Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 17 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Қўштепа тумани ҳокими И.Новиковнинг коронавирус пандемияси туфайли карантин чекловлари жорий этилиши муносабати билан туман аҳолисига МУРОЖААТНОМАСИ

×

 2020-07-14 10:16:03    256

PDF юклаш
Чоп этиш


Ассалому алайкум азиз қўштепаликлар!

Барчангизга маълумки, бугун дунёнинг деярли барча мамлакатлари коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда. Дунё бўйича бу касалликка чалинганларнинг сони 13 миллиондан ошди, у сабабли вафот этганлар сони эса 572 минг нафарга яқинлашди. Ушбу рақамлар коронавируснинг нақадар хавфли эканлигини яққол намойиш этмоқда.

Минг афсуски, коронавирус юртимизни четлаб ўтмади. Айни вақтда мамлакатимизда бу касалликка чалинганлар сони 13 минг нафардан ошгани, энг қайғулиси, 60 нафардан ортиқ ҳамюртларимизнинг ҳаётдан эрта кўз юмганлари бу офатнинг қанчалар жиддий эканлигини тасдиқлаб турибди.

Қадрли тумандошлар!

Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши курашда барча бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қилмоқда. Касалликка қарши курашда, унинг мамлакатимиз бўйлаб кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан белгиланган чора-тадбирлар, шифокорларимизнинг кеча-ю кундуз тиним билмай жонкуярлик кўрсатаётганлари таҳсинга лойиқ, албатта. Бу саъйи-ҳаракатларга жавобан, Сиз – азиз тумандошлар ҳам уйда қолган ҳолда уларга ёрдам бера оласиз.

Мутахассисларнинг ҳисоблашича, ушбу инфекция билан касалланган инсон 14 кунгача ўзида унинг белгиларини ҳис қилмайди ва уни бошқаларга ҳам юқтиради. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 киши бу даврда ушбу инфекцияни камида 400 кишига юқтириши мумкин.

Айрим юртдошларимиз томонидан ўзбошимчалик билан қилинаётган ҳатти-ҳаракатлар, айниқса, тиббиёт ходимларига ўз вақтида мурожаат қилмаслик, касаллик белгилари юқори даражага чиққунга қадар ўзини-ўзи даволашга уринишлар оғир салбий ҳолатларга олиб келмоқда.

Энг ачинарлиси, бу каби оддий эътиборсизлик, ўзбошимчалик ва жорий этилган карантин қоидаларига риоя этмаслик нафақат фуқаронинг ўзига, балки аксарият ҳолларда бутун бошли маҳалла ёки кўчадаги барча аҳолининг ҳаётини жиддий хавотирга солиб қўймоқда.

Азиз тумандошлар!

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, тиббиёт қанчалик ривожланган бўлмасин, давлат бунга қанча-қанча маблағ ажратмасин, одамларимиз шифокорлар тавсиясига амал қилмаса, тартиб-интизомли бўлиб, карантин қоидаларига риоя этмаса, барча кўрилаётган чораларимиз, пандемияга қарши курашиш учун сафарбар қилинган юз минглаб фидойи инсонларнинг меҳнати беҳуда кетиши мумкин.

Шу боис, Ҳукуматимиз томонидан 2020 йилнинг 10 июлидан 1 августига қадар қатъий карантин эълон қилинди. Хусусан 10 июлдан уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда карантинга олинган шахсларга тиббий маслаҳат ҳамда ахборот беришга қаратилган тун-у кун узлуксиз фаолият кўрсатувчи 1105 қисқа рақамли Call-маркази фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Юқоридаги рақамларни инобатга олиб, ушбу карантин даврини ўзингиз ва оила аъзоларингизнинг соғлиғи учун уйда – яқинларингиз билан бирга ўтказинг, кўчага чиқишга ошиқманг.

Азиз тумандошлар!

Бугун Сизларга мурожаат қилар эканман, ушбу оғир ва синовли кунларда ҳар бир тумандошимиз нафақат ўзи, балки оила аъзолари, яқинлари соғлиғи учун ҳам масъул эканлигини яна бир бор таъкидламоқчиман.

Саломатлигингизда бирор нохушлик ва касаллик аломатларини ҳис қилганингизда бефарқ бўлманг, дарҳол шифокорларга мурожаат қилинг ва назоратда бўлинг, ўзингизни яккаланг ва зарур муолажаларни ўз вақтида кўринг.

Сизлардан ҳар қандай вазиятда ҳам бирдамликда, шифокорлар тавсияларига амал қилган ҳолда, тушкунликка тушмасдан коронавирусга қарши бирга курашишни сўрайман.

Ваҳимага берилмасдан, ҳаммамиз бирлашсак, аввало ўзимиз ва яқинларимизнинг, шу билан бирга бошқаларнинг саломатлигига бефарқ бўлмасдан уйда қолиб, заруратсиз, эҳтиёжсиз кўчага чиқмасдан, оилада фарзандлар тарбиясига янада эътиборли бўлсак, сабр ва матонатли, меҳнатсевар, меҳр-оқибатли халқимиз билан бирга бу синовни ҳам албатта енгиб ўтамиз.

И.Новиков,

Қўштепа тумани ҳокими.