Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 34 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

САЙЛОВ ВА СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР

×

 2019-11-20 10:21:57    331

PDF юклаш
Чоп этиш


Сиёсий партиялар мамлакатни мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожлантириш ҳамда демократияни таъминлашда фавқулодда муҳим роль ўйнайдиган жамоат бирлашмасидир.

Партиялар фуқароларнинг сиёсий ҳаётда, давлат бошқарувида иштирокини таъминлаш, демократик давлатда давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи бўлмиш – халқни сиёсий иродасини ифодалашнинг муҳим воситасидир.

Сиёсий партиялар кўп ҳолларда ҳокимиятнинг ижро этувчи ва қонун чиқарувчи тармоқлари ўртасида боғловчи бўғин вазифасини ўтаб, мазкур давлат ҳокимияти органларининг мамлакат ички ва ташқи сиёсати бўйича ҳаракатлар дастурини белгилаб олишда ҳам самарали таъсир кўрсатиши мумкин.

Ушбу муҳим институт фуқароларнинг уюшиш, фикрлаш, йиғилиш эркинликларига асосланади.

Сайловчиларга ижтимоий ривожланишнинг яхлит моделини таклиф қилиш ва ҳокимиятга келиб, ушбу таклифларни амалга ошириш имконияти сиёсий партияларни бошқа жамоат ташкилотларидан фарқловчи хусусиятлардан ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг сиёсий партияларга уюшиш ҳуқуқи мустаҳкамланди, сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалаши ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этиши эътироф этилди. Юртимизда сиёсий партияларнинг бевосита фаолиятига оид яхлит учта қонун қабул қилинган.

Ушбу қонунларда ЕХҲТнинг Инсонийлик мезонлари бўйича конференциясининг Копенгаген кенгаши ҳужжатида белгиланган алоҳида шахсларнинг ёки шахслар гуруҳларининг тўла эркинлик шароитида ўз сиёсий партияларини ёки бошқа сиёсий ташкилотларни тузиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш ҳамда бундай сиёсий партиялар
ва ташкилотларга ҳуқуқ ва давлат органлари олдида тенглик асосида, бир-бири билан мусобақалашиш имконини берувчи зарур юридик кафолатлар ўз аксини топган.

 “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунда давлат сиёсий партиялар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофаза этилишини кафолатлаши, уставда белгиланган ўз мақсадлари ва вазифаларини бажаришлари учун уларга тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб бериши қайд этилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилди.

Айниқса, 2017 йил 13 июлда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузаси партиялар фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришда ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилди. Президентимиз ушбу маърузада “бугун замоннинг ўзи барчамиздан, биринчи навбатда, сиёсий партияларнинг вакиллари, депутат ва сенаторлардан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни, бошқаларга намуна кўрсатишни талаб этмоқда” – деб таъкидладилар.

Ушбу вазифалар ижроси ўлароқ ўтган давр мобайнида сиёсий партияларга давлат бошқарувида янада кенг иштирок этиш учун зарур ҳуқуқий асослар қабул қилинди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзод у Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилганидан кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилиши ва маъқулланиши тартиби белгиланди, Бош вазир ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этадиган бўлди. Қонунчилик палатасининг фракциялари Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқиши ҳамда Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим бўлган фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқиши мустаҳкамлаб қўйилди. Жойлардаги партия гуруҳлари туман (шаҳар) ҳокимининг, шунингдек тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоят ёки Тошкент шаҳар ҳокимига хулоса тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Кейинги пайтларда кадрлар сиёсатида янги тажриба қўлланилиб, партия вакиллари давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимидаги турли юқори вазифаларга ўтказилмоқда. Сиёсий партиялар фракциялари аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси, депутатлик сўровлари миқдори сезиларли ортди.

Сиёсий партиялар қонунчилкка асосан муайян ҳуқуқларга эга бўлиб, уларни ичида энг муҳимларидан бири бу – қонунда белгилаб қўйилган тартибда давлат ҳокимияти органлари сайловларида иштирок этиш ҳисобланади.

Сайлов сиёсий партиялар учун ҳокимиятга эга бўлиш, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда иштирок этиш, ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашиш,  жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқариш, мамлакат ички
ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сайлаб қўйиладиган давлат органларидаги ўз вакиллари орқали тегишли қарорларни тайёрлашда иштирок этиш ва ниҳоят уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш имкониятини беради.

Миллий сайлов қонунчилигимизда сиёсий партияларнинг сайлов жараёнидаги барча иштироки эркин, мустақил, тенг ва адолатли шароитларда таъминланиши учун зарур қонуний кафолатлар белгиланган.

Сайлов кодексининг янгиликларидан бири бу – сиёсий майдон тўлиқ сиёсий партияларга берилиши, Экологик ҳаракатга қўйилган квота чиқариб ташлангани, ҳалқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан номзод кўрсатиш ҳуқуқининг чиқариб юборилганида намоён бўлади. Эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда 135 эмас, балки тўлиқ 150 та сайлов округида номзодларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бундай янгиликлар сиёсий майдонда партияларнинг янада ўзини намоён қилишига, кўппартиявийликни ва партиялараро рақобатни ривожлантиришга, парламентда кўпроқ ўрин олишига имконият яратади.

Сайлов кодексда сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди. Эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Аввалги қонунларда унинг фақат сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқигина қайд этилиб, шунингдек партия ваколатли вакилни ўз аъзолари орасидангина тайинлаши белгиланган эди.

Партиялар сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аввалги қонунлар бўйича фақат биттадан кузатувчи бериши мумкин бўлган бўлса, Сайлов кодексда биттадан бўлишга оид чеклов чиқариб ташланди. Бу ҳам очиқлик, ошкораликни, жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилади.

Қонунчилигимизга асосан партиялар номзодларни ўзлари мустақил, демократик асосларда танлайдилар.  Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида сайланади. Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин. Бундай талаб бежизга ўрнатилмаган. Ҳар қандай демократик сайловнинг муҳим шарти бу – сиёсий партиялар ўртасидаги ҳақиқий рақобат муҳити ҳисобланади. Бунга эса партия сайловгача бўлган муайян давр мобайнида шаклланиб, мамлакатнинг турли ҳудудларида ижтимоий қўллаб-қувватловига эга бўлгандагина эришиш мумкин.

Депутатликка номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилиб, номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан мустақил белгиланади. Сиёсий партиялар ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир. Ҳеч ким уларнинг номзодларни танлаш ишига аралаша олмайди. Сиёсий партия у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга, бу шахс тегишли сайлов комиссияси томонидан номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин. Сиёсий партия номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар тегишли сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин. Барча партиялар учун тенг шароит таъминланади. Сайлов комиссиялари сиёсий партияларга сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитларни, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг адолатли тақсимланишини, овоз беришнинг ва сайлов якунларини чиқаришнинг ҳалол бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўради.

Ташвиқот мақсадида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти ҳам сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Сиёсий партияларга босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммаларни, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ташвиқот учун тенг шароитлар яратилади. Сайловчилар билан учрашувлар сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади.

Сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловда, маҳаллий Кенгашларга сайловда иштирок этишини молиялаштириш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ана шу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқлари қонунчилик билан кафолатлаб қўйилган.

Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, бўлажак сайловларда фуқароларимизнинг сиёсий партияларга талаби юқори, сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат ҳар қачонгидан кўра кескин шароитда ўтиши билан аввалги сайловлардан мутлақо фарқ қилади. Зеро бугунги сайловчи бундан беш йил аввалги сайловчидан ўзининг ижтимоий-сиёсий онгу, тафаккури билан фарқ қилади. Шунингдек, мамлакатимизда демократик жараёнлар янги босқичга кўтарилган, оммавий ахборот воситаларининг янада эркинлашган, блогерлик фаолияти кенг ривожланаётган, ижтимоий тармоқлар таъсири кучайган, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига янада кенг уйғунлашаётган шароитда фақатгина кучли сиёсий партияларгина муносиб ўринни эгаллайдилар ҳамда Ҳукуматни шакллантиришда иштирок эта оладилар.


Миравзал МИРАКУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти бошлиғининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори