Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
МИЛЛАТЛАР АРО ТОТУВЛИК
2020-11-04 21:48:57 261
Инсоният тарихида инсонлар орасидаги тенг ҳуқуқликнинг бузулишига сабаб бўлган омиллардан бири бир дин вакилларининг бошқа бир дин вакилларига диний айримчилик асосида қарашидир. Ўз динига бўлган тарафкашлик туйғуси, ўзга диндаги кишиларга бошқача назар билан қарашга олиб борган. Бу омилдан эса сиёсатчилар доимо ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келганлар. Қайси бир урушни олиб кўрсак ҳам унинг келиб чиқишида асосий айб сиёсатчиларда бўлиб, ўша сиёсатчилар ким бўлишидан қатъий назар, ҳатто ўзи динсиз бўлса ҳам ўз мақсадига эришиш учун кишилардаги диний омилни яхшилаб ишга солиш пайидан бўлганлар. Сиртдан эса, бир дин билан иккинчи дин уришган, диний уруш деб номланган урушлар бўлиб кўринган.
Ҳозирги кунимизда эса, инсонлар динлари қандоқ бўлишидан қатъий назар тенг ҳуқуқли эканликлари шиори олдинга сурилмоқда. Мақсад ер юзида тинчликни таъминлаш. Бу албатта яхши холат.
Ислом дини мусулмонларга бошқа самовий динларга, уларнинг пайғамбарларига, муқаддас китобларига иймон келтиришни фарз қилиш билан бирга, ўша динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслик, улар билан яхши муомалада бўлиш, яхши қўшничилик қилиш, зиёфатга чақириш, оилавий алоқалар ўрнатишга ҳам ижозат берди.
Биз Исломга зарар етказиб қўймаслик нақадар муҳимлигини ҳис этмагунмизгача, бунинг катта бир масъулият эканлигини англаб етмагунимизгача анча қоқиламиз. Динимизга етказилган маънавий зарар кўлами ҳар қандай моддий зарардан ошиб тушади.
Ҳукмдор қилиши, давлат амалга ошириши керак бўлган нарсаларни ўзбошимчалик билан ижро этиш мутлақо жоиз эмас. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида чизилган карикатурани ўқувчиларга кўрсатган ўқитувчи шу ишни фаразан, Ислом мамлакатида содир қилганда ҳам унинг тегишли жазосини авом кишиси эмас балки, давлат раҳбари ўз зиммасига олиши керак бўларди динимизга кўра. Чунки, бу ҳад жазоси каби иш бўлиб, фақат ва фақат ҳукмдор амалга ошира олади. Ҳамма ўзича жиноятчиларни жазолаб юрса, фасод юзага келади. Бу шаръан жоиз эмас.
Чунки, динимиз Ислом ва мусулмонлар обрўси, ирзи бу нарсалардан устун туради. Ҳаққимиз йўқ, ўзбошимчалик билан, шариатга бўйсунмаган ҳолда ножўя хатти-ҳаракатлар ортидан Исломга зарар етказишга.
Уммат олимларга бўйсунмаса, уларга эргашмаса, ўзича интернет сайтларидан топилган маълумотлар бўйича иш кўрса, зарарга кириб бораверади. 14 аср муқаддам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг 23 йиллик пайғамбарлик ҳаётлари давомида турли вақтларда, турли шароитларда содир бўлган ишлардан мустақил равишда ҳукм ола биладиган, бир-бирига зоҳиран зид келиб қолган воқеа ва тутумларга тўғри баҳо бериб, улардан керакли хулосалар чиқара оладиган одамлар эмасмиз. Бунинг учун чуқур билим, тафаккур ва уламоларнинг сўзларини ўрганиб чиқишга муҳтожмиз. Акс ҳолда, бундай кўргуликларнинг кети узилмайди.
Маълумки Европа мамлакатидаги бўлаётган ишлар бир синов бўлиб, хар бир мусулмон кишининг мустаҳкам мезони бор. Мусулмон инсон ҳис-туйғулар ғалаён қилганда шариат буюрмаган ишни қилмайди. Бир ёмонликни ўзгартираман деб, ундан каттароқ ёмонликка йўл очмайди. Радикал услубларга мурожаат қилмайди. Ақлни ҳоким қилади.
Зеро, бу ишлар провокация бўлиши, сиёсатчиларнинг чиркин ўйинлари бўлиши ҳам мумкин. Мусулмонлар бундай тузоқларга тушиб, ифлос ўйинларнинг иштирокчиси бўлиб қолишдан сақланишлари лозим.
З.Турдиев,
Қўштепа тумани “Абдусамад Охунд” масжиди имоми.