Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 20 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

COVID-19 ПАНДЕМИЯСИ ДАВРИДА ҚИШЛОҚ ҲАЁТИ:

×

 2020-05-26 15:28:31    358

PDF юклаш
Чоп этиш


ҚАЛБ ҚЎРИДАН ЯРАЛАЁТГАН МЎЪЖИЗАЛАР

Миттигина, кўзга кўринмас махлуқнинг бутун оламни қамраб олиб, ҳаммани уйда қолишга мажбур этиши... Дунё аталмиш катта карвонни тўхтатиб қўйиши... Бутун бошли мегаполис шаҳарлар, катта-катта майдонларнинг бўшаб қолиши... Бундай ҳолатни биз-ку: эллик ёшнинг нари-берисидаги кишилар, ҳатто юз билан юзлашган боболаримиз ҳам, момоларимиз ҳам эслай олишмайди. Дарҳақиқат бугун бутун дунё халқлари имтиҳонли  кунларни бошдан кечирмоқда.

Мамлакатимизда коронавирус касаллиги аниқлангач карантин эълон қилиниб, ҳаракатланиш чекланди, оммавий тадбирлар бекор қилинди. Жамоат транспортлари қатнови тўхтатилди. Аммо ҳаёт тўхтагани йўқ. Ўз вақтида тезкор қабул қилинган чора-тадбирлар туфайли у янги шароитларга мослашган ҳолда давом этяпти.

Одамлар аввалгидан фарқли равишда, бошқача тарзда ҳаёт кечирмоқдалар. Бугунги covid-19 пандемияси даврида қишлоқ одамлари қандай яшамоқдалар, нималар билан шуғулланмоқдалар? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Қўштепа туманидаги “Сохибкор” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлдик.

“Сохибкор” маҳалла фуқаролар йиғинининг аҳолиси 4164 нафарни ташкил қилади. Қишлоқ одамлари асосан деҳқончилик, косибчилик, ҳунармандчилик билан шуғулланади. Деҳқонлари     ер билан тиллашиб, тўрт фасл давомида мева-сабзавотлар етиштиради. Улар етиштирган узумлар жуда машҳур. Чунки етиштирган узумларига бор меҳрини бериб қарашади. Аслини олганда бир йиллик узумнинг даромади чакки бўлмайди. Ҳосил сўнгида кимдир машина олади,  кимдир тўй қилади ёки рўзғорнинг камини тўлдиради. Шундай бўлсада, сохибкорликлар ерни бир қаричини ҳам қаровсиз қолдирмай узум тагига ҳам экин экишади. Айниқса, сохибкорлик соҳибжамол аёлларни айтмайсизми?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февраль кунги 5938 сонли фармонида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш вазифаси белгиланган. Шунга кўра Қўштепа туманидаги барча маҳалла фуқаролар йиғинида бу борада жадал ишлар олиб борилмоқда. Аёллар ҳунармандчиликка жалб этилиб, уларнинг бандлиги таъминланмоқда. “Сохибкор” маҳалласидаги аёллар асосан ҳунармандчиликнинг турли йўналишларида фаолият олиб боришади. Маҳаллада 100 дан зиёд аёллар ҳунармандчилик билан шуғулланишган бўлса, пандемия даврида уларнинг сафи янада кенгайди. Қўли гул опа-сингилларимиз дўппи тикишади, гилам тўқишади, кўрпа-тўшак тайёрлашиб, тикувчилик қилишади. Меҳнатда тобланган бу аёллар томорқа ишларини бажаришиб, мол-қўйга қарашади. Шунча ишдан ортиниб, кашта тиккани, хатто қошга ўсма сургани ҳам вақт топишади.

Олтмиш ёшга бориб, етмиш ёшдан ошган аёлларнинг ғайрати ўзига етарли. Уларнинг аксарияти шу ёшда ҳам дўппи тикади.

Дўппи юртимизнинг турли ҳудудларида ўзига хос услуб ва кўринишда тайёрланади. Тикилиш жараёнида аҳоли турмуш тарзи, урф-одатлари, маҳаллий анъаналар ва табиат уйғунлиги акс этади. Дўппининг турлари кўп. Улар ташқи кўринишига кўра, гилам, ироқи, чуст, духоба, қалампир, зар дўппи, дея аталади. Сохибкорлик аёллар эса дунёга машҳур Марғилон дўппиларини тикишади. Қисқаси, дўппида хосият кўп. Улар меҳр нури қўшиб тикилади. Уларда урф-одат ва анъаналаримизнинг инъикоси бор. 

Ҳудуддаги бир нечта оилалларда бўлиб, иш фаолиятлари билан танишдик. Суҳбатдошимиз Рахимахон ая дўппидўзлик сулоласининг давомчиларидан экан. Уй шароитида Рахимахон ая Сотволдиева бошчилигида оилавий дўппи тикилиб, тайёр ҳолатга келтирилади. Улар аждодлардан мерос бўлиб келаётган касб сирларини пухта ўзлаштирган. Рахимахон аянинг ўзи ҳам Марғилон дўпписининг ўнлаб янги нусхаларини яратди.

– Пандемия бизни янада кўпроқ ҳаракат қилишимизга турки бўлмоқда, – дейди Рахимахон ая Сотволдиева биз билан бўлган суҳбат чоғида. – Бу йил узумларнинг ҳосили яхши. Ердан унумли фойдаландик. Юртбошимиз айтганларидек, томорқадан бир неча маротаба ҳосил олишга ҳаракат қилмоқдамиз. Оила даромадига кўпроқ фойда келтириш мақсадида қўл меҳнатини ҳам кўпайтирмоқдамиз. Тайёр маҳсулотларимизни харидорларнинг ўзи уйимиздан олиб кетишади.

Маҳаллада қизиқ манзарага дуч келасиз. Қизалоқлар бўш вақт топиб ўйин ўйнашга чопса, сохибкорликлар қўлларига игна-ип ушлаб бувижонисининг ёнига чопишади: “Мен ҳам дўппи тикаман” деб. Чунки бу жойларда дўппи тикиш санъати аждодлардан ошиб, онадан қизга мерос бўлиб келмоқда.

Дўппидўзлик қон-қонига сингиб кетган яна бир аёлнинг хонадонида бўлдик. Лолахон Холбоева ёшликдан дўппи, кашта тикиб, пайпоқдан тортиб камзулгача тўқийди. Бу ишлар унинг жону дили. Тақдирнинг ҳукмини қарангки, Лолахон иш жойида бахтсиз ҳодиса туфайли йиқилиб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Шифокорлар кўрсатган муолажаларга қарамай унинг оёқлари ишламай қолди. Шифтга термулиб бир жойда ётиб қолишдан оғирроғи йўқ экан... Шундай оғир дамларда Лолахон ўзини-ўзи чалғитишни йўлини топиб, бармоқлари билан тиллашди. Қўлига дўппи олиб тика бошлади.

– 1 гуруҳ ногирониман, икки йилдир бир жойдаман. – дейди Лолахон Холбоева. – Маҳаллада кам таъминланган оилалар рўйхатида турамиз. Соғ бўлишсин, ҳокимиятдан, Шахзодахон опам бош маҳалла фуқаролар йиғинидан доим хабар олиб туришади. Юртбошимизнинг ташаббуслари билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилди. Муҳтарам Президентимизнинг бу ғамхўрликлари мени жуда тўлқинлантирди. Рамазон кунлари ҳокимимиз Илёсбек Новиковнинг ўзлари йўқлаб келдилар. Бу эътибордан жуда мамнун бўлдим. 

Мен дастлаб ўзимни овутиш учун қўлимга игна олган бўлсам, кейинчалик оилавий бюджетимизга ҳисса қўшаётганимдан руҳлана бошладим. Икки йилдан буён тунни кунга улаб қанча дўппи тикиб битирганимни саноғига ета олмайман. Аллоҳнинг берган бу синовига шукур қиламан.

Ҳа, Лолахоннинг икки йиллик қисмати барча-барчамизни ҳар бир ўтаётган кунимизнинг қадрига етиб яшашимизга ундайди ва бизга ибрат бўлади.    

Ватанимиз ҳунармандчилик, қадимий маданият ва халқ амалий санъати дурдоналарига бой. Бунга гиламдўзлик санъати ҳам ёрқин мисолдир. Шундай экан, сохибкорлик гиламчи қизларнинг фаолиятига ҳам қисқача тўхталиб ўтишни жоиз деб билдик.

Маҳалладаги аксарият хотин-қизлар Қўштепа туманидаги “Исмоилжон гиламлари” корхонасида касаначилик асосида ишлашади. Улар ҳар куни ишга боришмайди, аксинча уй шароитида гилам тўқишади. Шунинг учун бу аёллар пандемия даврида ҳам ишсиз, даромадсиз қолгани йўқ. Гилам тўқиш дастгоҳи ихчам бўлганлиги учун уни бемалол уйга ўрнатиш мумкин. Катталиги 1 метрга 1,5 метрлик ипак гиламлари 6 ойдан 1 йилгача тўқилади. Шу жиҳатдан уйда тўқиш ишчиларга қийинчилик туғдирмайди.

Аёллар уй шароитида корхонадан берилган буюртмага асосан кичик ҳажмдаги ёдгорлик гиламчаларини тўқишади. Бу гиламлар учун хом ашё сифатида юқори сифатли табиий ипакдан фойдаланилиши, гилам тугунчаларининг ўта зичлиги, нақш ва гуллар рангининг нафислиги, рангларнинг ўнгимаслиги, бунинг устига юз фоиз қўл меҳнати билан тайёрланиши ушбу маҳсулотнинг ҳалқаро бозорда ўта харидоргир бўлишини таъминламоқда. Аксарият гиламлар чет эллик мижозларнинг якка тартибдаги шахсий буюртмалари асосида тайёрланади. Шунинг учун бу гиламлар ўта эътибор, сабр-тоқат, юқори сифатни талаб этади. Кичик ўлчамдаги бир дона гиламчани белгиланган нусха асосида тўқиб тайёрлаш учун ҳар бир тўқувчи кўз нурини, қалб қўрини бахш этган ҳолда ойлаб меҳнат қилишига тўғри келади.

Лолахон Юсупова ҳам 10 йилдан буён гилам тўқиб бу ишнинг ҳадисини олганлардан ҳисобланади. Унинг гиламлари Туркия давлатига экспорт қилинмоқда. Ҳа айтганча, уларнинг маошлари ойма-ой гиламнинг тўқиб битказилган қаторига кўра ҳисоб-китоб қилиб борилади.

Сохибкорда Лолахон каби гиламчи қиз-у жувонлар жуда бисёр. Улар ҳақида қанча кўп ёзсак, шунча камлик қилади. Гапнинг индаллосини айтганда Сохибкорда ҳаёт бир маромда давом этмоқда. Улар бугунги синовли дамларда эртанги яхши кунларга умид ва ишонч билан яшамоқдалар.       


Изоҳ: Суратга олиш жараёнида вақтинча тиббий ниқоблардан фойдаланилмади.

Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.