Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 37 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ҚЎШТЕПАДА 27 ТА ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

×

 2020-10-20 07:29:40    249

PDF юклаш
Чоп этиш


Вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров Қўштепа туманини ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастурига кўра амалга оширилаётган ишлар билан танишишни “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 152 гектар майдонда интенсив усулда 66 гектарда ўрик, 8,4 гектарда гилос етиштиришга ихтисослаштирилган акционерлик жамиятидан бошлади. Боғда “Манбо”, “Колорадо”, “Линфа” каби Испаниядан келтирилган 6 турдаги ўрик кўчатлари экилган. 32 нафар иш ўрни яратилган. Ўрик боғида томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган. Етиштирилган маҳсулотларнинг 80 фоизи Туркия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Европа давлатларига экспорт қилиниши ҳамда қолган 20 фоизи ички бозорга сотилиши кўзда тутилган. 1 гектаридан йилига ўртача 352,0 млн.сўм даромад олиниши режалаштирилган. Жараён билан танишган вилоят хокими қатор ораларидан бир йилда камида 2 марта даромад олишда илмий ёндашув зарурлиги, бунда тарвуз экилиши мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлади.

Вилоят ҳокими сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва қатиқ, сметана, қаймоқ, сарёғ сингари маҳсулотлар тайёрлаш лойиҳаси билан танишди. Кўп тармоқли фермер хўжалигида 810 бош соғин сигирлар мавжуд бўлиб, яқинда Эстониядан яна 300 бош зотдор моллар келтирилди. Ҳар бир сигирдан кунига 30 литргача, жами 5 тонна сут соғиб олиняпти ва қайта ишланмоқда. Марғилон шаҳри ва Қўштепа тумани тиббиёт муассасаларига арзон нархларда етказиб берилмоқда. Эътиборлиси, хўжаликда гўшт етиштиришга ҳам эътибор қаратилган. Шу мақсадда Австралиядан АНГОС зотли моллар келтирилиб, парваришланмоқда. Лойиҳанинг афзаллиги Туркиядан яна битта 24 бош сигирни бир вақтда соғишга мўлжалланган технология олиб келиб ўрнатилади. Сутни қайта ишлаш кенгайтирилади. 

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров Қўштепа туманидаги “Тиббий антисептик воситалар” ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонада ҳам бўлди. Лойиҳанинг умумий қиймати 3,2 млрд.сўм. Тўлиқ ишга тушгач 36 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. Бир кунлик 5,0 тонна хом ашёни қайта ишлаш қувватига эга. Ҳозирда корхона томонидан 20 минг дона тиббий антисептик воситалар махсус идишларга қадоқланиб, ташкилот ва корхоналарга етказиб берилмоқда. Келгусида жамият томонидан маҳсулотларни диверсификациялаш эвазига спиртли эритмалар ва табиий гиёҳлардан дамламалар тайёрлаш режалаштирилган.

Солижонобод маҳалла фуқаролар йиғини чўл ҳудудида ташкил этилаётган қуёнчилик комплексида олиб борилаётган иш жараёни ҳам кўздан кечирилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 7 млрд.сўмни ташкил этади. Ҳозирда қурилиш ишларининг якуний босқичлари амалга оширилмоқда. Россия давлати билан 5 000 бош “Хиколь” зотли она қуёнлар сотиб олиш юзасидан қиймати 200 минг долларлик шартнома имзоланган бўлиб, жорий йилнинг октябрь ойида дастлабки 1000 бош қуёнлар қабул қилиб олинади. 60 нафар иш ўрни яратилади ҳамда экспортбоп, сифатли қуён гўшти ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида белгилаб берилган топшириқлар ижроси юзасидан ўтказилган йиғилиш баёнидаги вазифалар бўйича инвестиция дастурига кўра Қўштепа туманида пахта тозалаш ва пахтани қайта ишлашни ташкил этиш кластери ташкил этилган. Қиймати 71,4 миллиард сўм, шундан тадбиркорнинг ўз маблағи 43 миллиард сўм, 28,4 миллиард сўм банк кредетидан иборат. Ушбу маблағлар ўзлаштирилиши натижасида 300 нафар янги иш ўринлари яратилди. Кластер корхонаси 80 минг тонна пахтани қайта ишлаш қувватига эга. Кунига 330 тонна пахта қайта ишланиб, ундан чигит, тола, линт, пуф ажратиб олинади.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров бу ерда яратилган шароитлар ва ишлаб чиқариш цехлари фаолияти билан яқиндан танишди. Қўштепа туманидаги дала майдонларини 2021 йил пахта хосили учун тайёрлашга мўлжалланган мавжуд техникаларни кўздан кечирди. Ҳайдовни меъёрида амалга ошириш учун техникани тайёрлаш бўйича ўз тавсияларини берди.

Пахтани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот тарзида экспорт қилиниши даромадни бир неча баробарга оширади. Шу боис, вилоят ҳокими пахта етиштириш учун янги ерларни ўзлаштириш ва бунинг учун янги техникалар ҳарид қилиш бўйича тавсиялар берди.

Туманда пахта йиғим-терим ишларини муносиб ташкил этган, теримда фаоллик билан қатнашган, режани ортиғи билан бажарган бир қатор фермер хўжаликларига қимматбахо совғалар тантанали равишда топширилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров Қўштепа тумани дала майдонларидаги етиштирилган пахта ҳосилини тўлиқ, мисқолини ерда қолдирмай териб олиш бўйича ташкил этилган терим отрядлари фаолияти билан ҳам танишди.

2020 йил пахта ҳосилини йиғиб териб олишда ихтиёрий равишда фидоийлик кўрсатаётган фаоллар, теримчилар билан суҳбатда бўлди. Уларнинг меҳнатлари самараси эвазига режа ортиғи билан бажарилганлигини таъкидлаб, теримда иштирок этаётганларга совғалар улашди.

Маълумки, вилоят ҳокими томонидан шаҳар ва туманларда секторлар кесимида ишчи гуруҳлари ташкил этиш, маҳаллалардаги хонадонни ўрганиб, ҳақиқий ҳолат билан танишиш ва ишсизликни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш топшириғи берилган эди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров туманда Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ташкил этилган штаб фаолияти билан танишди. Секторлар кесимида амалга оширилган ишлар билан қизиқди.

Асосий мақсад ёшлар бандлигини таъминлаш, туманни ижтимойи-иқтисодий ривожлантиришдаги ишларда уларнинг фаоллигини оширишдан иборат, - деди вилоят ҳокими. Шундай экан бу масалага эътиборсизлик билан қараб бўлмайди, аниқ мақсадни тушунган ҳолда ишни ташкил этиш зарур. Вилоят раҳбари ишсиз ёшларни кредит олишларида кўмаклашиш ва тадбиркорликка йўналтириш, қурилиш ишларига жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича тавсиялар берди. Ҳамда шу ернинг ўзида ташкил этилган ёшлар кутбхонаси фаолияти билан танишди. Ёшларни китобхонликка жалб этиш масаласи оқсаётганлигини танқид остига олди.

- Китоб илм ўчоғи. Ёшларни илмли, юксак маънавиятли, Ватанга содиқ, фидоий бўлишларида катта хазина экан, бунга эътиборсизлик билан қараб бўлмайди, - деди вилоят раҳбари. Кутубхона ишининг хўжа кўрсинга ташкил этилганлиги, ишни тубдан яхшилаш чораларини кўриш зарурлигига эътибор қаратди.

Қўштепа туманида 27 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши белгиланган бўлиб, лойиҳаларнинг умумий қиймати 421,2 млрд.сўмни ташкил этади. Бунда лойиҳа ташаббускорларининг ўз маблағи ҳисобидан 145,6 млрд.сўм, банк кредити ҳисобидан 8,7 млрд.сўм, хорижий кредит линиялари бўйича 480 минг АҚШ доллари ҳамда тўғридан-тўғри 26 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилади. 1 301 та янги иш ўринлари яратилади. Вилоят ҳокими бу борада ташкил этилган кичик саноат зонаси фаолияти билан танишди. Текстил йўналишида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижадорлиги билан қизиқди ва ўз тавсияларни берди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги