Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Қўштепа тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг баёноти
2020-08-10 15:34:45 257
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг UzA расмий каналида “Қўштепа тумани ҳокимлиги қурилиш ташкилотларига тўсқинлик қилмоқда. Нега?” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.
Ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Фарғона вилоятида бугунги кунда кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Қўштепа туманида жорий йилда инвестиция дастури асосида 3 та мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу бўйича тендер ўтказилиб, ғолиб бўлган қурилиш ташкилотлари иш фаолиятларини олиб бормоқдалар.
Жумладан “Фарғона гарант лойиҳа сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Деҳқонобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 5-сонли мактабгача таълим ташкилотида 2 миллиард 703 миллион сўм маблағ эвазига 120 ўринли бино бунёд этилмоқда. Шунингдек, “Стар” масъулияти чекланган жамият томонидан тумандаги 42-мактабгача таълим ташкилоти филиалида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Қўштепа туманидаги мутасадди ташкилотлар томонидан қурилиш объектларининг ҳолати ўрганилганида, қурувчиларни белгиланган карантин қоидаларига амал қилмаётганлиги аниқланган.
Бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам пандемия даврида фаолият юритаётган соҳалар мавжуд. Бу соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг коронавирус инфекциясини юқтириб олишдан сақлаш мақсадида, бажарилиши шарт бўлган вақтинчалик санитария қоидалари ва меъёрлари ишлаб чиқилиб, унда ташкилотлар томонидан пандемия даврида ишни ташкил этиш учун нималарга эътибор бериш кераклиги кўрсатиб ўтилган.
Вақтинчалик санитария қоидалари ва меъёрларида бир неча тадбирлар мажмуаси кўрсатилган бўлиб, улардан бири ташкилий тадбирлар ҳисобланади. Унга кўра пандемия даврида фаолият кўрсатаётган ташкилотларга ташқаридан инфекцияни олиб кирмасликка қаратилган талаблар белгиланиб, юқоридаги ташкилот қурувчилари белгиланган карантин қоидаларига амал қилишлари кераклиги ҳақида огоҳлантиришлар берилган.
Мазкур ташкилотлар тармоққа ноқонуний уланганлиги (очиқ симларда) учун қурилиш майдонида хавф туғдирганлиги ҳисобга олиниб, туман электр тармоқлари корхонаси ва МИБ томонидан тармоқдан вақтинча узиб қўйилган.
Хозирда мазкур қурилиш объектларида ишчи-ходимларнинг ишга келиб-кетишларида ва объектлардаги иш жараёнларида тўлиқ карантин талабларига амал қилинмоқда.
Юқоридаги ташкилотлар томонидан электр энергиясини улаш учун барча тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди ва тармоққа қайта уланиб, фаолиятлари давом эттирилмоқда.
Ҳокимлик томонидан туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига ўз ҳиссаларини қўшиш мақсадида, юқоридаги ташкилотларга солиқларни туман ғазнасига тўлаш тўғрисида таклиф берилган бўлиб, ушбу таклиф туман ҳокимлиги ва юқоридаги қурилиш ташкилотлари маъмурияти билан кўриб чиқилмоқда.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.