Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
НАВРЎЗ – ҚАДИМ ҚАДРИЯТЛАР ТАРОВАТИ
2020-03-20 14:10:18 631
НАВРЎЗ – ҚАДИМ ҚАДРИЯТЛАР ТАРОВАТИ
Уч минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган Наврўзи олам – шарқона янги йил ўзининг янгиланиш, баҳор нафасини бошлаб келиши, халқимизнинг табиати, онгу тафаккури, қалбига чуқур сингиб кетгани, ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадонга шоду хуррамлик олиб кириши билан биз учун энг қадрли, азиз ва суюкли миллий байрамдир. Наврўз миллий маънавиятимиз ривожидаги энг муҳим шодиёнадир. Бу кунда юртимизнинг ҳар бир гўшасида баҳорий таомлару, турли миллий ўйинларга алоҳида урғу берилади. Хусусан, миллий таомларимиздан сумалак, ҳалим, кўксомса, кўкчучвара кабилар байрам дастурхонининг кўркига айланади. Айниқса, сумалак базмларининг ўзгача гашти бор.
Наврўз байрамининг уч асосий таомлари:
Сумалак тайёрлаш анъанасининг тарихи қадим – қадимларга бориб тақалади. «Сумалак» атамаси – «шарбат учун қилинган», «ундирилган арпа» маъносини англатувчи қадимги туркий сўз бўлмиш “сума”дан келиб чиққан.
Манбаларда қайд қилинишича, қадимги аждодларимиз эрта кўкламда келаётган йилнинг баракали бўлишини ният қилиб, муқаддас ўсимликлардан бирини туйиб, ширасини олганлар ва маросим амалларини бажариш чоғида уни тановул этганлар.
Сумалак тайёрлашда даставвал буғдой маълум вақт ўстирилади. Тайёр ҳолга келган буғдойнинг шираси олиниб, дошқозонга озроқ ёғдан сўнг солинади. Буғдой ширасидан сўнг ун солинади. Шу тариқа сумалак 24 соат давомида пиширилади.
Кўк сомсани инсон организмига энг керакли қувват берувчи витаминлар мавжуд, дея бежизга айтилмаган. Ҳа, уни тайёрлашда бекаларимиздан анчайин меҳнат талаб этилади. Аввал хамир қориб олинади. Ундан сўнг ичидаги қайласини тайёрлашга киришилади.
Кўкатлар ва пиёзни яхшилаб тўғраб, ўсимлик ёғи, туз ва мурч қўшиб аралаштирилади. Хамирни доимгидек ёйиб, ичига масаллиқлар солинади. ҳар ким ўзига қулай шаклда тўгиши мумкин. Тўгилган сомсаларнинг устига тухум суртиб, седана сепилади ва пиширилади.
Ҳалим (Ҳалиса) буғдой ва мол гўштидан тайёрланадиган қадимий миллий таомларимиздан бири. Ҳалим тайёрлаш учун қайроқи буғдой бир оз намланиб, ёғочда туйилиб, совуқ сувда ювилади, сўнг 5-6 соат давомида илиқ сувда ивитилади.
Ўсимлик ёғи қиздирилган қозонда лўнда-лўнда тўғралган гўшт қовурилади, сўнг тайёрланган буғдой солиниб, дарҳол сув қуйилади ва 2-3 соат давомида паст оловда қайнатилади. Таомни тўхтовсиз ковлаб туриш лозим. Минг дардга даво бўлган миллий таомларимиз Наврўз дастурхонига ўзгача кайфият, шукуҳ бағишлайди.
Наврўз байрами ўйинлари.
Кўкда варрак учираётган болани кўриб хавас қиласан киши. Шу онда боланинг юзидаги қувончга беиҳтиёр шерик бўлгинг келади. Ҳа, бу ҳам баҳор келганидан дарак. Наврўз байрамида ҳам жуда кўпгина миллий ўйинларимиз бўй кўрсатади. Бу шодиёна «Кураш» «Кўпкари», «Арқон тортиш», «Чиллак», «Хўроз уриштириш», «Оқ теракми, кўк терак», «Бештош», «Тез айтиш», «Ким олади-ё, шугинани-ё?» каби қувноқ ўйинлар билан янада гаштли ва унутилмас ўтади.
Муҳими шундаки, бу ўйинларнинг ҳеч бири шунчаки эрмак ёки вақт ўтказиш учун ўйлаб топилмаган. Улар ўғил-қизларнинг жисмонан ва руҳан соғлом, чидамли бўлиб ўсишларига ёрдам беради. Демак, халқимизнинг оддий ўйинларида ҳам аждодлар закоси, руҳий ва жисмоний комилликка интилиш нияти мужассам.
Азизлар барчангизга баҳор байрами Наврўзи олам муборак бўлсин. Ахир Наврўз – янги режалар, мақсадларнинг қарор топиши. Наврўз шукуҳи доимо дилларда мангу бўлсин!