Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Тадбиркорлик “имтиёз” эмас, имконият
2020-07-01 13:41:56 191
Одатдагидек залда суд мажлиси ўтказилмоқда. Суднинг қора курсисида ўтирган судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлмоқда. Унинг хижолатчиликдан боши эгилган, дилидан эса пушаймонлик ва афсус-надомат кечмоқда… Начора қилмиш қидирмиш деганларидек, қонун барча учун баробар.
Судланувчи Э.Т. сиз-у бизга таниш, Қўштепа фарзанди, тадбиркор. Аслида у тадбиркорлиги билан элга танилса яхши бўлар эди. Аммо у содир этган жинояти туфайли “ном” чиқариб, таниш-билишлари олдида юзи шувит бўлди. Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, унинг айбини, содир этган жиноятини ҳеч оқлаб бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда иқтисодиётимиз ривожи ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Айниқса, юртимизда тадбиркорлик, кичик бизнес ва хусусий ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилиб, уларга имтиёзлар берилмоқда. Бу эса янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Лекин тадбиркор Э.Т. бу имкониятлардан унумли фойдаланмади. Акчинча, тадбиркорлиги учун яратилган имкониятни ўзига берилган “имтиёз” деб билди ва қинғир ишга қўл урди.
Судланувчи Э.Т. 2019 йил 18 февраль куни “E-ijro” аукцион электрон савдо майдончаси орқали Қўштепа тумани, Қоракалтак маҳалла фуқаролар йиғини, Маърифат кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган икки қаватли бинони 12 ой муддатга 1.000.000.000 (бир миллиард) сўм инвестиция киритиш ва 25 та янги ишчи ўрни ташкил этиш шарти билан 22.000.001 (йигирма икки миллион бир) сўмга сотиб олади. Шартнома шартларини бажармасдан, ўзбошимчалик билан бинонинг иккинчи қаватини тўлиқ, биринчи қаватини ярмини бузиб, бино бузилишидан чиққан қурилиш материалларини фуқаро Р.Т. ва А.А. орқали тергов ҳаракатларида аниқлашни имкони бўлмаган шахсларга сотиб юбориб, Қўштепа тумани ҳокимияти манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказади.
“MEGA BIZNES BAHO” МЧЖнинг 2019 йил 21 октябрдаги 91-сонли хулосасига кўра, ушбу қурилиши тугалланмаган икки қаватли бинонинг бузулмасдан олдинги ҳолатининг баҳоси 403.576.000 сўм, бузилгандан кейинги ҳолати 173.644.160 сўм, етказилган зарар суммаси эса 229.931.840 сўм эканлиги кўрсатилган.
Судланувчи Э.Т.нинг содир этган жинояти унинг ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб берган кўрсатмасидан ташқари, вакил А. Каримов, гувоҳлар С. Нуриддинов, Н. Позилов, Ф. Мирзаев, Ю. Мирзаев, М. Мурахимов, А. Сайдалиев, А. Азимов, Х. Кенжаев ва Р. Тешабоевларнинг судда текширилган дастлабки терговдаги кўрсатувлари, тушунтириш хатлари, талабнома, огоҳлантириш хатлари, далолатномалар, “MEGA BIZNES BAHO” МЧЖнинг баҳолаш ҳисоботи ҳамда ишда тўпланган бошқа объектив далиллар билан ҳам тўлиқ тасдиқланди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 454-457, 460, 462-463, 465, 468, 471-473-моддаларига амал қилиб, суд ҲУКМ қилди. Судланувчи Э.Т. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 229-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.
Прокурорнинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, судланувчи Э.Т.дан Қўштепа тумани ҳокимияти фойдасига 229.931.840 сўм зарар ундирилади.
А. Эргашев,
Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси.