Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
АҲОЛИНИНГ ЭҲТИЁЖМАНД ҚАТЛАМИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ДАВОМ ЭТМОҚДА
2020-08-27 17:38:27 202
Бугун Олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгашининг ўн еттинчи сессияси бўлиб ўтди.
Карантин қоидаларига қатъий амал қилган холда ўтказилган сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси И.Султанов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Р.Бегматов ҳамда туман Кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, сиёсий партиялар раҳбарлари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида жорий йилнинг 20 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида туман-шаҳар ҳокимларининг аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш (“темир дафтар”) тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга ошираётган ишлари натижадорлигини халқ депутатлари Кенгашларида ҳар ойда муҳокама этиб боришлари белгиланган эди. Сессия кун тартибида дастлаб Қўштепа туманида ушбу вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масала атрофлича кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан туман ҳокимининг ўринбосари – туман инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Х.Ахмедовнинг ахбороти тингланди.
Сессия давомида тумандаги сектор раҳбарлари ҳам кун тартибидаги масала юзасидан ҳисобот бердилар.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси И.Султанов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Р.Бегматовлар юқоридаги масала юзасидан ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Шунингдек, сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилнинг 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ҳамда вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилиш қарорида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Хусусан, йиғилиш қарорининг 4-бандида вилоятда урбанизация жараёнларини жадаллаштириш мақсадида Марғилон шаҳрига Қўштепа, Тошлоқ ва Фарғона туманларидан ер қўшиб бериш орқали Марғилон шаҳри ҳудудини келгусида кенгайтириш чораларини кўриш вазифаси белгиланган эди.
Ушбу масала юзасидан туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Р.Ахмадалиев атрофлича маъруза қилди.
Шунингдек, сессияда бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Сессия давомида депутатларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланди. Кун тартибидаги муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилингач сессия ўз ишини якунлади.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати