Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Маънавий хавфсизлик: уни таъминлаш миллий юксалишнинг бош омилидир
2019-10-14 09:55:50 431
Дунё мамлакатлари, миллатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро таъсир доираси шу қадар кенгайиб бормоқдаки, айни пайтда бундан тўла иҳоталанишга муваффақ бўлган давлат мавжуд эмас. Албатта, глобаллашув жараёнлари энг янги технологиялар асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, тезкор замонавий коммуникация ва алоқа воситалари, меҳнат унумдорлиги учун қулай шароитлар ва чекланмаган имкониятларни яратиб бермоқда. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатларнинг ўзаро яқинлашуви, жаҳон иқтисодиёти тизимига интеграциялашув жараёнларининг тезлашувига хизмат қилмоқда. Шунинг учун ҳам кўплаб тадқиқотчилар шиддат билан ўзгариб бораётган дунёда вужудга келаётган ихтилоф ва зиддиятларнинг асл сабабларини аниқлаш учун ижтимоий тараққиётнинг асосий мезонларини белгилаб олиш зарурлигини таъкидламоқдалар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 18 октябрдаги Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида “Биз бугун инсоният тараққиётининг, таъбир жоиз бўлса, кескин бурилишлар рўй бераётган тарихий босқичида яшамоқдамиз. Кейинги йилларда Ер юзида кескин геосиёсий ўзгаришлар рўй берди, халқаро миқёсда хавфсизлик ва барқарорлик тизими издан чиқмоқда. Глобаллашув жараёнининг тобора шиддатли тус олиши нафақат инсоният имкониятларини кенгайтирмоқда, балки зиддиятларнинг кескинлашуви, ривожланган ва қолоқ давлатлар ўртасидаги тафовутнинг ўсишига олиб келмоқда. Бунинг оқибатида тинчлик ва барқарорликка раҳна солаётган, моҳияти ва кўламига кўра, трансмиллий хусусиятга эга турли хатти-ҳаракатлар содир этилмоқда. Бошпанасиз қолиб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юрган одамлар оғир мусибатларни бошдан кечирмоқда, қуролли қарама-қаршиликлар ва терроризм оқибатида бегуноҳ болалар, кексалар, хотин-қизлар ҳалок бўлаётир. Охири кўринмайдиган урушлар туфайли кўплаб мамлакатлар вайронага айланмоқда”, деб энг долзарб муаммоларни кўрсатиб ўтган эдилар.
Статистик маълумотларга кўра, дунё миқёсида ҳар йили 4,5 миллиондан зиёд киши одам савдоси қурбони бўлмоқда. Ачинарлиси, уларнинг 1,2 миллиондан зиёди болалардир. Одам савдосининг тарқалиш даражасига кўра, Афғонистон жаҳонда иккинчи ўринни эгаллайди. Ушбу мамлакатлардан олиб чиқилаётган ва олиб кирилаётган “жонли товар”ларнинг ўртача ёши 10-18 ёшни ташкил этади.
Глобаллашув жараёнларининг яна бир жиҳати у мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб улгурганидир. Яъни ушбу ҳодиса миллий манфаатларимиз, юксак маънавиятли авлод келажагини таъминлаш йўлидаги давлат сиёсатини амалга оширишда жиддий таҳдидлардан бирига айланди ва ушбу таҳдидлар кундан-кунга кучайиб бормоқда. Маънавий таҳдидлар ирқи, тили, дини, эътиқодидан қатъий назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига, унинг айнан руҳий оламини издан чиқаришга қаратилган мафкуравий, ғоявий ва ахборот хуружларидир. Айни вақтда ахборот хуружлари атом қуролидан-да кучайиб бормоқда. Хабарингиз бор, кейинги пайтларда Интернет орқали хавфли ўйин – “Кўк кит” балоси тобора ёпирилиб келмоқда. Бугун ушбу ўйин кириб бормаган ҳудуд қолмади ҳисоб. 2016 йили ушбу ўйин туфайли Россияда 720 нафар, Қирғизистонда 95, Қозоғистонда 33 нафар ўсмир ўз жонига қасд қилган. Фақат Россиянинг “Vkontakte” ижтимоий тармоғида 300 дан ортиқ суиқасд гуруҳлари борлиги ҳам унинг хуружи тобора ортиб бораётганлигини англатади. Умуман айтганда эса дунё миқёсида Интернет орқали ҳар хил турдаги психологик урушлар авж олмоқда.
АҚШда ўтказилган тадқиқотда эса яна бир қизиқ ҳолат аниқланган. Яъни 7–18 ёшдаги болаларнинг 80 фоизи ҳар куни ўз электрон почтасига вирусли файл қабул қилади. Кибермаконда сайр қилаётган ҳар бешинчи бола Интернет таҳдидига бир марта бўлса-да учрагани, ҳар тўртинчиси ёшига мос бўлмаган ахборотни олгани ҳам юқоридаги фикрлар бежиз эмаслигидан далолат беради. Шунинг учун ҳам аксарият экспертлар болалар ва ўсмирларнинг Интернетдаги салбий ахборотлар оқими ҳамда информацион хуружлардан нисбатан кам ҳимоя қилинганини таъкидлашмоқда. Қолаверса, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро фонд — ЮНИСЕФ томонидан ташкил этилган сўровлар Интернетдан фойдаланадиган 90 фоиз болалар ахлоқсиз сурат ва видеоларга дуч келишини, 60 фоизи эса бу турдаги ахборотларни мақсадли равишда излаганини кўрсатди.
Мазкур хуружлар аниқ мақсадга қаратилган тажовуз бўлиб, улар турли хилдаги сиёсий технлогиялар асосида амалга оширилмоқда. Улардан бири АҚШлик социолог Жозеф Овертон томонидан ишлаб чиқилган “Ҳар қандай одатни ҳаётга сингдириш” деб номланган сиёсий технологиядир. Ушбу технологияга кўра, бирор тушунча ё ҳодисани онгга сингдириш бир нечта босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқич: Ақл бовар қилмаслик — ғоя сингдирилаётган жамиятда оммавий тарзда тақиқларни бекор қилишга эришиш;
Иккинчи босқич: Қатъиятлилик — олимлар ва мутахассисларни фаол тарзда жалб этиш: очиқ ва расмий тарзда конференциялар, симпозиумлар уюштириш;
Учинчи босқич: Маъқуллаш ва мақбуллик — жамиятга хос бўлган “гуноҳ” тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини ўзгартириш;
Тўртинчи босқич: Мантиқийлик — жамиятда илгари сурилган ғояга нисбатан турли қарашларни шакллантириш. Қаршилик қилганларни янги ғоялар кушандаси, эскилик сарқити сифатида қоралаш;
Бешинчи босқич: Стандарт ўлчов — мазкур ғоя оммавий ахборот воситаларида фаол тарғиб қилинади. Бу жараёнга машҳур кишилар жалб этилади. Одамлар онгига тегишли маълумотлар сингдирилади;
Олтинчи босқич: Амалдаги норма — ёт ғоялар меъёрий ҳужжатларга киритилади. Қачонлардир ақлга сиғмайдиган воқеликлар ижтимоий ҳаётнинг меъёрларига айланади.
Айни пайтда ушбу технологиялардан фойдаланган ҳолда ахлоқсизлик, ғоялари тарғиб этилмоқда, турли давлатларда рангли инқилоблар уюштириляпти. Хусусан, мазкур технологиялар асосида Шарқий Европанинг бир қатор мамлакатларида маҳаллий аҳоли иштирокида сиёсий режим алмашиниши билан тугалланадиган кўча тартибсизликлари ва оммавий намойишлар амалга оширилди. Жумладан, 2003 йили Грузиядаги Атиргуллар инқилоби, 2004 йили Украинадаги Зарғалдоқ ранг инқилоби, 2005 йили Қирғизистондаги Лолалар инқилоби, 2008 йилда Арманистондаги рангли инқилобга уриниш, 2010-2015 йилларда эса Яқин Шарқ ва Украинадаги инқилоблар шулар жумласидандир.
Мана шундай нозик вазиятда одамлар ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий-миллий қадриятларига, соғлом дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, шубҳасиз маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишидаги таъсирига бардош бериши қийин. Шу боис ҳам бугун Шарқ ва Ғарб бўладими ёки олис Африка ёхуд Осиё қитъаси бўладими маънавиятга қарши қандайдир таҳдид пайдо бўлса, ўз келажагини ўйлаб яшайдиган ҳар бир инсон, ҳар бир халқ ташвишга тушиши табиий, албатта. Ҳозирги давр цивилизацияси шундан далолат берадики, жамиятнинг маънавий хавфсизлигини таъминлай олмай туриб, истиқболли келажакни тасаввур қилиш мумкин эмас. Шу боис, жамиятда маънавий хавфсизликни таъминламай давлат миллий хавфсизлиги, юртимизда бугунги кунда кечаётган улкан ислоҳотларнинг самардорлигига эришиб бўлмайди. Чунки маънавият — инсоннинг, халқнинг, жамиятнинг, давлатнинг куч-қудратидир. Жаҳон тажрибасидан маълумки, илғор ва ривожланган давлат барпо этишнинг зарурий шарти ҳам юксак маънавиятга эга бўлишдир.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда барпо этилаётган адолатли демократик ҳуқуқий давлат ва юксак маънавиятли фуқаролик жамиятини шакллантиришда маънавият, маърифат ва тарбия масалалари давлат сиёсатининг асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” деган устувор ғояга алоҳида эътибор қаратиб, “Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Мамлакатимизни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда. Бу борада Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда”, деб таъкидлади.
Акбар ЭШМУРАДОВ,
ЎзМУ мустақил тадқиқотчиси