Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
“ФИКРНИНГ ҚУВВАТИ, ЗИЙНАТИ, КЕНГЛИГИ, МУАЛЛИМНИНГ ТАРБИЯСИГА БОҒЛИҚДИР”
2020-11-17 14:44:37 428
Инсон пайдо бўлгандан бери тарбия жараёни мавжуд, тарбия пайдо бўлган вақтдан буён ўқитувчилик-педагогик фаолият узлуксиз давом этиб келмоқда. Жамият, фан ва маданиятнинг ривожланиши таълим ва тарбия ишларининг қай йўсинда олиб борилишига боғлиқдир. Давлатнинг буюк келажаги, албатта, ёшларни чуқур билимли ва баркамол шахс тақдири билан боғлиқлигини унутмаган ҳолда, ушбу муаммони маҳоратли, билимли педагоглар фаолиятига таяниб ечиш мумкинлигини унутмаслигимиз лозим.
Педагоглик соҳасида самарали иш олиб бориш билан бир вақтда адабий ва методик ишларни ҳам зўр муваффақият билан олиб бориш, таълимнинг муваффақиятли бўлиши оқибат натижада дарслик ёки методга эмас, балки ўқитувчига боғлиқ. Яхши ўқитувчи ўз фанини мукаммал эгаллаб олган бўлиши ҳамда ўз касбини ва болаларни севиши керак. Дарс чоғида ҳамма болалар тетик бўлиб туриши, ўқитувчи ғайрат билан дарс бериб, ўқувчиларнинг ақлий кучини уйғотиши, уларнинг иродасини мустаҳкамлаши, уларнинг характерини таркиб топтириши керак. Ўқувчилар ўзларининг олға бораётганликларини ҳамиша сезиб туришлари лозим. Ўқитувчининг мустаҳкам характер ва ўткир ирода кучи ҳам катта аҳамиятга эга. Ўқитувчи қаттиққўл ва талабчан бўлиши билан бирга, адолатли бўлиши ҳам керак, фақат шундагина у ўз ўқувчилари орасида обрў қозониши мумкин. Ўқитувчи ҳақиқий инсон, мустаҳкам эътиқодли бўлиши лозим.
Дарҳақиқат, ўқитувчилик касби шарафли, масъулиятли, машаққатли касб ҳисобланади. Aлбатта, мазкур касб эгалари ўз ишларига виждонан, замон талабларига мос ҳолда ёндаша олса. Бугунги кун ўқувчисини ўқитиш, унга таълим-тарбия бериш ўқитувчидан катта масъулият талаб қилади. Негаки, бугунги ўқувчи-техника асрининг ўқувчиси. Унинг қалбига йўл топа олиш ўқитувчидан катта маҳорат талаб қилади.
Шу ўринда, мактаб давримиздаги физика ва математика фанидан дарс ўтадиган ўқитувчиларимизни эслашни жоиз деб билдим. Тан олиш зарур, бу икки фан болалар учун тушуниш бироз қийинроқ фан бўлишига қарамай, ўқитувчиларимизнинг билими, болаларга ва ўз фанига бўлган меҳри ўқувчиларини, яъни бизни ҳам шу фанларни мукаммал эгаллашимизга сабабчи бўлган. Демак, болани дарсга бўлган қизиқиши, албатта ўқитувчига боғлиқ. Ўқитувчиларимиз дарсда ўтиладиган машқлар ва лаборатория ишларини турли қизиқарли воқеалар билан эсда қоларли тарзда осон ва ўқувчига тушунарли қилиб тушунтириб беришарди.
Болаларда фикрлаш қобилиятини ўстириш ва бу тарбия билан мунтазам шуғулланиш бениҳоя зарур ва муқаддас бир вазифа. Таниқли ўзбек педагоги ва олими А.Авлоний бобомиз айтганларидай, у муаллимларнинг «диққатларига суялган, виждонларига юкланган муқаддас бир вазифадир… Негаки фикрнинг қуввати, зийнати, кенглиги, муаллимнинг тарбиясига боғлиқдир».
Д.Мамаджанова,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис
Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.