Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 61 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Эҳтиёткорлик – бепарволик эмас

×

 2020-08-10 11:30:07    242

PDF юклаш
Чоп этиш


Аллоҳ таоло бандаларини синаши, уларни имтиҳон қилишини кўп бор Қуръони каримда эслатган. Бу борада пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси муборакларида ҳам етарлича маълумотлар келган. Ҳаммамиз ҳам ҳаётимиз мобайнида турли синовларни бошдан ўтказамиз: баъзида йўқчилик, баъзида беморлик, баъзида мол-дунёдаги танқислик, баъзида эса яқинларимиздан ажраш...

Айни дамда эса бошимиздан ўтказаётган синов ажиб бўлмоқда. Нега дейсизми? Бутун дунё ва халқларни таҳликага солган COVID-19 ёҳуд Коронавирус инфекцияси гўё ҳаётимизни остин-устун қилиб юборгандай...

Мана қарийб беш ойдирки, бошқа халқлар қатори юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳам жамоатдан узилиб қолди, жума намози ўрнига пешинни, ҳатто йилда икки маротаба келадиган энг улуғ байрам – Рамазон ва Қурбон ҳайитларини ҳам уйда, оила даврсида нишонлашга тўғри келди. Ҳайит намозининг ўрнига нафл ўқиб, кўнглимиз бироз бўлсада тасалли олган бўлди.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “масжидларни очиб бериш тўғрисида” турли мулоҳаза ва муносабатлар тарқалди. Айримлар ҳатто бу борада диний идора ёки имом-хатибларни “бепарволик”да айблашмоқда ҳам. Келинг, шу ўринда айрим нуқталарга эътибор қилиб кўрайлик!

Айни кунларда тождор вирус билан касалланаётганлар сони, афсуски, камайгани йўқ. Бу эса ҳали-ҳануз орамизда хавф-хатар мавжуд эканига ишорадир. Сиз ва мен “Ҳаммаси Худодан, пешонамда борини кўраман” дейишимиз мумкин. Мабодо, Аллоҳ сақласин, шу инфекция билан касалланиб қолсак, унга чидашимиз, соғайиб кетишимиз ҳам мумкин. Лекин жамоатда қариялар ёшлар, саломатлиги турли даражадаги кишилар бор. Эҳтимол бу ҳасталик уларга етиб қолса, улар буни кўтара олмасликлари эҳтимолдан холи эмас.

Шу ўринда айтишингиз мумкин: бозорлар ва шу каби жамоат тўпладиган жойларда шундоқ ҳам карантин қоидаларига риоя қилмаётганлар талайгина, масжидда эса бу талаблар ва қоидаларга риоя қилинади. Аслида қаерда бўлишидан қатъий назар, бугунги шароитда карантин қоидаларига риоя қилиш барчанинг вазифасидир. Энди ушбу қоидаларни бузаётган, унга амал қилмаётганларнинг ҳатти-ҳаракати бизни ҳам шу ишни қилишимизга ҳужжат бўла оладими?

Масаланинг иккинчи жиҳати, диний идора ва имом-хатибларнинг ўзи бунга “бепарво” деювчиларга:

Ўзингиз ўйлаб кўринг, сиз масжидга намоз учун азон айтилганда келасиз. Эҳтимол, айрим сабаблар билан жамоатга бир кунда беш маҳал кела олмаслигингиз ҳам мумкин. Имомлар эса деярли куни масжидда ўтадиган кишилар. Сиз имомга эргашиб, унинг ортида турсангиз, улар барчанинг олдида – меҳробда турадиганлар, сиз жумага азон вақтида етиб келсангиз, улар ҳеч бўлмаганда икки соат олдин келади, ҳайитда бошқа пайтлардагига нисбатан эртароқ келсангиз, улар бир кун аввалдан масжидда қоладиган кишилар, яъни уларнинг ҳаёти бевосита масжидга боғланиб қолган. Айтингчи, айни дамда масжидни, жамоатни ким кўпроқ соғиняпти, ким кўпроқ унга талпиняпти экан? Лекин касаллик хавфи тўла бартараф бўлмагани учун бунга сабр қиляпмиз. Ўзимиз эмас, бошқаларни эҳтиёт қилинмоқда. Эҳтиёткорлик – бепарволик эмас. Шундай экан, эй дўстим, ҳозир бир-биримизни айблаб, бир-биримизга таъна тошини отадиган эмас, сабр ва дуо билан Аллоҳдан сўрайлик, кўпи кетиб ози қолди, қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чидайлик, эҳтимол бугунги шароитда бизга шуниси хайрлидир.

Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,

Фарғона вилояти бош имом-хатиби.