Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 73 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

БОТУЛИЗМ: ЯНА БИР ХАВФЛИ МАВСУМИЙ КАСАЛЛИК

×

 2020-11-30 14:32:54    209

PDF юклаш
Чоп этиш


Озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишларнинг ичида жуда оғир кечадиган касалликлардан бири ботулизмдир. Унинг хавфли жиҳатлари нимада?

Ботулизм таёқчаси анаэроб, яъни кислородсиз шароитда ўсадиган микроблар оиласига мансуб. Бу микроблар спора (қобиқ) ҳосил қилиш хусусиятига эга бўлгани сабабли ташқи муҳит таъсирларига жуда чидамли бўлиб, қайнатганда ҳам ўлмайди, 120 даража ҳароратда 30 дақиқада, спораси 20 фоизли зарарсизлантирувчи формалин таъсирида 24 соатда жонсизланиши мумкин. Бу микроб токсини меъда ва ичак шираси таъсирида ўз кучини йўқотмайди, у қонга сўрилиб, инсон организмини заҳарлайди. Ботулизм бактерияси ташқи муҳитда қуруқ шароитда, тупроқда узоқ йилларгача сақланади.

Ботулизм касаллиги асосан уй шароитида тайёрланган дудланган балиқ ва гўшт, сабзавот ва мева консерваларини истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқади. Аҳоли ўртасида ботулизм билан хасталаниш асосан ноябрь ойидан бошланиб, май ойигача, яъни уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш даврида қайд этилади. Ботулизм билан касалланиш ҳоллари таҳлил қилинганда, асосан уй шароитида тайёрланган маринадланган бодринг, помидор, патиссон, қалампир, қўзиқорин, карам консервалари, бақлажон икраси ва дудланган балиқ каби маҳсулотларни истеъмол қилиш касаллик келиб чиқишига сабабчи бўлаётганлигини кўрсатмоқда.

Касалликнинг клиник белгилари тўсатдан бошланиб, беморлар хасталик бошланган вақтини аксарият ҳолларда аниқ айтадилар. Ботулизм ҳолсизланиш, бош оғриғи, оғиз қуриши билан бошланади. Баъзида кўнгил айниши, қайт қилиш, бош айланиши ва 1-2 маротаба ичнинг суюқ кетиши каби касаллик белгилари қисқа вақт кузатилади. Бундан ташқари, тўш суяги ортида оғриқ кузатилиб, тез-тез кекириш пайдо бўлади.

Шу ўринда оғриқ ва дамланиш ҳоллари ҳам учрайди. Қайт қилиш ва ич кетиши қисқа вақт давом этиб, неврологик белгилар бошланганидан сўнг одатда йўқолади. Ич кетиши тўхтаб, қабзият юзага келади, меъдадан озуқа моддаси эвакуацияси секинлашиб, ҳатто тўхтаб қолиши мумкин. Кўз олдида ''туман'', ''парда'' пайдо бўлиши, битта буюм иккита бўлиб кўриниши, кўз соҳасининг ҳаракати чекланиши, қорачиқлар кенгайиб, кўз қовоқларининг икки томонлама қисилиши, ютинишнинг қийинлашуви ёки умуман амалга ошмай қолиши, овоз ўзгариб пасая бориши ва тиниқлиги йўқолиши, оғир аҳволларда эса беморнинг гапига тушуниб бўлмаслик каби касалликнинг неврологик белгилари яққол намоён бўлади.

Ботулизм билан касалланишнинг олдини олиш учун қуйидаги оддий қоидаларга қатъий риоя қилишни тавсия этамиз:

1. Бозорларда ва аҳоли гавжум бўладиган жойларда фуқаролар томонидан уй шароитларида тайёрланиб, ноқонуний равишда сотилаётган, сифати кафолатланмаган дудланган гўшт ва балиқларни ҳамда сабзавот-мева консерва маҳсулотларини харид қилманг. Шахсий хонадонларда тайёрланган бу каби маҳсулотлар касаллик келтириб чиқариши мумкинлигини унутманг;

2. Озиқ-овқат дўконидан гўшт, балиқ, қўзиқорин ва сабзавот-мева консерва маҳсулотларини ҳамда дудланган гўшт ва балиқ маҳсулотларини харид қилишдан олдин ушбу маҳсулотларнинг ёрлиқлари ва мувофиқлик сертификатлари борлигига эътибор беринг;

3. Дўконлар ва бозорлардан сақлаш муддатлари ўтган, ёрлиқлари йўқ, идишларининг бутунлиги бузилган, қопқоқлари шишган, ҳамда мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган консерва маҳсулотларини асло харид қилманг;

4. Ўзингизда ёки яқинларингизда касалликнинг юқорида қайд этиб ўтилган аломатларини сезсангиз, зудлик билан энг яқин тиббий муассасага мурожаат этишни унутманг. Шифохонада ўз вақтида кўрсатилган малакали тиббий ёрдам беморнинг соғайиб кетишига имкон беради.

Ж.Жўрабоев,

Қўштепа тумани ФВБ бошлиғи ўринбосари.