Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҚЎШТЕПАДА ПИЛЛА ҲОСИЛИНИНГ ЧЎҒИ БАЛАНД
2020-05-11 15:32:36 206
Қўштепаликларнинг пилла етиштириш борасидаги тажрибаси пандемия шароитида ҳам қўл келди. Улар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда сара пилла ҳосили етиштирдилар.
Жорий мавсумда туманда 1850 қути ипак қурти уруғлари парваришланди. Бу 102 тоннадан зиёд “кумуш тола” етиштириш имкониятини беради. Шу мақсадда 259 та фермер хўжалиги, 132 та касаначи билан белгиланган тартибда меҳнат шартномалари имзоланди, 1270 дан ортиқ аҳоли мавсумий ишларга жалб этилди.
Бугун туманда пилланинг илк ҳосилини йиғиштиришга киришилди. Шу муносабат билан туман ҳокими И. Новиков ва мутасадди идора ходимлари пилла йиғиштирилаётган хонадонларда бўлди. Пиллакорлар билан учрашиб, топширилаётган ҳосил сифати билан яқиндан танишиб, бу йилги пилла мавсумини бошлаб берди. Пиллачиликда яхши натижаларни қўлга киритган пиллакорларга туман ҳокими эсдалик совғалари топширди.
“Қоражийда” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қўзихон Абдуқодирова пилла етиштириш ҳадисини олган. У ипак қурти парваришлаш, озиқлантиришда ўзига хос тажрибага эга. Шу боис ҳосилни териб олишга биринчилардан бўлиб киришди. Сидқидилдан қилинган меҳнат баракали бўлди. У бир қути қурт уруғини парваришлаб, мўл ҳосилни йиғиштириб олди. Хонадон бекаси бир ой ичида мўмайгина даромад олди ҳамда йиллик меҳнат иш стажига эга бўлди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, фаровонлигини оширишда пиллачилик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Пилла мавсумида маҳаллалардаги ижтимоий ночор оилалар, ишсиз фуқаролар касаначилик асосида ипак қурти боқиш ишларига жалб этилди. Бу иш усули эҳтиёжманд оилаларга ҳар жиҳатдан фойда келтириб оила фаровонлигини таъминламоқда. Етиштирилган маҳсулотга тарозининг устида, яъни бирданига ҳисоб-китоб қилинмоқда, пиллакор йиллик иш стажига эга бўляпти. Дастлабки пилла хирмонларининг салмоғи эса чакки эмас.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати