Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 38 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Суннатга амал қилиш икки дунёда саодатга эришиш омилидир!

×

 2020-08-07 11:05:10    242

PDF юклаш
Чоп этиш


Шу кунларда бутун дунёда гапирилаётган муаммо – коронавирус. Деярли барча оммавий ахборот воситаларида шу мавзу. Мен ҳам ушбу мавзуга тўхталар эканман, эътиборингизни ушбу ҳадисга қаратмоқчиман. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!” деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифга мувофиқ, вабо тарқалган жойга бормаслик, вабо тарқаган жойдан қочиб чиқмаслик зарур бўлади.

Аллоҳ таоло қайси бир касалликни туширган бўлса, унинг давосини ҳам туширган. Ҳар қандай касалликнинг шифосини фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.

Имом Аҳмад ривоят қилган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй, Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар! Чунки, Аллоҳ қайси касалликни туширган бўлса, унинг шифосини ҳам туширгандир. Фақат битта касаллик – кексаликнинг давоси йўқ” деганлар.

Мўмин-мусулмон одам ўзига теккан касалликка қарши курашиб, Аллоҳ таолодан комил шифо сўраб, даволаш чораларини кўриши керак.

Динимизда ҳар бир ҳолат учун айтиладиган дуолар бор. Жумладан, касалликдан, турли зарарлардан сақланиш учун айтиладиган дуолар ҳам бор. Мўмин-мусулмон одам ҳадислардаги дуоларни ўқиб, Аллоҳ таолодан турли касалликлардан паноҳ беришини сўраши керак. Шу билан бирга касалликнинг олдини олиш чораларини ҳам кўриши, барча сабабларни ишга солиши лозим.

Бунинг учун инсон покликка катта эътибор бериши керак. Мусулмон одам кун давомида беш маҳал намоз ўқийди. Бунинг учун эса таҳорат қилади. Таҳорат қилганда оғиз-бурнини, юзини, қўлларини тирсаккача, оёқларини тўқиплари билан қўшиб ювади. Кун давомида беш бора мана шу тарзда таҳорат оладиган инсонга вирус ва бошқа нарсалар яқин йўламайди.

Шу билан бирга тиббиёт ниқобини тақиб юриш, турли инсонлар билан кўришгач, қўлларни совунлаб ювиш ёки антисептик воситалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Шахсий гигиенага амал қилиш, совун, тиш ювиш воситалари ва сочиқ каби нарсалардан фақат ўзи фойдаланиш, оила аъзолар учун ҳам бундай воситаларни олиб бериш, ейдиган таомларга эътиборли бўлиш, луқмага катта аҳамият қаратиш, танани ҳам, либосни ҳам пок тутишга, тез-тез алмаштиришга ҳаракат қилиш лозим бўлади.

Шунингдек, овқатланишдан олдин ва кейин қўлларни совунлаб ювиш ҳам саломатлик омилларидандир.

Мабодо инсон ўзида истималаш, бош оғриши, кўнгил айниши ва ҳоказо ҳолатларни сезса, дарҳол мутахассис-шифокорга мурожаат қилиши, тезда даволаниш чораларини кўриши, безовталикдан сақланиши керак.

Бандага келадиган касаллик Аллоҳ таолонинг тақдири билан бўлади. Ўша касалликдан тузалиш ҳам Аллоҳ таолонинг тақдири билан амалга ошади. Касалликка чалинган одам бесабрлик қилмаслиги, турли ақидага зид гапларни ва ишларни қилмаслиги, шифони ҳам ҳалолдан излаши шартдир. Суннатга амал қилиш эса икки дунёда саодатга эришиш омилидир!

Абдухошим Ахмадалиев,

Қўштепа тумани бош имом хатиби.