Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКСГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛДИ
2019-12-16 10:11:04 198
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 5 ноябрдаги “Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлиги либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги Қонунига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга айрим ўзгартиришлар киритилди.
Хўш, бу ўзгаришлар нималардан иборат ва бундан мақсад нима? Амалдаги қонунчилигимизда чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиши, яъни Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларсиз ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар билан яшаши, вақтинча ёки доимий прописка, кўчиш ёки турар жой танлаш юзасидан белгиланган тартибга риоя этмаслиги, бўлиш муддати тугагач чиқиб кетишдан бўйин товлаши, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит тарзда ўтиш тартибига риоя қилмаслиги энг кам ойлик иш ҳақини эллик баробаридан юз баробаригача миқдорда жарима солишига ёки Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборишга сабаб бўлар эди.
Янги ўзгаришларга кўра мамлакатимизда яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда вақтинча рўйхатдан ўтиб яшаётган чет эл фуқароларига енгиллик ва қулайлик яратилди. Эндиликда Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳақиқий бўлмаган яшаш гувоҳномаси билан яшаши, вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаши, яшаш гувоҳномасини қасддан яроқсизлантириши, эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйиши каби ҳуқуқбузарликларга нисбатан МЖтК нинг 223-моддаси билан чора кўриладиган бўлди. Бундай ҳолатларда уларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорида маъмурий жарима жазоси қўлланилади.
Ушбу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 225-моддасидаги жазо чоралари ҳам либераллаштирилди. Илгари Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидасини бузган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача жарима ёки Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юбориш билан жазоланар эди.
Энди эса чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини ўн суткагача бузса энг кам иш ҳақининг беш бараваригача, ўн суткадан ортиқ, аммо ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга бузса, энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида, ўттиз суткадан ортиқ муддатга бузса, энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима белгиланди.
Шу ўринда миграция хизмати билан Фарғона шаҳар маъмурий судининг ўзаро ҳамкорлиги самарали бўлаётганини таъкидлаш керак. Фарғона шаҳар маъмурий суди ҳам чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга қулайлик яратиш мақсадида маъмурий жавобгарлик бўйича ишларни бевосита Фарғона шаҳар ИИО ФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида сайёр суд жараёнларида кўриб чиқмоқда. Қўлланилган жарималар ҳам шу ернинг ўзидаги банк кассаларига тўланиши ортиқча оворагарчиликнинг олдини олмоқда.
Бу каби муҳим ўзгаришлардан кўзланган мақсад Ўзбекистонга сайёҳлик ва бошқа бизнес юритиш масалаларида келаётган чет эл фуқароларига енгиллик яратиб, мамлакатимизнинг инвестицион ва туризм салоҳиятини юксалтиришдир.
Қаҳрамон САМИНОВ,
Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи