Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Фото: Санъаткорлар – Қўштепада ҳашарда
2020-09-17 17:29:50 217
Фото: Санъаткорлар – Қўштепада ҳашарда (Изоҳ: ҳашар давомида видеорепортаж ҳам тайёрланганлиги туфайли санъаткорлар тиббий ниқобдан вақтинча фойдаланмадилар)
Бутун дунё тождор вируснинг исканжасида турган оғир кунларда ҳам туманимиз деҳқонлари ва фермерлари ўзларининг бунёдкорлигини, яратувчанлигини йўқотмасдан далада меҳнат қилдилар. Бу йилги оғир шароитда ҳам пилламиз, ғалламиз, пахтамиз мўл-кўл бўлди.
Айни кунларда туманимизда пахта йиғим-терим мавсуми ниҳоятда ҳамжиҳатликда олиб борилмоқда. Деҳқонларимизнинг йил давомида қилган машаққатли ва шарафли меҳнатлари ҳисобига далаларимизда мўл ҳосил яратилди. Пахтазорга боқар эканмиз, ғўза майдонларининг яшил тусдан оқликка бурканиб, гўёки товланиб, ўз жозибаси билан барчамизни далага чорлаётганига гувоҳ бўламиз.
Пахта мавсумида ўзгача анъанамиз бор. Умуман деҳқончиликка алоқаси бўлмаган кишилар ҳам ушбу мавсумда таниш-билиш пахтакор-деҳқонларга, фермерларга бирров "Ҳорма, бор бўл!” қилишга интилишади. Бу мавсумда белига этак бойлаб далага чиққан ҳар бир кишининг дилини бир эзгу ният банд этади: тезроқ пахта ҳосилини нест-нобуд қилмай йиғим-териб олиш, юртимиздаги улкан пахта хирмонини бунёд этишга ҳисса қўшиш.
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Фарғона вилоят бўлими ҳамда туман маданият бўлими билан ҳамкорликда, бугун айнан "Ҳорма, бор бўл!” анъанаси давом эттирилди.
Гўзал Фарғонамизнинг санъаткорлари эрта тонгда Оқтепа МФЙ ҳудудидаги “Шерзодбек” фермер ҳўжалигининг пахта даласига етиб келдилар. Улар эл суйган санъаткор Отабек Муҳаммадзоҳид бошчилигида пахта теримига астойдил киришдилар.
Санъаткорлар Отабек Муҳаммадзоҳид, Хумора Шокирова, Гулираъно Умархўжаева, Мохизар Номонжонова, Дилафруз Абдураззоқова, Азизбек Шерматов, Ойбек Холбоев ҳамда сўз устаси “Дизайн” жамоаси аъзоси Элмурод Хақназаровлар белларига этак боғлаб, карантин қоидасига амал қилган холда ўзаро беллашдилар.
Санъаткор ва ижодкорлар давраси ўзгача файзли бўлади-да. Бир томонда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Фарғона вилоят бўлимининг ижодий жамоаси съёмкани бошлаб, санъаткорларни бирма-бир саволларга тутиб юбордилар. Бир томонда Отабек Муҳаммадзоҳид шўх-шўх қўшиқларни ҳиргойи қила бошлади. Қўшиқдан илҳомланган санъаткор аёллар дала ўртасида рақсга ҳам тушдилар. Туман маданият бўлими хофизи Сайдвали Азимовнинг жонли овозда куйлаган қўшиқлари ҳам дилларни хушнуд айлади.
Санъаткорларимиз хуш кайфиятла пахта териб, фермер хўжалигининг пахта далаларидаги оқ олтинни териб олишда ёрдам бердилар.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати