Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Ўзбекистонда суд тизими ривожланишнинг янги босқичида
2020-07-30 09:46:21 298
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги уч йилда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш, судлар мустақиллигини амалда таъминлаш бўйича бир нечта Фармон ва Қарорлар қабул қилинди.
Фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида, Президентимиз томонидан 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни давом эттириш йўлидаги яна бир муҳим ҳужжат бўлди десак муболаға бўлмайди.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
- вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатьий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;
- маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш;
- маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши;
- Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманлари иқтисодий судларини тугатиш;
- фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судини, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судларини, Пастдарғом туманлараро иқтисодий судини, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон, Тупроққалъа туманлари судларини ташкил этиш;
Шунингдек, Фармон билан суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларини суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорларини устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;
- Жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишини умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш ҳақидаги таклиф ҳам маъқулланди.
Эндиликда, 2020 йил 1 ноябрга қадар янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритиш белгиланди.
Фармонга асосан, қабул қилинадиган янги қонунлар суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар олиб ташлаш, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларидан воз кечиш, инвесторлар ҳуқуқларини суд ҳимоясида бўлишини таъминлаш ва суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ бўлишига хизмат қилади.
Авазжон Эргашев,
жиноят ишлари бўйича
Қўштепа туман судининг раиси.