж.Сайдахмедов. Оиламни эслаб азобланардим. Шукур, бугун улар даврасидаман.
Ҳар бир инсон жамият учун масъулдир. Энди мана шу масъулиятни ҳис қилган ҳолатда, ўзим ҳам шунга ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан. Қилмишимдан жуда пушаймонман.
Дарҳақиқат, адашиб жиноят йўлига кирган ва содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни тўғри йўлга, оиласи бағрига қайтариш давлатимиз олдида турган муҳим масалалардан бирига айланди. Зеро, адашганлар ҳам шу мамлакат фуқароларидир.
Шу ўринда яна бир гап. Эндиликда мутасадди идора ва ташкилотларнинг масъуллари уларни ҳаётга қайта мослаштириш, уй-жой муаммоси бўлса, ҳал этиш, ишга жойлаштириш каби юмушларни амалга ошириши керак. Маҳалла-кўй, қўни-қўшни эса уларга эътиборли бўлиши, бегона кўз билан қарамаслиги, уларни ёлғизлатиб қўймаслиги муҳим аҳамиятга эга.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.