Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
АҲОЛИ ТОМОРҚАЛАРИГА САЁҲАТ
2020-07-24 15:16:59 211
Томорқасидан “хазина” топаётганлар
Бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси барча соҳаларга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаяпти. Шу боис карантинга мослашиш ва шундай шароитда яшаб-ишлашга ўрганишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Халқимиз рўзғор бутлиги, дастурхонимиз тўкинлигининг асосий омили томорқа эканлигини бугунги пандемия даврида янаям юракдан ҳис қилмоқда.
Айни шу кунларда кўпчилик фуқароларимиз вақтини асосан оила даврасида ўтказяпти. Бу карантин қоидаларига риоя қилиш билан бирга, хонадонидаги мавжуд томорқада ишлаш учун ҳам яхши имконият. Агар ҳар бир хонадонда рўзғор учун зарур бўлган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилса, аввало, келгусида бу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни қондириш, бозорларда нарх-навонинг асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.
Бу дунёда ҳамма нарса меҳнат, машаққатга боғлиқ. Ким меҳнат қилса, роҳат кўради. Чунки фаровонликка фақат ўз меҳнатимиз, ҳаракатимиз билан эришишимиз мумкин. Негаки, дунёда ҳаракатсиз бой бўлган давлат ҳам, хонадон ҳам йўқ.
Шу ўринда бир мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман. Хитойда 8 сотих ери бор одам бадавлат ҳисобланар экан. Биздачи?! Бизнинг қишлоқларимизда бундан ҳам катта томорқалар бор. Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, ундан доимо унумли фойдаланишимиз лозим. Ахир ҳозирги оғир шароитда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш кўп жиҳатдан томорқалардан оқилона фойдаланишимизга боғлиқ.
Коронавирус пандемияси даврида Қўштепа туманида энг аввало аҳолини томорқаларидан самарали фойдаланиши ташкил этилиб, аҳолини озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилди. Халқимизнинг дастурхонини обод, турмушини фаровон қилиш билан шуғулланаётган азамат деҳқонларимиз учун кенг имкониятлар яратиб берилди.
Шундай намунали томорқачилардан бири Йўлдошобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мамадалиевлар оиласи бўлади. Оила бекаси Санобархон опа бошчилигида гулларнинг энг ноёб турлари – қора шахзода, хамедорея пальмаси, алёндра, геран, филодендрон, хитой лоласи, император, бенджамин ва бошқа фикус турлари ҳудудимиз иқлимига мослаштирилиб парваришланмоқда.
Гуллар инсон кайфиятини кўтаради, эзгу ва гўзал ҳис-туйғуларга ошно этади. Айниқса, хона гуллари хонадон кўрки бўлиш билан бирга, саломатлик учун ҳам кони фойда. Бундан ташқари гуллар даромад манбаи ҳам ҳисобланади. Бугунги кунда бу оила гулчиликдан катта даромад топмоқда. Рўзғорнинг ободонлиги, тўкинлиги ва оила аъзоларининг ҳамжиҳатлиги уларнинг тадбиркор ва ишбилармонлигида десак, сира хато қилмаган бўламиз.
Санобархон опанинг сўзларига қараганда, унинг оиласидагилар сабзавот ва гул кўчатлари етиштириб сотишган экан. Опа ҳам ушбу оилавий анъанани давом эттириб, мактабда ўқитувчилик қилиш билан бирга, бундан бир неча йил муқаддам тувакда гул кўчати етиштириб сотишни йўлга қўйди. Қарасаки, йил давомида бу бизнесни йўлга қўйса бўлади, фойда ҳам меҳнатга яраша. Унинг бу ташаббусини турмуш ўртоғи Комилжон ака ва фарзандлари ҳам қўллаб-қувватлади, кўмак беришди. Томорқасида мўжаз иссиқхона қурди. Ҳозир мазкур хонадонда иссиқхона кенгайтирилди. Оиланинг каттасидан кичигигача – барча гул парвариши амалларини яхши ўрганиб олишган.
Хозирги кунда 5 сотихли иссиқхонада 6 нафар ишчи меҳнат қилиб, улар ҳам ўз навбатида рўзғорларини тебратишмоқда. Карантин шароитида ҳам карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ишлар бир маромда давом этмоқда. Хонадон эгалари рўзғор бутлиги, дастурхон тўкинлигининг асосий омили томорқа эканлигини бугунги пандемия даврида янаям юракдан ҳис қилмоқдалар.
– Гулчиликка қизиқишим ёшлигимдан баланд, – дейди Санобархон опа.– Гуллар қалбни ёшартиради, ҳузур беради. Қолаверса, яхшигина даромад ҳам келтиради. Ўтган йили 40 миллион сўм соф фойда олдик. Бу йил ундан ҳам кўпроқ даромад олишни кўзлаганмиз. Оиламиз фаровонлиги гулчилик ортидан таъминланяпти. Агар кимки, уч-тўрт сотих ердан тўқ-фаровон яшаш мумкин эмас, деган фикрда бўлса, уйимга келсин, мўжаз томорқада нималар қилиш мумкинлигини кўрсин.
Халқимиз азалдан деҳқончиликда, боғ яратиш ишларида намуна бўлиб келган. Бугунги кунда ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, бир йилда 3 мартагача ҳосил олаётганлар ҳам орамизда кўплаб топилади. Хусусан, бу борада қўштепаликларда ҳам катта тажриба тўпланган. Аслида томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали йўли эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати