Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 63 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

СЎЗ ДЕПУТАТЛАРГА

×

 2020-09-03 13:42:49    246

PDF юклаш
Чоп этиш


Хабарингиз бор, “Сўз депутатларга” рукни остида туман Кенгашига сайланган депутатларимизнинг фаолиятлари билан таништириб боришга ҳаракат қилмоқдамиз.

Бугун 1-Қувурбоши  сайлов округидан туман Кенгашига сайланган депутат, "Адолат" социал-демократик партияси туман Кенгаши    депутатлар гуруҳи, "Ижтимоий-маданий соҳаларни ривожлантириш,  оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари" бўйича доимий комиссияси  аъзоси, Марғилон шаҳридаги "Шаҳзодабону омад файз" хусусий корхонаси раҳбари Аъзамжон АҲМАДЖОНОВнинг фикр-мулоҳазалари билан танишамиз.

ОДАМЛАР ДЕПУТАТГА ИШОНАДИ

Гапнинг очиғини айтганимда, депутатликка интилган эмасман. Маҳалла  аҳли вакилларининг талабини ерда қолдирмай, номзодим туман Кенгаши  депутатлигига қўйилишига розилик берганман. Сайловчиларнинг 85 фоиздан  ортиғи менинг номзодимни қўллаб-қувватлабди. Бу, бир томондан сиёсий жараёнларга кўпам аралашмайдиган мендек бир тадбиркорни ҳайратга солди.  Нима учун маҳалладошларим менга бу қадар ишонишди, дея  савол бердим ўзимга-ўзим. Жавобни ҳам ўзимдан қидирдим.

Яширишнинг ҳожати йўқ. Ота-онам ҳам савдогар бўлишган, ҳозирда  нафақадалар. Бир пайтлар оиламиз иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолди. Тўрт ўғил, икки қизли оилани бу вазиятдан чиқариб олиш осон  кечмаган. Шукрки, Аллоҳнинг инояти, ҳаракат, меҳнат-машаққат билан  мушкулотлар ортда қолди. Ана шу қийинчилик пайтларида "агар оёққа туриб олсак, заррача имкон топсам, қийналиб қолган одамларнинг қўлидан тутай, ёрдамимни аямай" деган ниятни дилимга тугдим. Ниятни холис қилган эканман, мана, унга етиб турибман. Хайру эҳсон қилишни яхши кўраман. Саховатпеша одамларни атрофимга жамлаб, бирор хонадон ёки маҳалладаги муаммони бартараф этишда ташкилотчилик қилиш табиатимга сингиб кетган. Бир ночорга қилган ёрдамим менга баланд руҳ ва куч-қувват бағишлайди. Ана шунинг учун ҳам сайловчилар менга ишонишган бўлсалар керак-да.

Партиямиз мақсадларидан келиб чиқиб тайёрлаган дастуримда асосан адолатлилик, имкониятлар тенглиги, ижтимоий ҳимояга алоҳида аҳамият қаратганман. Адолат ҳаётимизнинг бош тамойилига айланиши, у ҳар бир инсон учун хизмат қилиши учун курашиш мақсадлари дастурда мужассам  этилган.

Депутат сифатида одамларни қийнаётган айрим муаммолар юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарларига ёзма ёки оғзаки сўров чиқариб, масалага  бепарволик билан, масъулиятсизларча муносабатда бўлаётган раҳбарларни  учратганимда, ҳайратим ортади. Ахир биз одамларнинг турмушини эртага  эмас, бугун яхшилашга бел бойлаган эмасмиз-ми?

Хусусан, Тегирмонбошидаги трансформатор одамлар учун хавфли ҳолатга келиб қолгани ҳақидаги оғзаки мурожаатимга электр таъминоти корхонасидаги мутасаддилар пинак ҳам бузишмади.

Бир неча мурожаатлардан сўнггина у тартибга келтирилди.  Маҳалламиздаги оилавий поликлиниканинг санитария ҳолати бугуннинг талабига мутлақо жавоб бермайди. 4-мактабгача таълим ташкилоти том  қисми яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Тўғри, ҳозир карантин шароитида ташкилот фаолият кўрсатмаяпти. Аммо эртами индин у яна одатий фаолиятга қайтади-ку! Бу муаммолар бўйича сўровларимга ҳам тегишли раҳбарлардан ҳамон бирор ижобий жавоб ололганим йўқ.

Лекин муаммолар ҳал бўлмагунча ўзим ҳам тинчимайман, мутасаддиларни ҳам тинчитмайман.

Ичимлик суви масаласи анча йиллардан буён муаммо бўлиб турибди. Кундузи икки соатгагина сув берилади. Уйда бўлганлар уни ғамлаб олади,  аммо бу пайтда ишда бўлганлар тоза сувни қаерлардандир ташиб  келишларига тўғри келади. Маҳалла фаоллари билан келишиб, сув минораси  ўрнатишни режалаштириб турибмиз.

Халқ депутатлари туман Кенгашида ҳар бир депутатнинг ўрни, ваколати, одоби, сайловчилари олдидаги масъулияти, уларга ҳисоб бериб бориши сингари жиҳатларни бизга берилган қўлланма  асосида ўрганяпман. Бу борада катта тажрибага эга бўлган депутатлардан билмаганимни сўраб ўрганишга ҳаракат қиляпман.

Ўтган давр мобайнида менга мурожаат қилган эҳтиёжманд оилалардан иккитасига саховатпешалар ёрдамида скважин-қудуқ суви чиқаришга кўмаклашдик. Бир оилага газ олиб кирдик ва плита келтириб бериб, қувончига шерик бўлдик. Ногирони бор яна бир оилага дарвоза қуриб  берилди. Умуман, пандемия даврида округимиз ҳудуди ҳамда Марғилон шаҳридаги 300 дан ортиқ даромадидан ажраб қолган, ночор оилаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни зиммамизга олиб, бунинг уддасидан чиқяпмиз.

Инсон учун саломатликдан кўра каттароқ бойлик бўлмаса керак.  Автоҳалокат туфайли бош миясидан қаттиқ жароҳат олган қизнинг ҳаётини  сақлаб қолишга Яратганнинг инояти билан ҳисса қўшдик. Мия учун Тошкентдан протез тайёрлатиб келиб, Фарғонада қилинган жарроҳлик амалиёти учун уч минг АҚШ доллари сарфини эҳсонли инсонлар билан биргаликда кўтардик. Қўли енгил шифокорлар ҳам кам бўлмасинлар. Ҳозир қизнинг саломатлиги тикланганидан хурсандмиз.

Қийқи маҳалласидан бир аёл "депутат экансиз, ўн икки ёшли ўғилчам қаттиқ беморликдан ҳолдан кетиб, йўлида юролмай  қолди. Докторлар уни  Тошкентга олиб боришни тавсия қилишди. Илтимос, ёрдам беринг" деб қолди. Мен аёлга бу менинг округим эмас, дея олармидим. Йигитчани ўзим машинамда ўша айтилган шифохонага онаси билан етказиб бордим.  Муолажалар учун сарф-харажатни савобталаб одамлар билан бирга зиммамизга олдик. Аниқ ташхис билан қилинган муолажалар эм бўлиб, бола ўн кун ичида оёққа турди. Уни Тошкентдан соғ-омон олиб келганимизда бувисининг қувонч кўз ёшларини кўрсангиз, ҳақимизга қилган дуоларини эшитсангиз эди!

Ўтган саккиз ойдан кўпроқ вақтда шунга амин бўлдимки, одамлар депутатга ишонади. Унга қилган мурожаати ерда қолмайди, деб ҳисоблайди. Аммо яна бир англаганим, ҳали орамизда одамлар дардига бефарқлар, ўз иши  масъулиятини англаб етмаётганлар бор. Бундайларнинг раҳбарлар орасида  учрашига асло тоқат қилиб бўлмайди. Шундай экан, биз, депутатлар, одамлар турмуш даражасини кўтаришдек олижаноб мақсад йўлида, айниқса, мутасаддилардаги бу иллатга қарши турмоғимиз ҳам қарз, ҳам фарз, деб ҳисоблайман.

Фаолиятим давомида яна бир қанча масалаларни кўтаришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Хусусан, бир масалани яқин кунларда доимий комиссия муҳокамасига киритмоқчиман. Президентимиз томонидан илгари сурилган "Беш ташаббус" доирасида мактаблардаги спорт залларидан тўғри ва самарали фойдалана олинмаяпти. Масалан, 50-мактаб мисолида буни яққол кўриш мумкин. Ҳудуддаги болаларнинг ҳаммасида ҳам йўл кира, вақт сарфлаб спорт мактабларига бориш имконияти бўлмайди. Агар ҳафтанинг маълум кунларида спорт мактабларидан олис жойлардаги муассасалар залларида тегишли мураббийлар томонидан тўгарак машғулотлари олиб борилса, ҳамма болаларни жалб қилиб олиш мумкин бўларди. Ана шунда жисмоний чиниқиш, вақтини мазмунли ўтказиш учун ҳамма ўғил-қизлар, ёшларга бирдек имконият яратиларди.

Аъзамжон АҲМАДЖОНОВ,

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати