Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҚЎШТЕПАДА “ИСТЕЪМОЛЧИ КУТУБХОНАСИ” ОЧИЛДИ
2020-11-13 16:22:27 270
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан “Истеъмолчилар уйи” ҳамда “Истеъмолчи кутубхонаси” лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, жамиятда китобхонлик маданиятини юксалтириш, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Беш муҳим ташаббус”ни ҳаётда изчил татбиқ этиш мақсадида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Қўштепа туманида ҳам замонавий услубда қурилган, ўзига хос инновацион ечимга эга ва 4 мингдан ортиқ китобларга эга бўлган “Истеъмолчи кутубхонаси” нинг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Мазкур бинода ташкил этилган “Истеъмолчи кутубхонаси” фондидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва истеъмолчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар, сиёсий-иқтисодий қўлланмалар, маърифий, бадиий, илмий оммабоп китоблар, республикамизда нашр қилинадиган қизиқарли ва ижтимоий-сиёсий газета-журналлар ўрин олган.
Бундан ташқари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мустаҳкамлаш мақсадида Федерация ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида ишлаб чиқилган 16 турдаги юридик адабиётлар туркуми ҳам тақдим этилади. Илк бора 100 минг донадан иборат электрон китоблар базасини ҳам шакллантирилиб, ўқувчилар пандемия шароитида китобларни электрон форматда арзон нархда масофадан туриб харид қилиши мумкин.
Шу билан бирга, кутубхонада замонавий “Bооk cаfе” ва бепул Wifi тизими ҳамда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берувчи “eReader” электрон ўқув қурилмаси ҳам ўрнатилган.
Қолаверса, кутубхонанинг битта хонасида боғча ёшидаги болалар учун шароит яратилган бўлиб, "Жажжи истеъмолчи" деб номланадиган ушбу хонада ёш боласи билан келган ота-оналарнинг 5-6 ёшгача болалари у ерда ўйинчоқлар ва турли ўйинлар ўйнаб вақтларини мазмунли ўтказишлари мумкин. Бу эса кутубхонага фарзанди билан ташриф буюрган ота ёки онага китоб танлаш ёки китобни шу ерда бироз мутолаа қилишига шароит яратишни кўзда тутади.
Бир сўз билан айтганда, бу каби масканлар ёш авлоднинг маънавий тафаккурини бойитиш учун имкониятлар бешиги вазифасини ўтайди.
Қўштепа тумани “Истеъмолчи кутубхонаси”ни очилиш маросимида Қўштепа тумани ҳокими И.Новиков, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов, тўртта сектор раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Очилиш маросимида Қўштепа тумани ҳокими Илёс Новиков, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Иброхимжон Султонов, Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов ва бошқа масъул раҳбарлар сўз олиб, китоб ва китобхонликнинг инсонни ҳар томонлама камол топишидаги ўрни ва аҳамияти, Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан мазкур соҳанинг ривожига қаратилаётган катта эътибор, жойларда аҳоли, биринчи навбатда ёшлар ўртасида китоб мутолаасини кенг тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар борасида гапириб ўтдилар.