Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
МАҲАЛЛАДА НИМА ГАП: АҲИЛЛИКДА ГАП КЎП
2020-04-01 15:44:31 405
Халқимизда: «Отанг маҳалла, онанг маҳалла», деган нақл бекорга айтилмаган. Чунки маҳалла инсонларни бир мақсад йўлида бирлаштиради. Хўш, бугунги синовли даврда Қўштепа туманидаги маҳаллаларда қандай ишлар олиб борилмоқда?
Шуни алохида таъкидлаш лозимки, карантин даврида аҳолининг уйда қолиши ва ниқобсиз юрмаслиги, барча шахсий гигиена қоидаларига амал қилишини, фарзандларига китоб ўқиш, дарсларига тайёрланиши учун ёрдам беришини таъминлаш мақсадида тумандаги 51 та Маҳалла фуқаролар йиғинларида «Менинг маҳалламга коронавирус яқинлаша олмайди!», «Маҳаллам аҳли саломатлиги – юртим бойлиги!» мавзуларида хайрия акциялари ўтказилмоқда. Чунки, бутун дунёни хавфга солаётган коронавирус инфекциясига қарши кураш барчамиздан ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишни талаб қилмоқда.
Қўштепа тумани ҳокими И. Новиковнинг ташаббуси билан тумандаги саҳоватпеша тадбиркорлар ҳамда Маҳалла фуқаролар йиғини раислари томонидан маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган хонадонларга, ногиронлиги бўлган шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари, сабзавот кўчатлари ва вируснинг олдини олиш ва ҳимояланишда саломатлик учун зарур бўлган тиббий ниқоб, нам салфетка, антисептик воситалар тарқатилди. Қолаверса тумандаги меҳр-мурувватнинг этагидан тутган тадбиркорлар шу кунгача маҳаллардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга 300 килограмм қўй гўшти тарқатдилар.
МФЙларнинг масъул ходимлари томонидан ҳудудлардаги савдо дўконларида нарх-навонинг сунъий оширилишини олдини олиш бўйича доимий мониторинг ўтказилиб, дизинфекциялаш ишлари ҳам давом этмоқда.
Аҳоли белгиланган санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилишига, карантин даврида уйда қолишига, томорқа ерларидан унумли фойдаланишга чорланди.
Ушбу ҳайрли ишларни амалга оширишга туман ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Зохиджон Кoмилов бош-қош бўлмоқда.
Катта Бешкапа МФЙ раиси Сойибжон Абдуллаев, Янги дўкон МФЙ раиси Рохатой Юлдашева, Қўрғонча МФЙ раиси Маликахон Абдурахмонова, Қамиштепа МФЙ раиси Акбаржон Абдуллаевлар ушбу тадбирларни ўтказишда барчага намуна кўрсатиб келмоқдалар.
Ҳа, биз асрлар давомида барча қийинчиликларни босиқлик ва ҳамжиҳатлик билан ортиқча саросималарсиз енгиб ўтган аҳил, улуғ халқ авлодларимиз. Бугун дунё ҳамжамиятини ўзига хос синовдан ўтказаётган коронавирус пандемиясини ортиқча хавотирcиз енгиб ўтишга ақлимиз ҳам, қурбимиз ҳам етади. Жойларда вирус тарқалишининг олдини олиш ва ҳар бир оиланинг осуда, тўкин турмушини таъминлашда МФЙларнинг иштирок этаётгани эса янада аҳамиятлидир. Бир сўз билан айтганда, бугун халқимиз ҳаётида жиддий синов даври кечмоқда. Бу имтиҳондан қандай ўтишимиз эса, ҳаммамиз ва ҳар биримизга боғлиқ.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати