Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ПРЕЗИДЕНТ ҚЎШТЕПАДА ФЕРМЕРЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
2020-06-09 16:37:04 174
- ҚАНДАЙ МЕҲНАТ ҚИЛСАК, ШУНДАЙ ҲАЁТ БЎЛАДИ, - ДЕДИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятида бўлди.
Давлат раҳбари кортежи дастлаб Қўштепа туманидаги “Турсунов Юсуфжон ери” фермер хўжалиги ёнида тўхтади.
Бу ерда 50 гектар ғалла, 30 гектар пахта етиштирилмоқда. Президентимиз ғалла ривожини кўздан кечирди. Гектаридан 82 центнер ҳосил олиш кутилмоқда.
Шу ерда қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ва фермерлар билан мулоқот бўлди.
– Ҳар бир ҳудуднинг ери, ресурслари, имкониятлари ўзига хос. Бугун Фарғонага келишимиздан мақсад – бу имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиб, одамларга иш ўрни, даромад манбаи учун шароит яратиш, ҳар бир туман бўйича аниқ режа шакллантириш. Қандай меҳнат қилсак, шундай ҳаёт бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташрфи қўштепаликлар кўнглини тоғдек кўтарди. Юртбошимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари, фермерлар ва нуронийлар билан бўлган мулоқоти ҳар бир қўштепаликка руҳий мадад, ишонч ва кўтаринки кайфият бахш этди. Айниқса, бу учрашув «Турсунов Юсуфжон ери» фермер хўжалиги раҳбари Аъзамжон Юсупов учун бир умрга унутилмас воқеа бўлиб қолади.
Аъзамжон Юсупов, Қўштепа туманидаги «Турсунов Юсуфжон ери» фермер хўжалиги раҳбари:
–27 ёшда катта бир фермер хўжалигини бошқаряпман. Дастлаб тендер ғолиби сифатида 30 гектар ерда деҳқончилик қилишни бошлаганмиз. Бу йил фермер хўжалигимизнинг 53 нафар аъзолари билан 50,2 гектар ерда ғалланинг «Семурғ» навини парваришладик. Ҳосил чўғи жуда ҳам мўл. Ҳар гектар ердан ўртача 85 центнердан ғалла олишни мақсад қилганмиз. 29,6 гектар ерда парваришланаётган «Наманган-77» навли пахтамиз ҳам баравж ривожланмоқда.
Юртбошимизнинг қутлуғ ташрифи шарофати билан ҳосилимиз янада баракали бўлишига ишонамиз. Демак, халқимизнинг ризқ-насибаси ҳамиша улуғ. Фермер хўжалигимиз далаларига ташриф буюрган давлатимиз раҳбари ҳаётий ўгит ва маслаҳатлари билан кўнглимизни тоғдек юксалтирди. Дарҳақиқат, бугун фермерлар қишлоқда бош ислоҳотчи бўлиши, фаоллик ва фидойилик борасида бир қадам олдинда юриши керак.
Бу ташриф шахсан ўзимнинг ҳаётимда, хўжалигимиз аъзолари ва қўштепалик фермерлар учун унутилмас таассуротлар қолдирди. Яхши ният билан амалга ошираётган ишларимиз давлатимиз эътиборида эканлигини яна бир бор англаб етдик.
Ота-боболаримиз янги ерларни ўзлаштириб, деҳқончилик қилиш машаққатини оила қуриб, яхши фарзандларни тарбиялашдек шарафли юмушга қиёслашлари бежиз эмас. Фермер сифатида элимизнинг ризқ-насибаси бутун бўлиши учун бунданда самарали меҳнат қиламан.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати