Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 32 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

8 ДЕКАБРЬ - ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ КУНИ

×

 2020-12-07 20:06:17    303

PDF юклаш
Чоп этиш


ИСЛОМ ВА КОНСТИТУЦИЯ

Бизларга юборилган бу Ислом дини инсоннинг 6 хил манафаатини муҳофаза қилади ва улардан зарарни дафъ қилиш кўзланади. Бу 6 хил жиҳат инсоннинг эркинлиги ва инсоний ҳаёт гузаронлиги учун асосий омиллардир. Ислом динининг инсонпарвар дин эканлиги ушбу 6 хил манафаатини муҳофаза қилишлиги билан тасдиқланади.

1. Дин муҳофазаси. Ислом шариати динни муҳофаза қилиш учун Инсонларга диндорлик таянчи бўлган иймон асосларини тарғиб қилади ва куфрни қоралайди.

Аллоҳ таоло Қуръонда: «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга, Унинг Расулига, У Ўз Расулига туширган китобга ва бундан олдин туширган китобга иймон келтиринг. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Расулларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашибди».

Ислом дини инсоннинг Аллоҳдан бошқага ибодат қилишдан қайтаради. Шу билан бирга, бошқа дин вакилларининг эътиқодига дахл қилмайди, Исломга мажбурламайди.

Ислом шариати динни муҳофаза қилиш учун дин арконларига ва ибодатларга амал қилишни жорий қилди.

Динни муҳофаза қилиш эътиқодга оид масалаларга ишониб қўйиш билангина юзага чиқмайди. Шунинг учун Ислом шариатида намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатлар диннинг рукни – устуни қилинган ва уларни бажариш фарз – мажбурий бўлган. Ушбу ибодатларни бажариш ила инсоннинг дини муҳофаза қилинади. Чунки мазкур ибодатлари бандани диннинг эгаси – Аллоҳ таолога доимий тарзда боғлаб туради ва у билан бўлган алоқани мустаҳкамлаб боради.

Ислом шариати динни муҳофаза қилиш учун эътиқод ва диндорлик эркинлиги берилиши ва уларни ҳимоя қилинишини таъминлади. Исломда эътиқод эркинлигини белгиловчи асосий Қоида «Бақара» сурасидаги қуйидаги оятда баён қилинган: «Динда мажбурлаш йўқдир».

Дин танлашда мажбурлаш йўқ. Ҳар ким ўзи хоҳлаган динга кирсин. Бу қоидада инсоннинг ақли борлиги, биров мажбур қилмасдан ҳар ким ўзи хоҳлаган йўлни танлаб олиши баён қилинган. Ёки яна бошқа оятда Аллоҳ таоло инсоннинг эътиқод эркинлигини баёнлаб дейди:

«Сен: «Буҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин», – дегин».

Аллоҳ ҳеч кимни куч билан иймонга келишга мажбурламайди, зўрламайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз расулига:

“Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?”

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида шундай дейилади: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди».

2. Жон муҳофазаси.

Исломда ноҳақдан қон тўкиш, бировга ҳақсизлик билан жисмоний ёки руҳий зарар етказишнинг ҳар қандай кўрининшлари қатъий ҳаром қилинган. Шунингдек, шахс ўзининг жисми ёки руҳига зулм қилиши, зарар етказиши ҳам мумкин эмас. Худои таоло дейди: “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади”

Ислом динимиз ҳар бир жонни жуда қадрлайди, хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ ғайри дин бўлсин, қандай ирққа тегишли бўлмасин, қайси миллатга тегишли бўлмасин, барибир барча-барчасини ардоқлайди. Бир беайб инсонни ўлдириш бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасида ҳам бу ҳақида шундай дейилган: “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.”

3. Ақл муҳофазаси.

Шу боис, Исломда ақлга зарар етказадиган, унинг фаолиятини чеклайдиган таом, ичимлик ва бошқалар ҳаром қилинган.

Аллоҳ таоло “Моида” сурасининг 90-оятида инсоннинг ақлини кетказиб, ўзига ва жамиятга зарар етказадиган ҳолатга келтирувчи нарсаларни ҳаром қилган: «Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннингишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз»,

Араб тилида «хамр»» сўзи «тўсиш», «беркитиш» маъноларини англатади. Тановул қилган кишининг ақлига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсага «хамр» дейилади. Ичиладиган, чекиладиган, тановвул қилинадиган ва ҳар қандай йўл билан кишини маст қиладиган нарсалар ҳаром қилинган.

4. Насл муҳофазаси.

Исломда оила қуриш учун маълум шартлар асосидаги шаръий никоҳни фарз қилиниши, зинони ҳаром қилиниш, идда ва бошқа шу каби ҳукмлар айнан мана шу мақсадга хизмат қилади. “Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир”.

Ҳалол-пок йўл орқали қавму қариндошлар гувоҳлигида никоҳланиш албатта, инсоннинг наслу насабини муҳофаза қилиш бўлади. Бир боланинг унинг ота-онаси ким эканлиги маълум бўлади. Аммо зино бу бузуқчилик бўлиб, кишининг насли вайрон бўлиб, насаби бузулиб кетади. Жамиятда ҳаромдан туғилган етимлар кўпаяди. Натижада жамият тубанликка қараб кетади. Шунниг учун динимиз Ислом дини никоҳ тўйини ҳалол деб, беникоҳ қўшилишни қатъиян манъ қилган.

Яна жумҳур уламоларнинг ижмолари: “Валийсиз ва унинг розилигисиз никоҳ жоиз эмас”. Бизнинг ҳанафий мазҳабимиз уламолари бунга қўшимча қилиб: “Қизнинг ҳам розилиги зарур” деб қўйдилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида “Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.”

5. (ҳифзул-ъирз) – Обрўнинг муҳофазаси.

Исломда кишини ғийбат қилмаслик, туҳмат қилган қаттиқ жазоланиши, бировни бир гуноҳда айбланаётган албатта унинг обрўси беҳуда тўкилмаслик учун гувоҳлар келтирилиши шартлиги. Эркакларнинг обрўси, болалар шаъни ва аёллар ор-номуси жуда қадрланади.

“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.

Агар хабар Аллоҳдан ва Пайғамбар алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўладилар. Ояти каримада Аллоҳ таоло «фосиқ хабар келтирса, аниқлаб» хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш вожиб. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусибатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатдан афсус-надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло «бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», демоқда.

Фосиқ дегани бирор марта бўлса ҳам ёлғон гапирган, бошқа гуноҳларни одамлар олдида қилган ёки фарз амалларини тарк этган киши ва ҳоказо...

Бу ерда инсоннинг қадри шаъни улуғланяпти.

Бир куни Абдуллоҳ ибн Умар розиёллоҳу анҳу Каъбага назар солиб туриб: “Қанчалар ҳам улуғсан! Сенинг ҳурматинг қанчалар ҳам улуғ! Мўминнинг ҳурмати Аллоҳ таолонинг ҳузурида сендан ҳам улуғ!” дедилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.”

6. Ва ниҳоят: Мол муҳофазаси.

Шу боис, Исломда пора, рибо, ўғирлик ва бошқа шу каби ноҳақ пул топишнинг барча турлари, молни тасарруфга лаёқати йўқ кишига бериш, бировнинг молига тажовуз қилиш, ҳатто шахс ўзининг молига қасддан талофат етказиши, уни исроф қилиши қатъий ҳаром қилинган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ислом шариатидаги бу олти тамойил ва ота-боболари юрган покиза ва муқаддас йўлни ўзида акс эттирган Бош Қомусимиз Конститутциямиз 1992 йил 8 декабрда қабул қилинди. Мана шу бахтли онларга ҳам 28 йил бўлибди. Диний бағрикенглик, бир-бирмизга самимий ва илиқ муносабатларда бўлиш, ирқчилик, миллатчилик, тафриқага барҳам бериш, барчамиз ушбу она заминда якдил ва якжоя бўлиб яшамоқлигимиз каби улуғ ғоялар бу Қомусимизда акс эттирилган.

Инсон ҳур туғилади ва ҳурлигича вафот этади. У туғилмасидан олдин ва ўлими олдида унинг ҳурриятига Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот дахл қилолмайди. Асл ҳурлик ўзи нима? Инсон қачон батамом ҳур, озод бўла олади? Ислом мутафаккирлари бу саволга бундай жавоб беришган: “Чинакам ҳурлик Аллоҳга қуллик қилишдадир”. Инсон Аллоҳга қуллик қилмас экан, бандаларга, шайтонга ё нафсига қуллик қилишга мажбур.

Бу ҳақда Қуръони каримда оятлар кўп, жумладан Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

“Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлган) иш эгалари (раҳбарлар)га итоат этинглар”

Абдухошим АХМАДАЛИЕВ,

Қўштепа тумани бош имом хатиби.