Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ТУЙҒУ: СИЗГА ТАЪЗИМ, ШИФОКОРЛАР!
2020-04-14 15:36:16 189
Коронавирус инфекцияси дунёга таҳдид солиб турган бир пайтда, тиббиёт ходимлари зиммасидаги масъулият янада ошиши билан бирга, улар фаолиятининг ҳар куни, керак бўлса, ҳар дақиқаси қаҳрамонлик эканлиги яққол намоён бўлмоқда. Айни вазиятдан келиб чиқиб, коронавирус инфекциясига чалинган ёки гумон қилинганларга биринчи бўлиб, тиббиёт ходимлари рўбарў келишади. Ўз касбига содиқ қолган ҳолда, беморларни тиббий кузатувга олиб, зудлик билан даволаш чораларини кўришмоқда.
Синоатли балога гирифтор бўлганларни ҳаётга қайтараётган халоскор шифокорларимиз бугуннинг ҳақиқий қаҳрамонлари. Улар бор билими, иқтидори, кучи ва меҳрини ишга солиб хасталикка чалинганларни ажал ёқасидан қутқармоқдалар! Гиппократ қасамига содиқ қолган ҳолда ўз касбларига садоқат билан хизмат кўрсатмоқдалар. Таъбир жоиз бўлса, бемор ва хасталик ўртасида туриб, вирусга қарши жасорат билан “жанг” қилишмоқда.
Камига тузалиб чиқаётган ҳамюртларимизни гулдасталару олқишлар билан кузатиб қўймоқда. Аслида курраи заминимиздаги барча шифокорларни ҳар қанча олқишласак, дунёнинг бор гулу лолаларини қаҳрамон тиббиётчилар пойига келтирсак оз.
Уйига, қадрдонлари, жондан азиз фарзандлари ҳузурига ҳафталаб бормаётган, юзидаги ниқобию эгнидаги ҳаво ўтказмайдиган махсус муҳофаза либосидан кечишга ошиқмаётган қадрдон шифокорлар! Касбингизга садоқатингиз, камтарлигингиз сабаб сизнинг исмингизни билмаймиз, чеҳрангизни танимаймиз. Лекин матонатингиз билан қанча-қанча одамларни ҳаётга қайтараётганингизни эл-юрт билиб, кўриб турибди.
Осонгина юқадиган бу дарддан фориғ бўлиш қанчалар мушкул эканини ҳам халқимиз астойдил англамоқда. Шундай экан, сизларга қанча таъзим қилсак, ташаккурлар айтсак шунча оз, азиз халоскорлар!
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати