Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЮКСАК МАЪНАВИЯТ—ЕНГИЛМАС КУЧ
2020-05-29 12:25:52 272
ЖАҲОЛАТГА МАЪРИФАТ БИЛАН ЖАВОБ БЕРАЙЛИК
Бугунги кунда бутун дунёда ислом динига нисбатан қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзотни комиллик ва эзгуликка чорлаши билан боғлиқ. Таассуфки, ҳозирда ислом динини ниқоб қилиб, манфур ишларни амалга ошираётган мутаассиб кучлар хали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни тузоғига илинтириб, улардан ўзларининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланишга уринмоқдалар. Диний шиорлар остида сиёсий ҳокимиятга интилаётган диний экстремистик ташкилотлар Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилаётгани ачинарли ҳолдир.
Зеро, бундай ножўя ҳаракатлар, аввало динимизнинг шаънига доғ бўлишини, охир-оқибатда эса бутун ҳаётимизга салбий таъсир кўрсатишини чуқур англаб олиб, хулоса чиқаришимиз зарур. Жаҳолат йўлига адашиб кирганларни давлатимиз раҳбари умумий авф билан уларнинг барини кечирдилар ва ижтимоий ҳаётда ўз йўлларини топишлари учун барча чора-тадбирларни белгилаб бердилар.
Қуръони Каримда “Жаҳолатла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир” (Нисо-17) дейилади. Бироқ, мана шундай энг олий имтиёзлардан кейин ҳам тавба қилмай жаҳолатида давомли бўлса, албатта нонкўрлик ҳосил бўлади.
Ҳозиргидай глобаллашув жараёнида ёшларимиз радио, телевидение, интернет каби воситалардан ҳар-хил ахборот ва маълумотларни олишмоқда. Баъзи бир ақидапарастлар ўз ғаразли мақсадларини ана шу воситалар орқали ҳам дунёнинг исталган бурчагидан туриб, таъсир ўтказиб, қабиҳ ишларини амалга оширишмоқда. Ана шундайларнинг йўлига ғов қўйиш учун, ёшларимизда маънавий бўшлиқ пайдо бўлмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантириш, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш кўникмасини сингдириш лозим.
Муборак динимизда мусулмон қандай бўлиши керак деган саволга оддий қилиб жавоб берилган. Расулуллоҳ (с.а.в) сўзларида “Мусулмон, унинг қўли ва тилидан бошқа бировларга азият ва озор етмайдиган кишидир” деганлар. Қуръони каримда уруш чиқариш йўлидаги фитна қотилликдан ҳам ёмон жиноят ҳисобланади. Зеро, динларнинг бирортасида зулм, қотиллик, одам ўлдириш ёқланмаган, аксинча, меҳр-оқибатли, сулҳпарвар, раҳм-шафқатли бўлишга чорланган. Аллоҳ таоло инсонларга қарата бундай дейди: “Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик...” (Ҳужурот сураси, 13-оят). Демак, халқларнинг, элат ва қабилаларнинг ҳар хиллиги урушиш, жанжаллашиш учун эмас, балки бир-бирлари билан топишиб-танишишлари, бир заминда аҳил-иноқ яшашлари учун экан. Бинобарин, бир ота ва бир онадан тарқалган инсониятнинг бир-бири билан Аллоҳ тақиқлаган ишлар туфайли урушиб-талашиб юриши Ислом динига зиддир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ҳадисларида: “Бир-бирингизнинг қонингиз ва обрўйингизни тўкишингиз, мол-мулкингизга тажовуз қилишингиз барчаларингизга ҳаромдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ёшлик инсон ҳаётида бир марта бериладиган ғанимат даврдир. Бу ғанимат палладан унумли фойдаланиб илм ва камолот ҳосил қилиш вожибдир. Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўхтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёшларга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш асосий вазифамиз ҳисобланади.
Вақтимизни ғанимат билиб ўзимизни илм, касб-ҳунар, спорт ва манфаатли ишлар билан машғул қилишимиз, ижтимоий тармоқларда берилаётган ахборотнинг манбаасини текшириш ва ёлғонларини саралаш кўникмасини ҳосил қилиш, тарқатилаётган маълумотлар остида қандай манфаатлар бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўриш, энг аввало ўзимиз учун фойдали эканлигини англашимиз керак.
Негаки, юртимизнинг эртанги куни қандай бўлиши сиз, азиз ёшларнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишингизга боғлиқ. Сўзимни ҳадис илмининг етук олими, бобомиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи сўзлари билан якунласам: “Дунёда илмдан бошқа нажот бўлмаган ва бўлмайди ҳам.”
Турсунтойир ЭРБЎТАЕВ,
“Мўйи муборак” масжиди имом-хатиби