Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ОДИЛ СУДЛОВ ТИЗИМИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШАДИ
2020-07-09 10:40:39 250
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида 2020 йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари юзасидан ўтган 2016-2020 йиллар давомида 20 дан ортиқ Қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида судлар томонидан илк маротаба 2.273 нафар фуқароларга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Шунингдек, жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3.500 дан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан жиноят ишлари бўйича судлар томонидан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар ёшлар иттифоқи ва маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллигига олинди. Инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди. Бундан ташқари, 2020 йилнинг 5 ойида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар фуқаролар судлар томонидан оқланган, 1.854 нафар шахсларга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган. Ўтган йилнинг ўзида 236 нафар оқланган шахсларга давлат ҳисобидан 6,7 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлаб берилган. Бундай ўзгаришлар фуқароларда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда.
Шунингдек, 2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят ишлари бўйича 307 нафар шахслар оқланган бўлса-да, ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган. Шу боис тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги белгиланди.
“Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!” – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш, шунингдек судлар ва уларнинг фаолиятини оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Бош прокурорининг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурди. Судлар тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган назорат тартибида ишларни кўриш амалиётидан тўлиқ воз кечилади.
Судлар чиқараётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозимлиги таъкидланди. Айрим судьялар тергов материалларига боғланиб қолгани, бу эса қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказиши қайд этилди. Одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши лозимлиги айтиб ўтилди.
Судьяларнинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жиноий жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилиши давомида судлар фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бугунги давр талаби эканлигини алоҳида таъкидлаб, 2020 йил якунига қадар Олий судда ягона “Адолат” ахборот тизимлари комплексини ишга тушириш вазифасини юклади. Бунда барча учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилади. Шунингдек, судлар 2020 йилда видеоконференция алоқа тизими билан 100 фоиз қамраб олиниши лозимлиги таъкидланди.
Авазжон Эргашев,
жиноят ишлари бўйича
Қўштепа туман судининг раиси.