Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Қўштепа тумани бош имом хатиби Абдухошим Ахмадалиевнинг коронавирус пандемияси туфайли карантин чекловлари жорий этилиши муносабати билан юртдошларимизга МУРОЖААТИ
2020-07-14 11:18:37 222
Ҳамжиҳат бўлиб иш тутайлик, сабрли бўлайлик
Бутун халқимиз учун синов даври бўлган бугунги кунда аҳил ва ҳамжихат бўлиб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, вирус балоси талофатларини камайтириш, синовли кунлардан эсон-омон ўтиб олишга ҳаракат қилишимиз муҳимдир.
Ҳар қандай яхши-ёмон иш, инсоният бошига ёғиладиган балолар яратганнинг амри билан юз беради. Бундан қочиб-қутилиб бўлмайди. Шундай бўлса-да, қатор ояту ҳадисларда Аллоҳ таолонинг ўзини асраган бандаларини асрашга ваъдаси бор.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан шундай ривоят келтирилади: “Мен Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан тоъун (вабони энг юқори чўққига чиққан вақти) ҳақида сўрадим. Шунда Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у Аллоҳ таолони бандаларига олдин юборган азоби бўлиб, ҳоҳлаган бандасига юборар эди, лекин мўмин мусулмон бандаларига Аллоҳнинг раҳматидур кимки вабо тарқалган вақтда ўз шаҳрида ёки ўз уйида сабр қилиб, савоб умид қилган холда ва унга Аллоҳ таоло ёзган нарсадан бошқа нарса етмаслигига ишонган холда ўтирса унга шаҳиднинг ажри баробарида савоб берилади дедилар”(Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, вабо хасталигига ўхшаш турли касалликлар тарқалган вақтда ўша юрт фуқароларига касалликдан ўзларини эҳтиёт қилишлик, асрашлик учун зарур чоралар кўришлари, энг асосийси, ўз шаҳри ва ўз уйларида қолишликлари ҳамда у бандага тақдирда Аллоҳ таоло ёзган нарсадан бошқа нарса етмаслигига эътиқод ила ишониш кераклиги айтилади. Агар мана шу амални адо этиб, яъни ҳар бир банда ўз шаҳрида, ўз уйида сабр билан ўтириб, савоб умидида бўлса, ўша киши шаҳидларга бериладиган ажрга эга бўлишлиги зикр этилади.
Шундай экан, ҳар биримиз ҳозирги синовли кунларда хукуматимиз томонидан жорий этилган қоидаларга, карантин тартибларига риоя этишимиз, уйдан чиқмасликка ҳаракат қилишимиз зарур. Агар зарурат юзасидан уйдан чиқсак ҳам албатта, ҳимоя ниқобларини тақиб юришимиз лозим.
Коронавирус инсониятнинг касалликни чеклаш бўйича имкониятлари чекланганлигини, умуман, Яратганнинг турли офату балолари олдида ожиз эканлигини эслатиб қўйди. Шундай экан, бу кунлар биз учун жиддий имтиҳон эканлигини англаб, ҳамжиҳат бўлиб иш тутайлик, сабрли бўлайлик. Тавба қилиб, Аллоҳ таолодан вирус балосини тезроқ даф этишини сўраб дуо қилайлик.
Абдухошим Ахмадалиев,
Қўштепа тумани бош имом хатиби.