Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
МИЛЛАТ ТИЛИНИНГ ФИДОЙИЛАРИ
2020-10-27 08:10:30 406
Тарих саҳифаларини варақлар экансиз, жонажон тилимизни сақлаб қолиш мақсадида, унинг йўқ бўлиб кетишини, ўлик тиллар қаторига қўшилиб қолишини ҳоҳламасдан, миллат тили сифатида сақлаб, келажак авлодга соф ҳолда топшириш мақсадида жуда кўп юрт фидойилари, миллатимиз жонкуярлари курашганлар. Ана шундай юрт фидойиларидан бири Алихонтўра Соғуний ҳам, юртимизда ҳукм сураётган ихтиёрий қуллик даврида, собиқ қизил империя ҳудудида биринчилардан бўлиб, тил сиёсатини амалга оширган. Ўзининг “Туркистон қайғуси” номли асарида, тилимиз юзасидан қуйидаги фикрларни келтириб ўтган: «…Миллий ҳокимиятимиздан ҳозирча ажраб турган бўлсак ҳам, миллий ҳиссиётимиздан ажрамай, уни сақлай олсак, келажакда душманларга ютилишдан ўзимизни қутқара оламиз. Энди бу мақсадга етиш учун қўйилган масалаларнинг энг биринчи шарти тил масаласидир. Агар биз тил адабиётимизни кенгайтириб, унинг қадр-қимматини ошириб, бошқа маданий тиллар даражасига етқизур эканмиз, мана бу чоғда миллатимиз, миллий ҳиссиётларимиз доимий равишда ўсиб сақланғусидир. Агар бундай бўлмай, балки, аксинча, ўз она тили қадрига етмасдан унга аҳамият бермас эканлар, у чоғда кўп узоқламаёқ алвидо айтиб, ўз тилларидан абадий ажраган бўладилар. Шундоқ бўлиб ўз она тилидан ажрамоқлик, миллий ҳиссиётларини йўқотиш натижасидир. Бу иш эса инсоният олами олдида улуғ хиёнат, кечирилмас жиноят ҳисобланади».
Собиқ шўролар даврида, миллатимиз адабиётшунос ёзувчилари, шоирлари ўзларининг ўзбек тилида ёзган асарларини, шеърларини ошкора оммага татбиқ эта олмаганлар. Чунки иттифоқ даврининг малакатимиз аҳолиси онгига мажбуран сингдирилган тил мафкураси бунга йўл қўймас эди. Муқаддас тилимизда ёзилган не-не ноёб қўлёзмалар, битиклар ўша мустабид тузумнинг аянчли воқеълигига айланган. Мазкур қўлёзмалар мамлакатимиздан олиб чиқиб кетилган, мавжудлари ёқиб юборилган. Ҳозирги кунда жонажон тилимизда оид қўлланмалар, ижод намуналари чет эл музейларида сақланмоқда, уларни юртга қайтариш имкони ҳозирча маълум эмас.
Юртимиз мустақилликка эришгач, аввало, 1989 йил 21 октябр санасини – “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кунни эслашимиз ўринлидир. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Ҳозирги кунимизда, мамлакатимизда тил сиёсатини амалга оширишимиз, тилимизни давлат сиёсати ҳамда давлат рамзи даражасида эъзозлашимиз учун, етарли асосларимиз бор. Жонажон тилимизни улуғлаш мақсадида, Президентимиз томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонларида ҳам мазкур жараён ўз аксини топмоқда.
Шу ўринда яна бир бор Алихонтўра Соғунийнинг тилимиз манфаатини ўйлаб айтган гапларини ҳавола қилмоқчиман: Қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламаёқ, инсоний ҳуқуқларидан ажраган ҳолда ҳаёт давтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўладилар.
Мухтасар айтганда, муқаддас тилимизни ривожлантириш “бир ташкилотнинг вазифаси” қабилида эмас, балки тилимизни асраб - авайлаш, келажак авлодга соф ҳолда етказиш Ўзбекистон ҳудудида яшаётган ҳар бир фуқаронинг инсоний ҳамда муқаддас бурчидир.
Тилимизни асрайлик, зеро ўзбек тили халқимизни дунё ҳамда борлиқ билан боғловчи воситадир.
У.Холматов,
Қўштепа туман ҳокимининг маслаҳатчиси.