Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ФАХРИЙЛАР ШАРАФЛАНДИ
2020-05-09 14:30:50 192
Иккинчи жаҳон уруши йилларида ёш ва навқирон йигит бўлиб, фронт ортида меҳнат қилган инсонлар ҳозир юз билан юзлашиб қолган, турмушнинг ҳар қандай синовларига уруш ва тинчлик меҳваридан баҳо берувчи донишмандларга айланишган.
Жорий йилда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан уруш ва фронт орти қатнашчиларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун “Хотира ва қадрлаш куни” Қўштепа туманида истиқомат қилаётган меҳнат фахрийларига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Россия Федерацияси томонидан юборилган "Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига" эсдалик юбилей медаллари топширилди.
Медалларни Қўштепа тумани ҳокими Илёсбек Новиков, туман мудофаа ишлари бошлиғи Жўрабек Султонов ҳамда сектор раҳбарлари Хўжақишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Усмонали ота Турғунов ҳамда Қийқи маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Абдуллажон ота Аляровларнинг хонадонига бориб, тақдим этишди.
Қисқа самимий суҳбат чоғида уруш хотиралари, фронт ортида кечган ёшлик, ўзбекистонликлар тақдири, бугунги тинч ва осойишта замон, хотиржамлик ва тўкинликда ўтаётган ҳар бир кун учун шукроналик ҳақида сўз борди.
Нуронийлар она юртга тинчлик, элимизга саломатлик, дастурхонларимизга фаровонлик тилаб дуо қилдилар.
Афсуски, уруш фахрийларининг сафи йилдан йилга камайиб бормоқда. Ғаниматларимиз ҳолидан хабар олиш, авлодлар олдидаги бемисл хизмати учун миннатдорлик билдириш бурчимиздир. Зеро, улар ҳар доим эъзоздалар. Юртимизда карантин жорий этилган бўлсада, туманимиздаги нуронийлар ва фахрийларнинг саломатлиги ҳамда муаммолари мунтазам равишда масофадан назорат қилиб борилмоқда. Қолаверса улуғ айёмда уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, туман "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди қошидаги "Саховат ва кўмак" жамғармасининг 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари жамламаси топширилди.
Қўштепа туманидаги ҳар икки фахрий ҳам фарзандлар ва набиралар ардоғида умргузаронлик қилади. Уларга туман ҳокимлиги ва тиббиёт бирлашмаси томонидан доимий ғамхўрлик кўрсатилади. Туман ҳокимининг бугунги ташрифи чоғида ҳам фахрийларимизга ҳокимликнинг эсдалик совғалари ва "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди қошидаги "Саховат ва кўмак" жамғармасининг 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари жамламаси топширилди.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати