Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ БУ ОСОНГИНА КЕЧАДИГАН ВОҚЕЛИК ЭМАС
2020-11-11 11:11:03 210
Бугун она тилимизни оммавий равишда ва кенг миқёсда, ўзбек давлатчилигининг ҳар соҳасида тафаккур ифодаларимизнинг омили сифатида қўллашимиз у қадар кўнгилдагидек бўлмагани ва бунда ҳар биримизнинг тегишлича айбимиз борлигини ҳис этамиз. Негаки, 1989 йилда «Давлат тили ҳақида» қабул қилинган Қонунга қарийб
30 йилдан ортиқ вақт бўлди. Қонун ҳеч бир соҳада ўзининг тўла-тўкис ифодасини топмади.
Шу боис, янада кучли ҳуқуқий асос берувчи бир ҳужжатга, давлат тили амал қилишини тартибга солувчи ташкилот фаолиятини йўлга қўйишга эҳтиёж сезилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 21 октябрдаги ПФ-5850-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишига эришиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги 34-сонли қарори қабул килинди.
Юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган. Давлат тили тўғрисидаги қонунга кўра, барча давлат идоралари ва ташкилотларда давлат тилида иш юритиш мажбурий; барча давлат ҳужжатлари, аввало, давлат тилида эълон қилиниши шарт. Демак, давлат секторида ишлайдиган ҳар бир шахс давлат тилини билишга мажбур. Ҳозирги кунда, ҳукуматимиз томонидан давлат тилини билиш даражасини белгиловчи тизим яратилмоқда. Бунинг яққол мисоли сифатида, ҳудудларда фаолият кўрсатаётган давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказларининг фаолиятида кўришимиз мумкин.
Бугун давр ўзгаряпти. Халқ фикри энг асосий мезон сифатида қаралаётгани, барча муҳим ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий қарорлар юртдошларимиз билан бамаслаҳат қабул қилинаётгани фуқароларда ижтимоий фаоллик ҳиссини кучайтирмоқда. Турли долзарб масалалар қатори, давраларда давлат тили, миллий ғурур, орият, тарих ва қадриятлар ҳақидаги қизғин мусоҳабаларга гувоҳ бўляпмиз.
Аслида, дунё айвонида жуда кўп кишиларда қизиқиш уйғотиб, катта минбарларда янграб бораётган она тилимизнинг гўзаллигини ўзимиз намоён этмасак, бошқа ҳеч ким ёрдамга келмайди. Бошқа миллатлар биз уларнинг сўзларидан қанча кўп фойдалансак, шунча мамнун бўлади. Чунки ўз сўзини тинглаган кишининг қалбида миллий ғурури уйғонишига сабабчи бўламиз. Эҳтимол, бу одатларимиз ўта меҳмондўстлигимиз ва кўнгилчанлигимиздандир. Тўғри, бу одатлар жуда ҳам яхши. Бироқ тилимизда бор атамаларни топиб ишлатсак, аҳоли уни талаффуз қилишда ҳам, ёзишда ҳам қийналмайди.
Давлат тилимизга бўлган беэътиборлик, давлат тилининг амалга жорий қилиниши жараёнини сустлаштиради, муддатини узайтиради, охир оқибатда миллий давлатчилик хусусиятига путур етади, тилимиздаги сўзлар янада йўқотишларга юз тутади.
Олиб борилаётган ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ўзбек тилини ўзидан энг узоқ тутаётган қатлам ўқитувчилар, олимлар ёки бошқалар эмас, айнан давлат муассасалари бўлмоқда. Буни билиш учун жуда катта тадқиқот керак эмас, кўплаб идораларда оддий ҳужжатлардан тортиб, қонун-қоидаларгача ҳануз рус тилида тузилаётгани сўзимизга ёрқин далил бўла олади.
Албатта, Давлат тилини тўлақонли давлат тили даражасига кўтариш бу фақатгина соҳа мутасаддиларининг ижро қилиши лозим бўлган масала эмас, балки барча Ўзбекистон халқининг – фуқароларининг умум вазифаси эканлигини ҳар биримиз ёддан чиқармаслигимиз ва бу ишга камарбаста бўлишимиз лозим.
У.Холматов,
Қўштепа туман ҳокимининг маслаҳатчиси.