Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
БОТУЛИЗМ - ОВҚАТДАН ЗАҲАРЛАНИШНИНГ ЭНГ ОҒИР ТУРИ
2019-12-21 13:41:53 1773
Ёз ва куз ойларида ҳар бир хонадонда мева ва сабзавотлардан тузлама ва консервалар тайёрланади. Қишда эса бу маҳсулотлар дастурхонимиз кўркига айланади ҳамда оиламиз билан севиб тановул қиламиз. Лекин ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиш жараёнида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари келиб чиқиш эҳтимоли мавжудлиги ҳаммага ҳам маълум эмас. Шундай касалликлар бўладики, касалликнинг кечиш белгилари унчалик эътиборни тортмасада, лекин уларнинг оқибати ҳатто ўлимга олиб келади. Бунга мисол тариқасида Ботулизм касаллигини келтириш мумкин. Зеро, бу касаллик онда-сонда бўлса ҳам туманимиз аҳолиси ўртасида ҳам учраб турибди.
Ботулизм касаллиги ботулизм таёқчалари қулай муҳитга тушиб қолганда ўзидан кучли заҳар ишлаб чиқариши натижасида ифлосланган озиқ-овқат маҳсулотларини (консерваланган мева ва сабзавотлар, дудланган балиқ ва колбаса кабилар) истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган касаллик ҳисобланади. Оддий шароитда ботулизм микроблари спора ҳолатида бўлиб, улар мутлақо хавфсиз ҳисобланади. Ташқи муҳитдан олинган тупроқ намуналарини микроскоп орқали кўрилганда минглаб спора ҳолидаги ботулизм микробларини кузатиш мумкин. Ҳавосиз муҳитга тушган микроб (консерва банкаси, дудланган балиқ пўсти ораси) дарҳол спора ҳолатидан вегетатив ҳолатга ўтади ҳамда ўзидан кучли заҳар (эндотоксин) ишлаб чиқара бошлайди. Натижада консерваланган маҳсулот банкаси қопқоғи шишади (бомбаж), қопқоқнинг ички қисми занглаб қолади. Лекин аксарият ҳолларда ифлосланган маҳсулотни оддий кўз билан фарқлашнинг имкони йўқ.
Касаллик ифлосланган маҳсулотни истеъмол қилгандан 2-4 соат, баъзан 10-12 соат ўтганда айрим ҳолларда 1-2 сутка ўтгандан сўнг бошланиши мумкин. Бу, биринчи навбатда организмнинг иммун ҳолатига, сўнг истеъмол қилинган маҳсулот миқдорига боғлиқдир. Касалликнинг асосий белгилари беморнинг кўнгли айнийди, қусади, ошқозонда оғирлик сезади, ҳолсизланади, ютиш қийинлашади, кўз ҳиралашиб, нарсалар қўшалоқ кўрина бошлайди. Тиббиётда бу ҳолат “диплопия” деб аталади. Беморга вақтида зарур муолажалар қилинмаса, яъни касаллик турига қараб маҳсус зардоб юборилмаса, юрак ва нафас олиш жараёнида юзага келадиган етишмовчиликлар оқибатида бемор нобуд бўлиши мумкин.
Касалликнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
- энг аввало уй шароитида помидор, бақлажон консерваси, икраси кабиларни тайёрламаслик;
- бозорлар, кўча-куйларда маҳсулот ёрлиғи йўқ, уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини сотиб олмаслик;
- дўконлардан консерва маҳсулотларини сотиб олиш жараёнида маҳсулот ёрлиғи, ишлаб чиқарган корхона номи, сана ва яроқлилик муддатига эътибор бериш;
- сифатсизлигига гумон қилинган ҳар қандай консерва маҳсулотини истеъмол қилмаслик.
Ҳар ким ўз оиласининг соғлиги учун аввало ўзи масъул эканини унутмаслиги лозим!
Санобар КАРИМОВА,
туман санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги санитария врачи