Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Менинг биринчи овозим келажагимга замин яратади
2019-12-12 14:41:46 228
Ёшим ўн тўққиздан ошди. Шомирза қишлоғида туғилиб, вояга етдим. Дастлаб 23-мактабда, кейин вилоят спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида диск, найза ва ядро улоқтириш тури бўйича етук мутахассислар қўлида тахсил олдим. Олдимга қўйилган мақсадга эришиш йўлида изланишдан, машғулот қилишдан асло чарчамайман. Шунинг учун бўлса керак, мени вилоятимиз, кейинроқ республикамиз паралимпиячилари терма жамоасига қабул қилишди.
Республикамиз терма жамоаси таркибида аввалги йили Рио-де-Жанейрода ёшлар ўртасида ўтказилган Пара-Осиё ўйинларида иштирок этиб, диск, ядро ва найза улоқтириш бўйича учта олтин медални қўлга киритдим. Ўтган йили эса Дубай шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган III Пара-Осиё ўйинларида ана шу муваффақиятларимни такрорладим. Шу йилнинг 15-17 ноябрь кунлари яна Дубайда 2020 йили Япониянинг Токио шаҳрида ўтадиган XVI Паралимпия ўйинларига йўлланма берувчи жаҳон чемпионатида терма жамоамиз кучли бешталикдан ўрин олди. Шу кунларда Паралимпия ўйинларига қизғин тайёргарлик кўряпмиз.
Мен бу ютуқларимни нима учун айни бугун фахр ва ифтихор билан тилга оляпман.? Гап шундаки, бизнинг жонажон Ўзбекистонимизда ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишлари учун барча шароитлар муҳайё этиб қўйилган.
Шу кунларда мамлакатимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлари депутатлигига сайловларга қизғин тайёргарликлар кўриляпти. Имкониятим чекланган бўлишига қарамай, Ўзбекистонимиз байроғини жаҳон ареналарида юксакларга кўтарган бир фарзанд сифатида мен ҳам фуқаролик ҳуқуқимдан фойдаланиб, биринчи марта сайлов участкасига чиқиб, барча вакиллик органларига ўзим ишонган номзод учун овоз бераман. Ишончим комилки, менинг биринчи овозим барча тенгдошларим қатори жонажон Ўзбекистонимизнинг яқин беш йилдаги тараққиётига замин яратади. Бу тараққиёт юртни жаҳонга танитадиган спорт соҳасида янада салмоқли бўлишига аминман.
Келгуси йили Токиода ўтадиган Паралимпия ўйинларида Ватанимнинг шуҳратини янада юксакларга кўтаришга бор куч-қувватимни бағишлайман.
Ёрқинбек ОДИЛОВ,
Ёшлар ўртасида Пара-Осиё ўйинларининг учта олтин медали соҳиби