Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 9 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Раддия: “Азонни овоз кучайтиргичда айтиш тақиқланмади!”

×

 2019-12-10 21:24:23    210

PDF юклаш
Чоп этиш


Жорий йилнинг 10 декабрь санасида “Озодлик радиоси”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали “Азонни овоз кучайтиргичда айтиш яна тақиқландими?”, деган сарлавҳа остида хабар тарқалди.

Унда айтилишича, Фарғона вилояти Қўштепа тумани “Лойсон” МФЙдаги масжидда бир ҳафтадан буён азонни овоз кучайтиргичсиз айтилаётгани иддао қилинган.

Аввало шуни эслатиш лозимки, Фарғона вилояти Қўштепа тумани Лойсон маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли “Султони Орифийн” масжиди фаолият юритади.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги ўрганиш олиб борди. Ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар ҳамда масжид имом-хатиби вазифасини бажарувчи Нишонбой Аҳмадалиевнинг маълум қилишича, декабрь ойида электр таъминотида узилишлар бўлмаган, ҳатто масжид фаолиятини бошлагандан буён ҳам азон доимо овоз кучайтиргич ёрдамида айтиб келинмоқда. “Азонни овоз кучайтиргичда айтиш яна тақиқландими?” - дея тарқатилган хабар мутлақо асоссиз ҳамда ёлғон эканини таъкидладилар.

Шу ўринда ўзларига етиб келган хабар ёки маълумотини текширмай, уни асосли ёки асоссиз эканига ишонч ҳосил қилмай туриб тарқатаётганларга ҳамда шу каби текширилмаган маълумот ортидан эргашаётганларга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини яна бир бор эслатиш лозим.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни “Ҳужурот” сурасининг 6-оятида қуйидагича огоҳлантиради: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги ихлосли халқимизни асоссиз тарқалаётган маълумотлардан узоқда бўлишга, қолаверса, бу каби ёлғон хабарни тарқатиб, гуноҳга шерик бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлишга чақиради.

Фарғона вилояти вакиллиги матбуот хизмати