Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 20 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ТЕРРОР – ИСЛОМГА ЁТ ҒОЯ

×

 2020-06-04 10:48:21    220

PDF юклаш
Чоп этиш


Ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган. Қуръони карим “Наҳл” сураси, 91-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради”.
Ҳозирда “террор” деб атаётган ҳаракатлар аллақачон исломда “улкан гуноҳ”, деб белгилаб қўйилган.

Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини чуқур ва атрофлича ўрганар эканмиз, у доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Бугунги кунда диний экстремизм ва терроризм ҳозирги дунёнинг глобал муаммоси экани ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабдан ҳам оламдаги барча маърифатпарвар кучлар қатори Ўзбекистонда ҳам унга қарши курашнинг турли кенг миқёсдаги фаолияти олиб борилмоқда.

Бугун биз ахборот асрида яшамоқдамиз. Носоғлом ғояларнинг урчиб кетишига сабаб бўлаётган интернет саҳифаларидаги иллатлардан ёшларимизни асраб қолиш учун Ахборот-технологиялари соҳасида янги замонавий ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга бағишланган танловлар ташкил этиш, унда миллий қадриятларимизни давом эттира олган ва бу борада янгиликлар кашф қила олган ёшларни рағбатлантириб бориш керак. Терроризмга қарши курашда маънавий-маърифий усуллардан яна бири таълим муассасаларида ислом динининг дунёвий-маърифий моҳиятини муқаддас манбалар Қуръони Карим ва Ҳадислардан кенгроқ фойдаланган ҳолда, очиб бериш, дин арбоблари ва мутахассисларнинг террорнинг исломда умуман мавжуд эмаслиги, ислом маърифат ва маънавият эътиқоди эканлигини халқимизга тушунтириш йўли яхши самара беради.

Зеро, биз фарзандларимизни Президентимиз айтганидек, исломдаги Имом Бухорийлар, Нақшбандийлар, Яссавийлар, Термизийлар таълимоти асосида тарбияласак, уларни турли ислом ниқоби остидаги ғаразли гуруҳлар билан буюк аждодларимиз амал қилган ва бизларга мерос бўлган мусаффо, маърифатли ислом билан экстремизм фарқини ажрата оладиган даражада ёшларимизни билимли қилишимиз зарур бўлади.

Энг зарур чоралардан бири бу халқимизнинг огоҳлигидир. Ҳеч бир террористик ҳаракат тайёргарликсиз амалга ошмайди. Уни қаерда амалга оширилса, ўша ердаги бирон ҳолат аввалдан бирон ўзгаришга учрамаслиги мумкин эмас. Худди кучли зилзиладан олдин ҳайвонлар безовталангани каби, атрофимизда – маҳалла кўйда бегона шахсларнинг пайдо бўлишига эътиборсиз бўлмаслик лозим. Фарзандларимиз, ҳатто ёши катталар фаолиятида хоҳ у хоҳ бу тарздаги ўзгаришларга диққатни қаратиш, бунинг замирида бирон бир катта муаммо келиб чиқмасмикин деган ўйда масалани ўрганиш муҳим саналади. Статистик маълумотларга кўра, амалга ошмай қолган террористик ҳаракатларнинг 70 фоиздан ортиғи фуқароларнинг ўзлари билиб ёки билмаган тарзда уни фош этганларига боғлиқ экан. Шу сабабдан бутун халқимиз ана шу масалага огоҳлик билан қараса, терроризмнинг даҳшатли чангалига банди бўлмасликнинг муҳим шартларидан бири бажарилган бўлади дейиш мумкин.

Бу ўринда, терроризмга қарши маънавий-маърифий курашнинг айрим жиҳатлари ҳақида фикр юритилар экан, бу масаладаги тугал фикрлар ана шулардан иборат деб бўлмайди. Замон ўзгариб борар экан, ҳар қандай ёвуз кучларга нисбатан кураш услубларидан ҳам фундаментал ўзгаришларни юзага келишини тақазо этади. Шу сабабдан бу борада яна бир муҳим жиҳат, айни тероризмнинг келиб чиқиши ва унга қарши кураш усуллар борасида илмий изланишлар олиб бориш ва бу борада халқаро тажрибаларни тадқиқ этиш ҳам зарурий эканлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

З. Турдиев,

Қўштепа тумани Абдусамад Охунд  жоме масжиди  имом-хатиби.