Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 55 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

МАШАҚҚАТ ОРТИДА ЕНГИЛЛИК БОР

×

 2020-05-22 11:22:01    593

PDF юклаш
Чоп этиш


Миттигина, кўзга кўринмас махлуқнинг бутун оламни қамраб олиб, ҳаммани уйда қолишга мажбур этиши... Дунё аталмиш катта карвонни тўхтатиб қўйиши... Бутун бошли мегаполис шаҳарлар, катта-катта майдонларнинг бўшаб қолиши... Бундай ҳолатни биз-ку: эллик ёшнинг нари-берисидаги кишилар, ҳатто юз билан юзлашган боболаримиз ҳам, момоларимиз ҳам эслай олишмайди. Дарҳақиқат бугун бутун дунё халқлари имтиҳонли  кунларни бошдан кечирмоқда. Шубҳа йўқки, бу кунлар Яратган зотнинг бандаларига юборган синови...

Аллоҳ таоло бандаларини синаш учун уларга турли машаққат, офат-балолар, касаллик ва кулфатлар юборади. Ожиз одам ана шундай ҳолларда нима қилишини билмай довдирайди, не қиларини билмай ўзини ўтга-чўққа уради. Ёрдам ва тасалли истаб, кимларнингдир остонасига бош уради. Аммо мўмин киши бошига ғам-ташвиш тушганида еру осмонларнинг ҳақиқий Эгаси, подшоҳларнинг подшоҳи Аллоҳ таолони эслайди. Ўзининг шу мулклар ичидаги бир мулк, маҳлуқотлар орасидаги бир маҳлуқ эканини хотирлайди. Тун ортидан ёруғ кунни, касалликдан сўнг соғлиқни, фақирликдан кейин бойликни ато этувчи Парвардигорига шукрона келтиради. У ҳар ишда ҳикмат борлигини билгани учун Аллоҳ таоло уни бу қийинчиликда қолдирмаслиги ва оқибатининг гўзал бўлишини Яратгандан сўрайди.

Синов келса, оқил киши ўзига тасалли беради.

Аллоҳ таъоло қуръони каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилган: Машаққат ортида, албатта, енгиллик бордир. Машаққат бор жойда енгиллик ҳам бўлади. (Шарҳ сураси 5-6 оятлар). Яъни  ҳар қандай машаққат бор жойда енгиллик ҳам бор.

Коронавирус сабаб кўпчилигимиз моддий-молиявий манфаатлар кўзимизни кўр қилиб қўйган бир даврда оиламиз борлиги ва улар билан биргаликда вақт ўтказишимиз муҳим аҳамиятга эга эканлигини очиқ-ойдин тушуниб етдик. Аҳли оиламиз ва фарзандларимиздан масъул эканимизни, уларнинг тарбияси қанчалик муҳим, бу тарбияда ота-онанинг ўрни беқиёслигини англадик.

Ошна-оғайни, дўсту ёронлар билан йиғилиб, гап-гаштак, чойхонаю сўрилар... Ҳаммаси бўм-бўш ҳозир. Одамлар бир-бирини бағрига босиш у ёқда турсин, ҳатто қўл бериб сўрашолмай қолди. Икки метр масофада туриб, ниқоб остидан гаплашмоқда.

Пулимиз бўлса ҳам баъзи хоҳишларимизга эришолмай қолдик. Еган-ичганларимизга ҳаром, шубҳа аралашганми-йўқми деб ўйламайдиганларимиз ҳам, ҳар луқмамизни алоҳида назорат қила бошладик.

Демак, нима содир бўлса бўлсин, бизнинг вазифамиз ҳеч тараддудга, ҳеч ваҳимага тушмасдан ўз вазифамизни адо қилиш экан. Чунки имонимиз комилки, содир бўладиган ҳар бир жараён Аллоҳнинг изни биландир. Зеро, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат бошланса ҳам қўлингдаги ниҳолни экиб қўйгин!” деганлар. Бу бир фурсат, бу бир имконият. Маънавий камчиликларимизни тўғрилаш имконияти, амалларимизни сарҳисоб қилиш фурсати. Амал дафтаримизни қўлимиздан олинишидан олдин, Аллоҳга етказилишидан аввал тафтиш қилиб олиш имтиёзидир бу... Маънавий, руҳий, онг ва шуурда, ақлий уйғониш даври бу. Мана, қанақа баҳоласак бўлади вазиятни!

Қанчалаб инсонлар пешонасини саждага қўйишга фурсат тополмаётган эди. Битта сура ёдлаш учун вақт йўқ эди. Қазо намозларини ўқишга, таҳажжудга, зикр қилишга-чи?! Мана бизга имконият, мана вақт. Дунёвий илмларнинг аҳамияти ҳам ҳеч булардан кам эмас, албатта. Бугун мактабда ўқимаган, дарсда эътибор бермаган илмларимизни уйда фарзандларимиз билан ўқиб, ўрганишга мажбур бўляпмиз. Ҳурмат-эҳтиромини вақтида жойига қўймаган устоз-мураббийларнинг ҳолига ўзимиз тушдик. Буларни бажаришимиз учун Раббимиз бизни бир муддат ташқи дунёдан узиб, иҳоталаб қўйди.

Машаққатли кунларда барчамиз сабр қилиб, ҳукуматимиз талаб қилган тартиб-қоидаларга амал қилсак, бу синовли кунлардан кейин,  албатта, бир енгиллик ва нусрат келади иншааллоҳ.

Абдухошим Ахмадалиев,

Қўштепа тумани бош имом хатиби.