Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 67 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар давом этмоқда

×

 2020-08-11 13:17:05    280

PDF юклаш
Чоп этиш


Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Хусусан, ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқланди, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, ўз оилалари бағрида қолдирилди, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.

Шу билан бирга, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Шу муносабат билан 2020 йилнинг 24 июл куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратураси ва Адвокатлар палатасининг 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни жорий этишни назарда тутувчи таклифлари маъқулланиб, келгусида суд тизимида:

- суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;

- жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш назарда тутилган.

Шунингдек, қуйидаги тартибларни жорий этиш:

туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;

давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;

прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;

қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиши маъқулланган.

Шу билан бирга инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши;

қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкинлиги белгиланган.

С. МАХКАМОВ,

Қўштепа тумани адлия бўлими ходими