Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
СЎЗ ДЕПУТАТЛАРГА
2020-11-26 09:27:36 240
Хабарингиз бор, “Сўз депутатларга” рукни остида туман Кенгашига сайланган депутатларимизнинг фаолиятлари билан таништириб боришга ҳаракат қилмоқдамиз.
Бугун 3-Сармазор сайлов округидан туман Кенгашига сайланган депутат, Қўштепа туманидаги 47-умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Дилнавоз Зуфарованинг фикр мулоҳазалари билан танишамиз.
ДЕПУТАТ ЗАМОН БИЛАН ҲАМҚАДАМ ЮРИШИ КЕРАК
Юртимизда “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловлардан сўнг, 3-Сармазор сайлов округидан Халқ депутатлари Қўштепа туман кенгашида депутат сифатида ўз фаолиятимни бошладим. Ҳали олдимизда масъулиятли, шарафли йўл турибди. Ана шу йўлга чиқишимиз учун халқ бизга ишонч билдирди. Бу ишончнинг юкини ҳар дақиқада ҳис қилишимиз керак. Депутат халқ дарди билан ёниб яшаса, унинг муаммоларига ўзининг муаммоси сифатида қараса, албатта, бундай инсон қадрли бўлади. Қуруқ ваъдалар замони ўтиб кетган даврдамиз. Шу боис замон билан ҳамқадам юриб, мавжуд муаммоларга жойида ечим топсакгина бизга ишониб овоз бериб сайлаган сайловчилар ишончини оқлаган бўламиз.
Мен бир депутат сифатида энг аввало юртимизда таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ва кенг кўламли ислоҳотларга қисқача тўхталиб ўтмоқчиман. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз раҳбарлигининг илк кунлариданоқ, янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини белгилаб берар экан, асосий эътиборни таълим тарбия тизимига қаратиб келмоқда. Аввало, тизим мажбурий меҳнатдан халос қилинди. Ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам ўз иши, ўқиши билан машғул бўладиган бўлди. Ўқитувчи нафақат моддий манфаатдор бўлмоқда, балки унинг устоз сифатида қадри, масъулияти ҳам ортиб бормоқда.
Бир педагог сифатида шуни айтмоқчиманки, мактаб жамоаси билан бирга 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунини ҳам пахта даласида ўтказардик. 1993-2000 йиллар оралиғида мактабни кўп ўқитувчилар ташлаб, ўзини бизнесга урдилар. Чунки, мактабларда ўқитувчининг ойлик маоши жуда паст эди. Ўқитувчилар қишлоқ хўжалигидан тортиб, кўчаларни тозалаш ишигача жалб қилинарди. Мактабларда кадрлар етишмасди.
Бугунчи? Албатта бугун вазият бошқача. Таълим тизимида изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Ўқитувчиларга муносабат ўзгаряпти. Ўқитувчининг мақомини белгилаш ҳақида ўйлай бошладик. Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланишини англадик. Учинчи Ренессанс ғоялари билан қуролланиб, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари интилишларимиз таълим соҳасининг уйғониши билан ҳамнафас кечмоқда.
Президентимизнинг таълим тарбия масаласига ҳаёт мамот масаласи деб қараб, халққа маслаҳат солаётгани тизимдаги ечимини кутаётган муаммолар шаффофлик билан муҳокама қилинаётгани, қандай маълумот, қайси касб эгаси бўлмасин, ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмаслиги керак. Чунки ёш авлоднинг келажаги учун қайғуриш ватан тараққиётига қайғуришдир.
Коронавирус пандемияси бугун дунё бўйлаб кенг тарқалди ва Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Юртимизда жорий этилган карантин туфайли Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда жорий йил 30 мартдан бошлаб телевизион дарслар намойиш этди. Болаларимиз онлай ўқий бошладилар.
2020 йилнинг 14 сентябридан эса юртимизда босқичма-босқич умумтаълим муассасалари очилди. Хусусан, Қўштепа туманидаги барча таълим муассасаларида пандемия шароитида янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўрилди.
Мен ҳам бир депутат ва ўқитувчи сифатида мактабимиздаги ушбу жараёнларда эштирок этдим. Мактаб ички деворларига ҳимоя ниқобидан фойдаланиш тартиби, санитария ва гигиена қоидаларига амал қилиш, ўзаро мулоқот қоидалари ва икки метр оралиқ масофани сақлаш қоидалари эслатма тарзидаги йўриқномалар осилди.
Мактабимизда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ҳимоя ниқобларидан фойдаланиши назоратга олинган. Ҳар бир ўқувчининг ёнида ўқув қуролларидан ташқари антисептик воситалари бор. Хозирда ҳар бир синфхонасининг озодалигига, санитария ва гигиеник талабларга риоя этилаётганлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўқувчилар мактабга кириб келаётганда санитария-гигиена талабларига амал қилинган ҳолда синфхоналарга киргизилади. Улар ўзаро масофа сақлаган ҳолда дарсда қатнашмоқдалар.
Ўқитувчилар ўқувчиларни синфхона ичида жойлашган сув жўмракларида тез-тез қўлларини совунлаб ювиб туришларини назорат қилиб туради. Қолаверса, ўқувчиларнинг ота-оналарига болаларнинг портфелига ҳар куни иккитадан ҳимоя ниқобларини солиб юборишлари тайинланган.
Шунингдек, мактабда бирон бир ўқувчининг иситмаси кўтарилса, улар шу заҳотиёқ мактабнинг назоратчи ҳамширалари томонидан назоратга олинади. Дарс вақтида иситмаси кўтарилганлиги аниқланганда ўқувчи махсус изолятор хонасига олиб кирилади ва ўқувчининг ота-онасига хабар берилади.
Халқ таълими вазирлиги томонидан йўлга қўйилган онлайн таълим тизими пандемия вақтида жуда ўринли бўлди, аммо маълум фоиз ўқувчиларнинг қишлоқ шароитларида интернет билан таъминланмаганликлари боис улар дарсларни кўнгилдагидек ўзлаштира олмаганликларини ҳам яшира олмаймиз.
Бугунги кунда интернет дунё миқёсида тезкор, кенг оммага мўлжалланган хизмат турига айланган. Шу боис, нафақат таълим соҳасига балки кундалик янгилик ва воқеликлардан тезроқ хабардор бўлиш ҳар жабҳада керак. Туманимиз аҳолиси учун сифатли ва юқори тезликдаги база станцияларини кўпайтириш, илғор замонавий ахборот-коммуникация хизматларини йўлга қўйиш керак.
Дарҳақиқат, пандемия даврида ўқитувчиларга осон бўлмади. Онлайн дарс ўтишда уларга кўплаб масъулиятли вазифалар юкланди.
Пандемия даврида карантин чораларини яна икки йил давомида қўлланилиши айтилмоқда. Табиийки, бу даврда қоракўз ёшларнинг келажаги, улар саъвиясининг қай даражага тушиб қолиши мумкинлиги бизни яна ташвишга солади. Лекин мактабимизнинг барча ўқувчиларини билимга чанқоқлиги ва берилган топшириқларни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилишлари бизни қувонтиради.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, бугунги кун депутати ҳаётга бошқача нигоҳ билан қараши, уни зийрак кузатиши керак. Ўзи сайланган ҳудудда аҳолини ўйлантириб, қийнаб келаётган муаммолар бўлса, уни ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги зарур. Зеро, депутатни халқ сайлаган, у сайловчиларнинг чинакам хизматкори бўлмоғи лозим. Шунинг учун мен ҳам халқнинг ишончли вакили сифатида аҳоли муаммоларини биринчи бўлиб ўрганишга ва уларнинг ечимини таъминлашга ҳаракат қилиб келмоқдаман. Чунки депутат халқ билан доимий мулоқотда бўлиб, оддий одамларнинг дарду-ташвишлари билан яшаши керак.