Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 30 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

МАҚСАДИНГИЗ МАЪНАВИЯТГА ТАҲДИДМИ? ёҳуд "Озодлик"нинг мамлакатимизда мажбурий обуна қилинаётгани ҳақидаги мақоласига МУНОСАБАТ

×

 2019-12-06 08:25:09    222

PDF юклаш
Чоп этиш


"Озодлик"нинг яқинда ижтимоий тармоқда маълум қилган хабарига қараганда, эмишки, Ўзбекистоннинг ҳазинаси қуриб қолгани учун қўшимча солиқлар жорий этилиб, ундириш чоралари кўрилаётганмиш. Ё, алҳазар! Четда туриб Ўзбекистон ҳазинаси аҳволини қаердан билиб қўйибди ҳаводан ҳавоза ясаётганлар. Ҳа, айтгача, ахир ана шунақанги шов-шувли сохта маълумотларни сотиб кун кўрадилару улар. Бу сохта "маълумот"ни энди қанчага пулладингиз, биродар? 

Аслида муносабатга арзимасада, мамлакатда мажбурлаб обуна қилинаётгани ҳақидаги мақола юзасидан айрим мулоҳазалар билдириш орқали "ўзини маълум қилишни истамаганлар"нинг тўқималари орқали халқимизни ўзи танлаган ва дадил одимлаётган йўлидан чалғитишга уринаётганларга гап айтмоққа чоғландик. Қабул қилинажак қонун лойиҳаси, Президентимиз қарорларида мажбурий обунага йўл қўйилмаслиги ҳақида айтилгани, жамиятнинг энг зиёли қатлами ўқитувчи ёки бошқа маърифатга интиладиган одамлар босма нашрларни ўқимасин, дегани эмаслигини англаб олиш учун ортиқча ақл ҳам даркор эмас.

Ўқитувчи ўз номи билан зиёли, у биров мажбурламасдан ҳам тумани, вилояти, республикамиз, жаҳон айвонидаги ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий жараёнлардан бохабар бўлиш, унга муносабат билдириш ва ана шу жараёнларда қайнаётганини ҳис қилиш учун ҳам вақтли нашрларга обуна бўлиши табиий ҳол. Тўғри, ҳозирда бошқа оммавий ахборот воситалари ҳам бор: телевидение, радио, айниқса, ёлғон-яшиқларни ямламай, бутунича ютадиган интернетнинг айрим тармоқлари.  Улар орасида таҳминларга эмас, реал факт ва далилларга суянадиган, керак бўлса, асрлар давомида сақланадиган босма нашрларнинг ўрни беқиёс.

Обуна жараёнини педагогик ва бошқа жамоадагиларнинг ўз ҳоҳишлари асосида, аризаларига мувофиқ уюшган ҳолда ташкилланишида нима ёмонлик кўряпти экан, "Озодлик"дагилар? Ёки ўқувчиларни ота-оналарининг розилиги билан болаларбоп нашрларга жамоавий обуна бўлиши мажбурий обуна эмаслигини тушуниш шунчалар қийинми? Хусусан, Қўштепа туманидаги номини маълум қилишни истамаган, "ўн йилдан буён пул тўлаб, қайси газетага обуна бўлганини билмаган" ўқитувчи гўёки туман халқ таълими бўлими мудирининг буйруғини жўнатган эмиш! Қани айтган гаплари туҳмат ёки "Озодлик"дагиларнинг тўқимаси бўлмасма, унинг номини ошкор қилсин-чи. Ана шунда ҳолатга ойдинлик киритиш мумкин бўлади. Биздаги қонунларда оммавий ахборот воситалари орқали тухмат уюштиришга қонуний жавобгарлик белгиланган.

"Озодлик"дагилар балки шу йўл билан халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий фаоллигини оширишга, фуқаролик позицияси, тиббий, ҳуқуқий, маърифий маданиятини кўтаришга хизмат қилувчи босма матбуот йўлига ғов ташламоқчи, халқни саросимага солувчи шов-шувларга кенгроқ имконият яратмоқчи бўлаётгандир. Тарихга бир назар ташлайлик. Ўтган аср бошларида чор Россияси ўлкамизга ўз мафкурасини зўр бериб олиб   кираётган бир пайтда Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Маҳмудхўжа Беҳбудий сингари ўнлаб маърифатпарвар боболаримиз миллий матбуотимизни ташкил этиб, жаҳолатга қарши маърифат билан курашни бошлаганлар. Ўз жонларидан кечсалар-да, ўша даврдаёқ ҳурриятимиз тамал тошини қўйиб кетганлар. Ва даврлар ўтиб, ана шу фақат ўзимизга хос миллий мафкура Ўзбекистонни Ўзбекистон қилиб дунёга танитди. Бунда матбуотнинг ўрни ва роли беқиёс эканлигини ватандошларимиз жуда яхши биладилар.

Яна бир гап. Айрим амалдорлар "Озодлик"нинг сафсатасини пеш қилиб, Қўштепа туманидаги мактаб раҳбарларидан  "мажбурий обуна қилмаганман ва бундай қилмайман", қабилида тушунтириш, кафолат хатларини талаб қилаётгани ҳайратингни оширади. Ўз соясидан ҳам қўрқадиган бундай раҳбарларнинг қарашлари бўйича барча босма нашрларни ёпиб ташлаш керакдир, балки?! Бу аслида шу мақсадни кўзлаётган "Озодлик"чиларнинг тегирмонига сув қуйишдан бошқа нарса эмас-ку! Шоиримиз бир пайтлар "нима бизга Америка!" деб ёзганидай, "Озодлик" биз учун ким эканки, айрим раҳбарлар унинг бўхтонларидан шу қадар қўрқадилар?!

Энди "Озодлик"чилар чучварани ҳом санамасинлар. Ҳамиша маърифатга интилувчи ўқитувчи, шифокор, фермер, оддий ишчи, ҳатто ўқувчи бундан буён ҳам ихтиёрий равишда ўзига керакли, ўқишни истаган газетасига обуна бўлаверади! Уюшган ҳолда обуна бўлиш эса уларга қулайлик туғдиради. Обунани тарғиб этиш ва унга даъват қилиш мажбурий обуна эмаслигини тушуниб олиш учун жуда катта идрокнинг ҳожати бўлмаса керак, гапимизга қўшилмаслигингининг иложи йўқ, тўғрими?! 


Хадичахон КАРИМОВА,

журналист