Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Қўштепа туман кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди
2020-01-15 10:35:01 202
14 январь куни, олтинчи чақириқ халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди. Унга 28-Шаҳартепа сайлов округидан сайланган депутат Шавкатжон Шарапов раислик қилди.
Сессия ишида туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Шунингдек, сессияда вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамшид Мухторович Хатамов қатнашди.
27-Лойсон сайлов округидан депутат Арабжон Қодиров сессия котиби этиб сайланди.
Сессия кун тартибига олтита масала киритилди.
1. Туман сайлов комиссияси раисининг ахбороти.
2. Халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида
3.Халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳларини рўйхатга олиш.
4. Халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгашининг доимий комиссияларини тузиш.
5. Фарғона вилояти ҳокими томонидан Қўштепа тумани ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш.
6. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари Қўшма мажлиси Маслаҳат Кенгаши аъзолигига номзодни тавсия этиш ҳақида.
Кун тартибидаги биринчи масала, VI чақириқ халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгашига ўтказилган сайлов натижалари ҳақида туман сайлов комиссиясининг раиси Расулжон Тожибоев ахборот берди. У сайлов Ўзбекистон қонунчилиги асосида бўлиб ўтганини ва 30 нафар сайланган депутат мақомини тасдиқлади.
Кун тартибининг иккинчи масаласи юзасидан сессия котиби Арабжон Қодировга сўз берилди.
Шундан сўнг халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низоми ҳақидаги қарор тасдиқланди.
Халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгашига сайланган депутатларнинг қуйидаги партия гуруҳлари:
- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан сайланган 7 нафар депутатдан иборат партия гуруҳи;
- Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланган 10 нафар депутатдан иборат партия гуруҳи
- Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган 4 нафар депутатдан иборат партия гуруҳи;
- Ўзбекистон Ҳалқ демократик партиясидан сайланган 8 нафар депутатдан иборат партия гуруҳи рўйхатга олинди.
Кун тартибининг навбатдаги масаласи муҳокама қилингач, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига асосан Халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгашининг қуйидаги таркибда 7 та доимий комиссияси тузилди:
1) Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича;
2) Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича;
3) Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича;
4) Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича;
5) Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича;
6) Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ишлаш масалалари бўйича;
7) Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича.
17-Бешкапа сайлов округидан сайланган депутат Саидолимхон Нуриддинов,
27-Лойсон сайлов округидан сайланган депутат Арабжон Қодиров,
12-Қўрғонча сайлов округидан сайланган депутат Саидахон Омонбоева,
6-Ғиштмон сайлов округидан сайланган депутат Абдулқосим Абдумаликов,
2-Эшонгузар сайлов округидан сайланган депутат Анвархон Набиев,
8-Оқтепа сайлов округидан сайланган депутат Шохоббос Хошимов,
28-Шаҳартепа сайлов округидан сайланган депутат Шавкатжон Шарапов номзодлари тасдиқланди.
Кун тартибидаги ташкилий масала - Фарғона вилояти ҳокими томонидан Қўштепа тумани ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш юзасидан Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Хатамов сўзга чиқди.
Фарғона вилояти ҳокими томонидан Қўштепа тумани ҳокими лавозимига 22-Солижонобод сайлов округидан сайланган депутат Новиков Илёс Валериевич номзодини халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида тасдиқлаш тўғрисида Тақдимнома киритилганлигини билдирди ва уни ўқиб эшиттирди.
Ушбу тақдимнома муҳокамасида тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси гуруҳи номидан депутат Абдулқосим Абдумаликов, ”Адолат” социал демократик партияси гуруҳи номидан Саидахон Омонбоева, “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳи номидан депутат Толибжон Хасанов ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси гуруҳи номидан Анваржон Набиевлар сўзга чиқдилар ва Қўштепа тумани ҳокимлигига тавсия этилган Илёсбек Новиков номзодини қўллаб-қувватладилар.
Новиков Илёс Валериевич Қўштепа тумани ҳокими этиб бир овоздан тасдиқланди.
Илёсбек Новиков сўзга чиқиб, билдирилган юксак ишонч учун вилоят ҳокимига ва халқ депутатлари Қўштепа тумани кенгаши депутатларига миннатдорчилик билдирди. Бор куч ва билимини Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида сафарбар қилиб фидоийлик ва садоқат билан хизмат қилишга ваъда берди.
Олий Мажлис Сенати аьзолигига Фарғона вилоятидан сайловни шу йил 17 январь куни ўтказиш ҳақида Марказий сайлов комиссиясининг қарори қабул қилинган эди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига асосан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари Қўшма мажлиси Маслаҳат Кенгаши аъзолигига номзодни тавсия этиши кўзда тутилган.
Кун тартибидаги сўнгги масала муҳокама қилиниб, маслаҳат Кенгаши аъзолигига 2-Эшонгузар сайлов округидан депутат Анвархон Набиев номзоди тасдиқланди.
Шу билан олтинчи чақириқ халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгашининг биринчи сессияси ўз ишини якунлади.
Қўштепа тумани ҳокимлиги ахборот хизмати