Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
СУД-ТЕРГОВ ФАОЛИЯТИДА ШАХСНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КАФОЛАТЛАРИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИЛАДИ
2020-08-19 11:57:01 292
Сўнгги йилларда мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойили қўлланилишини янада кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Жумладан, жорий йилнинг 10 август куни Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6041-сонли Фармон қабул қилиниб, мамлакатимизда жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда яхшилаш, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини рўёбга чиқариш, жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида қуйидагилар суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш, жиноят процессида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибада кенг қўлланиладиган исботлаш стандартларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, содир этилган ҳар бир жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини ҳамда шахс, жамият ва давлатга етказилган зарар тўлиқ қопланишини таъминлаш;
шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий қилиш, шунингдек, бундай қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш;
жиноят ишларини тергов қилиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини ошириш;
жиноятчиликнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уларда қонунга итоатгўйлик руҳини шакллантириш механизмини жорий қилиш.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказининг жиноятларни фош этиш фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилди:
тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш (белгиланган тартибда ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно);
жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддатини у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш;
шахс амалда ушланган ёки уни жиноят устида ушлаш билан боғлиқ тезкор тадбир амалда якунланган ёхуд гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги ҳақидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни ўтказишдан олдин унинг адвокат билан холи учрашиши таъминланиши шартлигини белгилаш;
айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш. Бунда, айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган ҳолларда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилиши ҳамда унга нисбатан суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ва (ёки) муддатигача жазо тайинлаш;
жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) тартибини жорий қилиш;
ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказининг жиноят ишларини судда кўришни янада такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилди:
агар суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга бериш;
агар суд тергови вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ушбу шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асосларни аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга бериш;
шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъи назар, ярашув институти доирасига тушадиган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаси ёки қисмига ўзгартирилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартибини жорий қилиш;
судланувчининг жиноят содир этилишига дахли бўлмаганлиги асоси билан оқлов ҳукми чиқарилган ҳолларда жиноятни ҳақиқатда содир этган шахсни аниқлаш ва айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиш учун жиноят ишини прокурорга юбориш тартибини ўрнатиш.
Шунингдек, мазкур Фармон билан қуйидагилар тақиқланди:
терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш;
шахсни жиноят ишида гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда (экспертиза ёки тафтиш ўтказиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно), уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, шунингдек, унга гумон қилинувчи ёки айбланувчининг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш;
ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш;
суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган жиноят иши доирасида судланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва бошқа суд процесси иштирокчиларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ёки сўроқ қилиш (улар билан боғлиқ бўлган алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши ёки суднинг ёзма топшириғи мавжуд ҳоллар бундан мустасно).
Бундан ташқари ушбу Фармон билан нундай тартиб ўрнатилдики, унга мувофиқ:
терговга қадар текширув ёки терговда ушланган шахсни ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган маҳкумни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини гувоҳлантириш уларнинг ёки адвокатининг илтимосномасига асосан 24 соат ичида вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари ёки жазони ижро этиш муассасалари тасарруфида бўлмаган тиббий муассасалар ходимлари томонидан амалга оширилиши шарт, бунда харажатлар илтимоснома киритувчи тараф ҳисобидан қопланади;
оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилмаслигига оид қоида вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ва эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмайди;
вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари ҳамда пенсия ёшига етган шахсларга нисбатан уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.
А.Эргашев,
жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси.