Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
СЎЗ ДЕПУТАТЛАРГА
2020-07-21 16:44:00 221
Депутат – халқнинг ишонган вакили. У халқ номидан гапирадими, демак ўзи ҳам шу халққа муносиб бўлиши керак. Жамиятда изланувчан, фидойи бўлмаган депутат билан ҳеч қандай ютуққа эришиб бўлмайди. Шу сабабли депутатликни икки карра масъулият деб қабул қилиш даркор. Сайловда овоз берган инсонларнинг танловда адашмаганликларини исботлаш учун депутатларимиз халқимиз фаровонлиги йўлида қандай меҳнат қилмоқдалар? Бугунги депутат талабчан бўлиш билан бирга, одамлар ташвиши билан ҳам яшаши керак.
“Сўз депутатларга” рукни остида депутатларимизнинг фаолиятлари билан таништириб боришга ҳаракат қилмоқдамиз.
Бугун 30 – Гаримдон сайлов округидан туман Кенгашига сайланган депутат, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Қўштепа туман кенгаши раиси Толибжон Хасановнинг фикр мулоҳазалари билан танишамиз.
Депутатлар фаолиятидан халқ рози бўлиши лозим
Бугунги кунда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан депутатларимиз ишини самарали ташкил этиш, уларнинг фаолиятини жонлантириш кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлиб турибди.
Депутатларимиз фаолиятидан халқ рози бўлиши лозимлиги, эндиликда улардан фаоллашув ва дадиллик талаб қилинаётгани ҳеч биримизга сир эмас.
Депутат – халқ вакили. Шу боис у, энг аввало, сайловчилар билдирган юксак ишончни оқлаши лозим. Бунинг учун эса депутат доимо эл-юрт ташвиши билан яшаши, халққа қайишиши, уларнинг муаммолари ечимини топишга яқиндан кўмаклашиши зарур.
Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, 2019 йил сайловолди жараёнларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман кенгаши томонидан депутатликка муносиб номзодлар танлаб олинди. Натижа эса шунга яраша бўлди.
Дарҳақиқат, бугун халқ вакили бўлиш депутатдан жуда катта масъулият ва ташаббусни талаб этади. Айниқса, туман Кенгаши депутатлари ўзлари сайланган округ ҳудудидаги ижтимоий, иқтисодий муаммоларни чуқур ўрганиб чиқишлари, ушбу ҳудудни ривожлантириш бўйича туман ҳокимлиги томонидан қабул қилинган дастурнинг ижросини таъминлаш юзасидан жамоат назоратини кучайтириши керак. Чунки, ҳар битта маҳаллада аҳолини ҳаёт тарзига салбий таъсир кўрсатаётган муаммолар мавжуд ва улардан биз кўз юмиб кетаверсак, бу масалалар ҳеч қачон ўз ечимини топмайди. Булар мактабгача ёки мактаб таълими, тиббий хизмат, электр, газ, сув таъминоти, йўл носозлиги ва бошқа масалаларга доир бўлиши мумкин. Бу масалалар бўйича ҳар бир туман Кенгаши депутатининг қўлида йўл харитаси бўлиши керак.
Дарҳақиқат, сайловолди учрашувларда сайловчиларни ўзимизнинг дастурларимиз билан таништирганмиз. Ҳар бир номзодни “Агар депутат бўлиб сайлансам” дея, ўз олдига қўйган мақсадларидан сайловчиларни бохабар этгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳам депутат ўзи сайланган ҳудуддаги халқ билан яқин ҳамкорликда фаолият юритиб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, бартараф этиш чораларини кўриш учун ҳаракат қилиб бориши керак. Мен ҳам 30 – Гаримдон сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган депутат сифатида сайловчилар билан яқин мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилиб келмоқдаман.
Сайловолди дастуримни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурига асосан тузганман ва “Биз учун энг муҳими – халқимиз фаровонлиги ва Ўзбекистоннинг ёрқин келажагидир!”
Сайловдан сўнг ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ҳар томонлама ўрганиб чиқдим. Маҳалланинг фаоллари ва оқсоқоллари билан маслаҳатлашиб, мутасадди ташкилотларга муаммоларни ҳал этиш учун депутатлик сўровлари киритдим. Нафақат мен, балки партиямиздан сайланган барча депутатлар маҳалла билан ҳамкорлик асосида иш олиб бормоқдалар. Чунки, депутат сифатида ҳудуддаги ижтимоий муаммоларни ўрганиб бориб, уларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этиб бориш, ҳудуднинг обод ва кўркам, турли қонунбузилиш ҳолатларидан холи бўлишига эришиш асосий мақсадимиз саналади.
Қувонарлиси шундаки, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари бугун жойлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, сайловчилар ва электорат вакиллари билдирган ишончни оқлаш масалаларига асосий вазифа сифатида қараб келмоқдалар.
Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, Гаримдон маҳалласининг фаоллари ва оқсоқоллари билан маслаҳатлашиб, мутасадди ташкилотларга ушбу муаммоларни ҳал этиш учун депутатлик сўровлари киритдим. Ушбу сўровларни ижобий ҳал этилгани ҳам назоратда турганлари ҳам бор.
Шу кунгача маҳалладаги ичимлик суви, электр таъминотида бўлаётган муаммоларни ўрганиб, сайловчиларга амалий ёрдам бердик.
Ҳозирги карантин шароитида эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати томонидан кўрсатилаётган моддий ёрдамларни ўз эгаларига етиб боришини ҳам назоратга олганмиз. Қолаверса, бундай оилаларга имтиёзли кредит олишда, иссиқхона қуришда амалий ёрдам берилди. Пандемия шароитида аҳоли томорқаларининг бўш қолмаслиги борасида мунтазам тавсиялар берилди. Ўрни келганида ўз ёрдамимизни бериб, тарғибот ишларини олиб бормоқдамиз.
Коронавирус пандемияси даврида маҳаллада дезинфекция ишлари олиб борилиб, тиббиёт маскалари тарқатилди. Карантин даврида маҳалладаги озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналарда одамларнинг бирламчи эҳтиёжи учун зарур бўладиган маҳсулотлар ҳамда дори воситалари, тиббий ниқоблар билан етарли даражада таъминланганлигини назорат қилиб, нарх-наволар билан мунтазам танишиб бормоқдамиз.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, халқнинг ишончли вакили бўлишнинг ҳам ўзига хос масъулиятлари ва мажбуриятлари бор. Уларни қалб амри ва виждон талаби билан бажарганлар халқ эъзозига сазовор бўлаверадилар.
Толибжон Хасанов,
Халқ депутатлари туман кенгаши депутати.