Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 29 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

“ТИЛ БАЙРАМИ - МИЛЛАТ БАЙРАМИ”

×

 2020-04-13 10:55:08    240

PDF юклаш
Чоп этиш


Жонажон Ўзбекистонимиз байрамларига яна бир байрам қўшилди. Бу ҳам бўлса, 21-октябр “Ўзбек тили байрами куни”дир. Бу байрам ўзбек халқининг миллий байрами сифатида,  янги Ўзбекистоннинг тарих зарварақларига муҳрланди. Президентимиз Ш. М. Мирзиёев  Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами куни” ни белгилаш тўғрисдаги тарихий қонунни имзолади.  “Давлат тили ҳақида” ги қонун қабул қилинган кун – 21 октябр санасининг “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиниши, мамлакатимизнинг янги тарихи, янги тараққиёт босқичида амалга оширилаётган буюк ислоҳотларнинг юксак самараси, мустақил Ватанимиз ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий-маданий, маънавий ҳаётидаги улкан воқеадир.

Дунёдаги давлатлар олдига йўналишлар ва замонавий глобал жараёнларга қўшилиш вазифасини қўяётган минтақалашув ва глобаллашув даврида, Президентимиз томонидан анъанавий қадриятлар, миллий ва маданий ўзига хосликни сақлаб қолиш ҳамда Ўзбек тилининг ривожи учун илгари сурилган бу ташаббуслари, она заминимизда яшаб, ижод қилган, миллатнинг ҳурлиги, бахту-саодатига бутун истеъдодини бағишлаган, керак бўлса жонини тиккан, ўз она тилини турли зўрловлар натижасида равнақ топиши учун тўсқинлик қилган кучларга қарши курашган юрт ўғлонларини ҳам руҳларини шод қилган бўлса ажаб эмас.

Ўзбек романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирий ҳам ўзбек тилини шаклланишида, уни ёт унсурлардан асраш, соф, равон, ифодали тил бўлиб яралишида салмоқли ҳисса қўшган. Абдулла Қодирий мақолаларидан бирида “Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал деганларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар деган.” Мана тилга бўлган чин муҳаббат. Ана шу маҳаббат орқали ўзбек адабиётида, ўзбек тилида илк роман вужудга келган.

“Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.

Миллатпарвар мутафаккир Абдулла Авлолонийнинг бу сўзлари ҳеч бир замонда аҳамиятини йўқотмайди. Чунки миллат деганлари тилга кўра белгиланади. Тил – миллатнинг мавжудлик шарти. Миллат вужуд бўлса, тил – руҳ. Шу боис ўзини таниган, ўзлигига эга ҳар бир миллат она тили ривожини ҳаёт-мамот масаласи деб билади. Тил тараққийси учун бор имкониятини ишга солади. Она тилимиз давлат тили мақомига эга бўлгани, “Ўзбек тили байрами куни” ни миллий байрам сифатида нишонлашимиз, унинг ривожи учун ҳуқуқий  кафолат демакдир.

  Ниятимиз улуғ ва ёруғ! Президентимиз имзолаган ушбу тарихий ҳужжат сабаб, янги Ўзбекистонда она тилимизнинг қадди янада юксалсин, айни пайтда кўпмиллатли халқимиз тотув ва ҳамжиҳат яшаб барча соҳаларда баланд-баланд чўққиларни забт этсин, дунёнинг қай бир ҳудудида, қайси мамлакатида бўлмасин, ҳар бир юртдошимиз ўзбекистонлик эканидан доим ғурурлансин! Ўзбекистон болалари ўзбекча сўзлаб, ўзбекча куйлаб, ҳамманинг ҳавасини келтирсин! Кун келиб дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган она тилимиз жаҳон тилларидан бирига айлансин!

Бу байрамга муносиб ҳозирлик кўриш, миллий тил ривожига ҳалол меҳнат  билан ҳисса қўшиш,  ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг фуқаролик бурчидир.

У. Холматов,

туман ҳокимининг маънавий – маърифий

ишлар самарадорлигини ошириш

Давлат тили тўғрисидаги қонун

ҳужжатларига риоя этилишини

таъминлаш масалалари бўйича

маслаҳатчиси