Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 27 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Пандемия даврида яшашни ва меҳнат қилишни ўрганишимиз лозим

×

 2020-08-24 11:25:31    218

PDF юклаш
Чоп этиш


МИЛЛИЙ ҲУНАРМАНДЛИК ЭЪЗОЗИ

Юртимизда ҳунармандчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Урф-одат ва анъаналаримизни ўзида жамлаган ҳолда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган кўп асрлик тарихга эга ҳунармандчилик иқтисодиётимиз тараққиётида ҳам самарали таъсирга эга. Қўштепа туманида ҳам ўз ҳунари ортидан оиласи бюджетига даромад қўшиб келаётган қўли гул ҳунармандлар кўпчиликни ташкил қилади.

Хўш, бугунги мураккаб шароитда, ҳунармандларимизнинг фаолияти қандай кетмоқда? Пандемия даврида маҳалла ҳаёти ва аҳолининг яшаш тарзи билан яқиндан танишиш мақсадида, 1-сектор ҳудудидаги Янги дўкон маҳалла фуқаролар йиғинида бўлдик.

Янги дўкон маҳалласига келсангиз ажойиб манзарага гувоҳ бўласиз. Марғилон-Олтиариқ йўлида жойлашган маҳалла гўёки ҳунармандлар шаҳарчасига ўхшайди. Кўчанинг икки четига дид билан терилган бир-биридан чиройли сўри, хонтахта, стол-стул ва дала ҳовли мебеллари кўзни қувонтиради. Янгича услубда, янгича дизайнда ясалган ҳар бир буюмнинг ўзи бир санъат асарига ўхшайди. Бу маҳсулотлар ўзининг сифати, бадиий жиҳатдан юксаклиги, табиийлиги ва миллий ўзлигимиз, тарихий анъаналаримизни ўзида уйғунлаштиргани билан ҳам аҳамиятлидир. Шундан бўлса керак, бу буюмларнинг бозори жуда чаққон.

Қизиқ, бугунги кунда ҳам бу буюмларга аввалгидек талаб борми? Умид билан меҳнат қилаётган ҳунармандларнинг қора қозони қайнаб турибдими? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида энг авволо Янги дўкон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рохатой опа Юлдашева билан суҳбатлашдик.

– Юртимизга коронавирус пандемиясининг кириб келиши барчамиз учун кутилмаган ҳолат бўлди – дейди, Рохатой опа Юлдашева. – Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда бу таҳдидга қарши самарали кураш олиб борилмоқда. Бу борада долзарб аҳамиятга эга бўлган бир нечта муҳим қарорлар қабул қилинди. Кўриб турганингиздек, барчамиз пандемия шароитида янгича ҳаёт тарзига мослашиб, ишлашга ва яшашга ўргандик. Бунунги кунда маҳалламиз одамлари аҳиллик билан ўз ишларини давом эттирмоқдалар. Қолаверса, "Саҳоват ва кўмак" умумҳалқ ҳаракати доирасида маҳалламиздаги “Темир дафтар”га киритилган  ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳам озиқ-овқат ва бир маротабалик ёрдам пуллари берилмоқда.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Янги дўкон маҳалласида яшовчилар асосан ҳунармандчилик билан шуғулланишади. Тарихга юзланадиган бўлсак, маҳалладаги ҳунармандчиликни 1900 йиллар бошида ривожланганлигига гувоҳ бўламиз. Ўша йилларда ҳунарманд усталар Ғуломжон Ғофуров ва Охунжон Қодировлар қўл меҳнатлари билан арава ясаб келишган. Уларнинг касблари эса фарзандларига мерос бўлиб қолган. Кейинчилик бу сулола вакиллари сўри, эшик-ром, хонтахта, сандал, стол-стул каби жуда кўплаб ҳунармандчилик буюмларини ясай бошлаганлар. Шу зайл улар ўз анъаналарини қўллаб-қувватлаш орқали замонавийлаштириб боришган. Қолаверса, улар асрий анъаналарни бугунгача давом эттириб келмоқдалар. Шундан бўлса керак, бугунги кунда маҳаллада истиқомат қилувчиларнинг 60 фоиздан зиёди  ҳунармандчилик билан шуғулланиб келишади.

Коронавирус пандемияси туфайли барчамизнинг яшаш тарзимиз ўзгарди. Лекин ҳаёт бир маромда давом этмоқда. Шунинг учун маҳалла аҳли ҳам юртимизда жорий этилган карантин талабларига амал қилган ҳолда, ўз меҳнат фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Ҳозирги кунда Янги дўкон маҳалла фуқаролар йиғинида 3040 та аҳоли, 639  та хонадон, 841 та оилалар мавжуд. Янги дўконликлар асосан тадбиркорлик, ҳунармандчилик билан шуғулланишиб, томорқага ҳам меҳр билан қарашади. Улар узум етиштириш борасида ҳам жуда миришкор бўлиб кетишган. Маҳалланинг узумчи бободеҳқонлари ер билан тиллашиш ва диллашиш ҳадисини олган. Элимизнинг ризқ-насибасини яратувчи миришкорларда узумнинг «Ҳусайни», «Ризамат ота», «Келин бармоқ» сингари ўнлаб навларини парваришлаш бўйича жуда катта ҳаётий тажриба бор.

– Маҳалламиз одамлари жуда меҳнаткаш. Деярли ҳар бир хонадонда узум етиштирилади – дейди маҳалла раиси Р. Юлдашева. – Янги дўконда ҳам узумчиликнинг ўзига хос йўналиши йўлга қўйилган. Ҳозир узумлар пишди, бу дегани деҳқоннинг қўли пул кўрди дегани. Айни кунларда бир килограм узумнинг улгуржи нархи 5-10 минг сўмга тўғри келмоқда.

Маҳалла фуқаролар йиғинидагилар билан ҳамкорликда маҳалла айланиб, одамларнинг яшаш тарзи билан танишдик. Энг аввало тадбиркор Илҳомжон Юлдашевнинг хонадонига ташриф буюрдик. Хонадон эгалари ҳунармандчиликка мерос сифатида қараб, оилавий шуғулланишади. Ҳар бир ясалаётган буюм бир оиланинг меҳнати эвазига тайёр ҳолатга келади. Ҳамжиҳатликда ясалган стол-стуллар 1.500.000 сўм, сўрилар 1.200.000-2.500.000 сўмгача сотилмоқда.

– Юртимизда жорий этилган карантин талабларига амал қилиб иш фаолиятимизни давом эттирмоқдамиз – дейди, ҳунарманд Илҳомжон Юлдашев. – “Карвон кўп ризқи бўлак” деганларидек, маҳалладаги барча ҳунармандларнинг буюмлари ўз мижозларига сотилмоқда. Карантин жорий этилган дастлабки кунларда барчамизда бироз ҳадиксираш бўлди. Бундай вазиятда харидорлар ясаган бумларимизни сотиб олишармикин, деб иккиландик. Лекин карантин талабларига, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиб, ишимизни давом эттиравердик. Мана, ясалган буюмларимизнинг бозори чаққон бўлмоқда. Шунинг учун оиламизда ҳам қийинчилик ва камчилик бўлмаяпти.

Дарвоқе, маҳалладаги Илҳомжон Юлдашев сингари ҳунармандлар мураккаб шариотда ҳам меҳнат қилишдан, изланишдан тўхтамадилар. Улар бугунги кунда ҳам ўз фаолиятларини бир маромда давом эттирмоқдалар.

Маҳалладаги хотин-қизларнинг меҳнат фаолиятлари билан танишиш мақсадида бир неча хонадонларга ташриф буюрдик. Ўзбек аёллари қадимдан ўзининг меҳнатсеварлиги, сабрлилиги билан  ҳам жамиятда, ҳам оилада ўз ўрнига эга. Сардоба кўчасида яшовчи Арофатхон Холматова ҳам ана шундай меҳнатсевар, қўли гул аёллардан биридир. У бир неча йилдан буён ҳунармандчиликнинг водийга хос йўналиши бўйича фаолият юритиб келмоқда. Барчамизга маълумки, водийда миллий уфр одаларимизга кўра куёвларимиз учун тўн тикилади. Арофатхон Холматова тўн тикишнинг ҳавосини олган, туманда эл оғзига тушган машҳур чеварлардан ҳисобланади. 

Арофатхон Холматова тўндўзликни маҳалла чеврасида давом эттириш мақсадида ўз ҳунарини 5 нафар аёлга мукаммал равишда ўргантиб, уларни иш билан бандлигини таъминламоқда. Серғайрат аёл барча ишлардан ортиниб, ховлисидаги узум ва манзарали гулларни парваришлашга ҳам вақт топади.


Сой бўйи кўчасида яшовчи Зиёдахон Қодирова эса бир неча йиллардан буён тикувчилик билан шуғулланиб келган. Оиладаги моддий етишмовчилик туфайли қўшимча тикув машинаси сотиб ололмаётган эди. Юртимизда хотин-қизларга яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, ўтган йили имтиёзли кредит асосида 3 та тикув машинаси харид қилди. Жуда қисқа муддат ичида ўз ишини йўлга қўйиб, ҳозирда 6 нафар қизларга тикувчилик сирларини ўргатиб келмоқда. Худди шунингдек, Сардоба кўчасида яшовчи Махфузахон Абдуқаюмова ҳам имтиёзли кредит асосида 3 та тикув машинаси олиб, шогирдлари билан бирга ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Янги дўкон кўчасида яшовчи Дилрабохон Мамажонова эса маҳалладаги энг тажрибали тикувчилардан. У тикувчилик цехи очиб, маҳалладаги бир неча ишсиз аёлларни иш билан таъминлади. Ҳозирги кунда ҳам бир маромда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда иш фаолиятини давом эттирмоқда. У ёшларга тикувчилик сир-асрорларини ўргатиш билан бирга, турли корхона ва ташкилотларга буюртма асосида сифатли кийим-бош тикиб беришни йўлга қўйган.

Юртимизда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш устувор вазифалардан бирига айланган. Шу мақсадда Янги дўкон маҳалласидаги уста ҳунармандлар ён-атрофига қизиқувчан ёшларни йиғишиб, уста-шогирд мактабини яратганлар. Қолаверса, улар томонидан кам таъминланган оила фарзандларига ҳам беғараз ҳунар ўргатиш тизими йўлга қўйилгани алоҳида таҳсинга сазовордир.

Маҳаллага ташрифимиз сўнгида шуни айтишимиз керакки, янги дўконликлар пандемия шароитида янгича ҳаёт тарзига мослашган ҳолда меҳнат қилмоқдалар ва яшамоқдалар.

Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати