Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
"ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ ФАҚАТ ЯХШИЛИКДИР"
2020-05-01 17:56:19 243
Муҳтарам Юртбошимиз томонидан халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятлари, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, "Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди. Бу ташаббусни Қўштепа тумани ҳокимлиги, тадбиркорлар ва саховатпеша инсонлар бир овоздан қўллаб-қувватлади. Бинобарин бугунги синовли дамлар ҳамда муборак Рамазон кунларида бир-биримизга меҳр-оқибатли ва тиргак бўлишимиз инсонийликнинг олий намунасидир, десак адашмаган бўламиз.
Туман ҳокимлиги ташаббуси ҳамда маҳаллий тадбиркорларнинг кўмаги билан бугун ҳудудда "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати доирасида катта хайрия акцияси ўтказилди. 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган автоуловлар маҳаллаларга йўл олди.
Шу куни маҳалладаги эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган, карантин туфайли вақтинча ишсиз қолган, боқувчисини йўқотган ҳамда оғир турмуш шароитидаги 211 нафар оилаларнинг ҳар бири озиқ-овқат жамланмасидан баҳраманд бўлди.
Бугун Қўштепа тумани ҳокими И. Новиков 1-сектор ҳудудидаги Ғиштмон ва Қизилариқ маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, карантин туфайли ишсиз қолган фуқароларнинг оилаларини ўрганиш, уларга ёрдам бериш чораларини кўриш, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг яшаш шароитларини кўздан кечирди.
Ташриф давомида туман ҳокими мутасадди идора раҳбарлари билан биргаликда бир нечта хонадонларда истиқомат қилаётган оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ва уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўргандилар.
И. Новиков томонидан аҳоли томорқаларининг ҳар бир қарич еридан самарали фойдаланиш лозимлиги ва бу ишларда хонадон эгаларига ёрдам беришга доим тайёр эканликлари таъкидланди. Қолаверса, карантин сабаб вақтинча ишсиз қолган ва ҳеч қаерда ишламайдиган фуқароларга туман ҳокими томонидан ишга жойлашга кўмаклашилди.
Туман ҳокими ҳар икки маҳаллада истиқомат қилувчи ёрдамга муҳтож оилаларга туман "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди қошидаги "Саховат ва кўмак" жамғармасининг 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини топширди. Ҳа, яхшиликнинг чеки-чегараси йўқ. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам бир яхшилик. Зеро муқаддас китобларимизда таъкидланганидек: "Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир".
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.