Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Iyul 2019 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 9 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

 2019-07-09 07:56:20    49

PDF yuklash
Chop etish


«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

(янги таҳрирда)


1-боб. Умумий қоидалар


Таклифлар 0

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг (бундан буён матнда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари деб юритилади) фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Таклифлар 0

2-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолияти Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан ҳам тартибга солинади.

Таклифлар 0

3-модда. Маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти

Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидир.

Халқ депутатлари Кенгашлари тегишли вилоят, туман, шаҳар ҳудудида истиқомат қиладиган фуқаролар томонидан сайланади, уларнинг иродасини ифода этади ва қонунчиликка мувофиқ уни амалга ошириш учун зарур чора-тадбирларни белгилайди.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими вилоят, туман ва шаҳарнинг олий мансабдор шахси ҳисобланади ва тегишли ҳудуддаги ижроия ҳокимиятини бошқаради. Вилоят, Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордирлар. Туман, шаҳар ҳокими юқори турувчи ҳоким ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордир.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга бўладилар.

Таклифлар 2

4-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг асосий принциплари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, ижтимоий адолат, демократизм, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудларни барқарор ривожлантириш, очиқлик ва фаолиятнинг шаффофлиги, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик.

Таклифлар 0

5-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қабул қиладиган ҳужжатлар

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши қарорлар қабул қилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими қарорлар қабул қилади ва фармойишлар чиқаради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган қарорлари лойиҳалари мажбурий тартибда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган қарорлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрлари ёки Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради, башарти қарорларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бошқа ҳужжатлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, улар имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органининг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарори вилоят, туман, шаҳар ҳудудида жойлашган барча давлат бошқаруви органларининг таркибий бўлинмалари, мансабдор шахслар, фуқаролар ва юридик шахслар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

Юқори турувчи маҳаллий давлат ҳокимияти оргаларининг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари, қуйи турувчи давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

Таклифлар 2

2-боб. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг асосий йўналишлари ва уларнинг ваколатлари


6-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг асосий йўналишлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг асосий йўналишлари:

вилоят, туман ва шаҳар учун умумий бўлган иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожланиш вазифаларининг амалга ошириш;

аҳолининг ҳаёти даражаси ва сифатининг мунтазам равишда ўсишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

ҳудуднинг саноат салоҳиятини ривожлантириш;

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида таркибий ўзгартиришларни таъминлаш;

тадбиркорликни ривожлантириш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш;

тегишли ҳудудда давлат экологик назоратини амалга ошириш, табиий ресурсларни ҳолатини баҳолаш, экологик зарарли объектлар ҳисобини юритиш, чиқиндилар билан боғлиқ объектларни жойлаштириш масалаларини ҳал қилиш;

аҳоли бандлиги соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш;

маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш, шунингдек бюджетдан ташқари жамғармаларни шакллантириш;

маҳаллий коммунал хўжалигига раҳбарлик қилиш;

ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболи ва аҳолини жойлаштириш тизимидан келиб чиқиб, шаҳарлар ва шаҳар аҳоли пунктларини қуриш ва ривожлантириш бўйича ишларни ташкил этиш;

оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этувчи органлар ва муассасаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги тадбирларнинг маҳаллий бюджетдан молиялаштирилишини таъминлаш;

туризмни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш;

ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни аниқлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш, ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат бошқарувининг ҳудудий органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

дори воситалари ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш;

васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга ошириш;

терроризмга қарши курашишни, одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи ҳамда солиқ ва божхона қонунчилигига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи давлат органларига зарур ёрдам кўрсатиш;

қонунийликни, ҳуқуқий-тартиботни ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

давлат стратегик ва заҳира резервларини шакллантиришни, уларни тўплаш, сақлаш ва янгилашни инобатга олган ҳолда таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

аҳоли пунктлари ва бошқа ҳудудлар учун ёнғин хавфсизлиги бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

давлат чегараларини қўриқлаш, фуқароларни ҳарбий тайёргарлигини ташкил этиш ва раҳбарлик қилиш, умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш билан боғлиқ чора-тадбирларни молиявий ҳамда моддий жиҳатдан таъминлаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа фаолиятлар ҳисобланади.

Таклифлар 8

7-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий ваколатларига:

ҳокимнинг тақдимига биноан, ҳудудни барқарор ривожлантириш стратегиясини, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш комплекс дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режаси ва уни қуриш қоидаларини тасдиқлаш;

вилоят ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетини, шунингдек туман ва шаҳар бюджетини тегишинча вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш;

вилоят ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетининг, шунингдек туман ва шаҳар бюджетининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тегишинча вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;

маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш;

тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида қонун ҳужжатларига мувофиқ маҳаллий солиқлар бўйича имтиёзлар белгилаш;

ҳоким ва унинг ўринбосарларини уларнинг фаолиятига доир ҳисоботини, шунингдек ҳокимнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини тинглаш;

халқ депутатлари Кенгашининг Иш тартибини, халқ депутатлари Кенгаши доимий ва бошқа комиссияси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;

халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссиясини, бошқа органини тузиш, сайлаш ва тугатиш, уларнинг таркибини ўзгартириш, улар ишига доир ҳисоботни тинглаш;

қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда тегишли халқ депутатлари Кенгашининг депутатининг ваколатини эътироф этиш ва муддатидан олдин тўхтатиш, уни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш;

фермер хўжаликларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги устидан назорат қилиш;

давлат бошқаруви органларининг таркибий бўлинмалари фаолияти устидан назорат қилиш;

давлат бошқаруви органларининг таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини, шу жумладан ички ишлар органлари, тегишинча соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, туман марказий кўп тармоқли поликлиникалари раҳбарлари, адлия органлари бошлиқлари ҳисоботларини эшитиш;

суд раисларининг судларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича фаолияти тўғрисидаги маълумотларини эшитиш;

тегишли прокурорларнинг ҳисоботларини эшитиш;

тегишли халқ депутатлари Кенгашининг депутати сўровини кўриб чиқиш ва у юзасидан қарор қабул қилиш;

ҳокимнинг ва қуйи турувчи Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мос келмайдиган қарорини бекор қилиш;

давлат ва ҳудудий дастурлари ҳамда халқ депутатлари Кенгашининг қарорлари ижросини назорат қилиш ва уларни ижро этмаганлиги юзасидан мансабдор шахсни интизомий жавобгарликка тортиш бўйича қонунда белгиланган тартибда тақдимномани киритиш;

халқ депутатлари Кенгаши котибиятининг тузилмасини, унинг ходимлари штатлари ва иш ҳақи фондини тасдиқлаш киради.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари бир йилда камида бир марта ўз мажлисида вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг тегишли суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитади. Халқ депутатлари Кенгашининг мазкур масала юзасидан қарори Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига юборилади.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашга, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, шунингдек ташкилий масалаларга доир унинг ваколатига берилган бошқа масалаларни ҳам ҳал этади.

Таклифлар 5

8-модда. Депутат назорати

Депутат назорати қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

маҳаллий бюджетни кўриб чиқиш ва қабул қилиш, шунингдек унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш;

давлат ва ҳудудий дастурларининг ҳамда халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг ижроси устидан назорат қилиш;

халқ депутатлари Кенгаши мажлисида тегишли ҳокимнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш ва унинг фаолиятига баҳо бериш;

халқ депутатлари Кенгаши мажлисида давлат бошқаруви органларининг таркибий бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш ва уларнинг фаолиятига баҳо бериш;

халқ депутатлари Кенгаши мажлисида прокурорлар, ички ишлар органлари раҳбарларининг қонунийлик, жиноятчиликка қарши курашиш ҳолати тўғрисидаги ҳисоботини эшитиш ва уларнинг фаолиятига баҳо бериш;

халқ депутатлари Кенгаши мажлисида суд раисларининг одил судловни амалга оширишдаги суд фаолияти тўғрисидаги малумотини эшитиш;

депутат сўровини юбориш.

Депутат назорати қонунга мувофиқ бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Депутат назорати натижалари эълон қилиниши керак.

Таклифлар 3

9-модда. Ҳокимнинг ваколатлари

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокими:

қонунларнинг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон, қарор ва фармойишларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг, юқори турувчи органлар ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг ижросини ташкил этади;

қонунийликни, ҳуқуқ-тартиботни ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофаза этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўради, табиий офатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда вазиятларда тегишли ишларни ташкил этади;

вилоят, туман, шаҳарни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгиловчи ҳудудларни барқарор ривожлантириш стратегиясини, бошқа комплекс дастурларни, вилоят ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг, туман ва шаҳар бюджетининг тегишли лойиҳасини, шунингдек унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни халқ депутатлари Кенгашига кўриб чиқиш ва тасдиқлатиш учун тақдим этади;

тасдиқланган маҳаллий бюджет параметраларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида тегишли халқ депутатлари Кенгашига, зарурат бўлганда, таклиф киритади;

маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва тегишли халқ депутатлари Кенгашига илтимоснома киритади;

муниципал мулкни бошқаради, уни ҳимоя қилиш чораларини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ер ва сув муносабатларини тартибга солишни амалга оширади;

аграр секторнинг оқилона ва самарали ишлашини таъминлайди, вилоят, туман ва шаҳар ҳудудида тадбиркорлик фаолияти ва инвестиция муҳити ривожланиши учун шароитлар яратади;

табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқига доир рухсатномаларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва шартларда беради;

ҳудудларни қуришнинг бош режаларини ишлаб чиқишни ташкиллаштиради, уни халқ депутатлари Кенгашига кўриб чиқиш учун киритади;

маҳаллий аҳамиятга эга бўлган ва муниципал мулкдаги, ижтимоий-маданий мақсадларга мўлжалланган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича буюртмачи бўлади;

коммунал тармоқлар ва иншоотларни қуришга рухсат беради;

маъмурий ҳудуднинг туманлар бўйича режалаштириш схемасини ишлаб чиқади ва уни халқ депутатлари Кенгашига тасдиқлатиш учун киритади;

ўз ваколат доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида тадбирлар ўтказилишини, белгиланган давлат стандартларига риоя қилган ҳолда фуқаронинг кафолатланган ҳамдаги бепул тиббий ёрдам олишга бўлган ҳуқуқини амалга оширилишини таъминлайди, давлат мулки шаклидаги соғлиқни сақлаш ташкилотларини кадрлар билан таъминлаш бўйича назоратни амалга оширади;

фуқаронинг бепул ва сифатли умумий таълим олишга бўлган ҳуқуқининг амалга оширилишини таъминлайди;

аҳоли бандлигига кўмаклашиш ва кам таъминланган оилаларнинг қисмини камайтириш бўйича дастурларни ишлаб чиқади ва халқ депутатлари Кенгашига тасдиқлатиш учун киритади, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

тарихий-маданий мерос объектларини қўриқлаш ва фойдаланиш бўйича ишларни ташкиллаштиради;

аҳолининг тарихий, миллий ва маданий урф-одат ва удумларининг ривожланишига кўмаклашади;

жисмоний тарбия ва спортнинг ривожланишига кўмаклашади;

аҳолининг кам таъминланган қатламларига ижтимоий ёрдам бериш бўйича ишларни мувофиқлаштиради ва қонун ҳужжатларига мувофиқ айрим тоифадаги фуқароларни уй-жой билан таъминлайди;

тегишли халқ депутатлари Кенгашига ўзининиг фаолияти бўйича, шунингдек вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этади;

ўз ўринбосарлари ва давлат бошқаруви органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

ҳоким девони бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

ўзи қабул қилган, шунингдек қуйи турувчи ҳокимнинг қарорини бекор қилади ёхуд тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўяди ва халқ депутатлари Кенгашига қуйи турувчи халқ депутатлари Кенгашининг ҳужжатини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритади, башарти улар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари қарорига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон, қарор ва фармойишига, Вазирлар Маҳкамаси қарорига, шунингдек юқори турувчи халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимнинг қарорига зид бўлса;

қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат бошқаруви органларининг таркибий бўлинмаларининг ишини мувофиқлаштиради;

ҳоким ҳужжатларининг ижросини назорат қилишни амалга оширади ва уларни бажармаганлиги юзасидан мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида қонунда белгиланган тартибда тақдимнома киритади;

давлат мукофотлари билан тақдирлашга доир илтимосномаларни кўриб чиқади ва таклифлар киритади;

республика ва хорижда вилоят, туман ҳамда шаҳарнинг расмий вакили сифатида иш кўради;

қонун ҳужжатларида белгиланадиган алоҳида солиқлар бўйича белгиланган ставкаларга ҳудудларнинг ҳамда фаолиятни амалга ошириш жойининг хусусиятларини инобатга олган ҳолда пасайтирувчи ва ошиб борувчи коэффициентларни киритади;

аҳолини қабул қилишни ташкил этади, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади.

ҳудудни ривожлантириш, режалаштириш, бюджет, молия, ҳисоб-китоб, вилоят, туман, шаҳар мулкини бошқариш соҳасида қонун ҳужжатлари билан унинг ваколатига берилган бошқа масалаларни ҳам ҳал этади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими тегишли ҳудудда унга юклатилган вазифаларни бажаришда давлат бошқаруви органлари таркибий бўлинмаларига бевосита раҳбарликни амалга оширади.

Таклифлар 12

10-модда. Ҳокимларнинг халқ олдидаги ҳисоботи

Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари бир йилда камида икки маротаба халқ олдида ўзларининг фаолияти тўғрисида ҳисобот беради.

Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилининади (чоп этилади).

Таклифлар 2

11-модда. Ҳокимнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини халқ депутатлари Кенгаши томонидан эшитиш

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими ҳар йили тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботи тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида эшитилади. Мазкур мажлис вилоятларда ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай, туманлар ва шаҳарларда эса вилоятларда тегишли мажлислар ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ўтказилади.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли вилоят ва Тошкент шаҳридан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, давлат бошқаруви органлари вилоят ва Тошкент шаҳар таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари таклиф этилади.

Туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли сайлов округларидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ва халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, давлат бошқаруви органларининг вакиллари, вилоят ҳокими ёки унинг ўринбосарлари, давлат бошқаруви органлари туман ва шаҳар таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари таклиф этилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг, сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва бошқа шахслар қатнашишлари мумкин.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилиниб, унда тегишли ҳоким, унинг ўринбосарлари ва ҳоким девони ишининг самарадорлигига комплекс баҳо берилади, уларнинг ишини такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек қарор амалга оширилишининг бориши устидан назоратни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилади. Халқ депутатлари Кенгаши томонидан ҳокимнинг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича ҳокимнинг фаолиятига баҳо берилади ва унинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида тавсиялар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президентига ёки юқори турувчи ҳокимга юборилади.

Таклифлар 2

12-модда. Ҳокимлар фаолиятини баҳолаш

Вилоят, Тошкент шаҳар, туман, шаҳар ҳокимларининг фаолияти тегишинча Вазирлар Маҳкамаси, халқ депутатлари Кенгаши ва юқори турувчи ҳоким томонидан ҳар чоракда комплекс равишда ўрганиб чиқилади.

Ҳокимлар фаолиятининг самарадорлиги кўрсаткичлари рўйхати, ҳоким фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш методикаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади.

Ўз фаолияти даврида тегишли ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ривожланишни, ишбилармонлик муҳити, тадбиркорлик фаолияти ривожланишини лозим даражада таъминлаб бера олмаган шахслар ҳоким лавозимига такроран кўрсатилишига йўл қўйилмайди.

Таклифлар 0

13-модда. Суд раислари маълумотларини халқ депутатлари Кенгаши томонидан эшитиш

Вилоят ва Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раислари одил судлов бўйича суд фаолияти тўғрисидаги маълумотларни йилига бир марта тегишли халқ депутатлари Кенгашига тақдим этади.

Суд раислари маълумотларини эшитишда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзолари қатнашади, шунингдек тегишли ҳудудларда жойлашган давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа шахслар таклиф қилиниши мумкин.

Маълумотларни муҳокама қилиш вақтида, халқ депутатлари Кенгаши депутатларининг суд раисига йўналтирилган саволлари суд иш юритувида бўлган аниқ бир иш ва материалларга тааллуқли бўлмаслиги керак.

Суд раиси маълумотларини муҳокама қилиш якунлари бўйича унинг фаолиятига баҳо берилади ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига тавсифнома юборилади.

Таклифлар 1

14-модда. Прокурорлар ҳисоботларини халқ депутатлари Кенгаши томонидан эшитиш

Вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар прокурорлари қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишни таъминлаш бўйича ўзларининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини йилига бир марта тегишли халқ депутатлари Кенгашига тақдим этади.

Прокурорларнинг ҳисоботини эшитишга тегишли ҳудудларда жойлашган давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотлар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа шахслар таклиф қилиниши мумкин.

Прокурорларнинг ҳисоботларини эшитиш вақтида юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ва ишларнинг натижалари танқидий жиҳатдан муҳокама қилинади, уларнинг фаолияти самарадорлигига шахсан баҳо берилади, шунингдек эгаллаб турган лавозимига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида тавсиялар қабул қилинади.

Таклифлар 0

15-модда. Халқ депутатлари Кенгаши томонидан ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг бошлиқлари ҳар чоракда тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаларининг (бўлимларининг) бошлиқлари ҳар чоракда ва уларнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари–ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўлимлари (бўлинмалари) бошлиқлари ҳар ойда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида ҳисоботлар тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишга тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг, сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин.

Юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ва ишларнинг натижалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш чоғида танқидий жиҳатдан муҳокама қилинади, уларнинг фаолияти самарадорлигига шахсан баҳо берилади, шунингдек эгаллаб турган лавозимига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида тавсиялар қабул қилинади.

Таклифлар 0

16-модда. Халқ депутатлари Кенгаши томонидан адлия органларининг ахборотини эшитиш

Ҳудудий адлия бошқармаларининг бошлиқлари ҳар ярим йиллик якунлари бўйича тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига жойлардаги норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.

Ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилиниб, қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилади.

Туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг бошлиқлари ҳар чоракда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.

Туман (шаҳар) адлия бўлими бошлиғининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилиниб, қарор ҳудудий адлия бошқармасига юборилади.

Таклифлар 3

3-боб. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг иқтисодий асоси


17-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг иқтисодий асоси

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг иқтисодий асосини:

маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг давлат мулки (муниципал мулк);

маҳаллий бюджет, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджетдан ташқари жамғармаларининг маблағлари;

мулкий ҳуқуқлари;

вилоят, туман ва шаҳарда мавжуд бўлиб, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга хизмат қилувчи бошқа мулк ташкил этади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мутлоқ Ўзбекистон Республикаси мулкида бўлган давлат мулки объектларига нисбатан ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларни самарали жойлаштириш, табиий ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида назоратни амалга оширадилар. Бунда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекциясининг хулосасига кўра яроқсиз деб топилган давлат кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Муниципал мулк, шунингдек республика мулки объектларини бошқариш тартиби ушбу Қонун, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан йўлга солинади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари жисмоний ва юридик шахслар учун Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилмаган, тадбиркорлик фаолияти эркинлигига тўсқинлик қиладиган чекловларни жорий этишга ҳақли эмаслар.

Таклифлар 0

18-модда. Вилоят, туман, шаҳар мулки

Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари Кенгаши муниципал мулк ҳуқуқини тегишли ҳудудда амалга оширади.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши муниципал мулк объектларига, шу жумладан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзи сотиб олган мулкка нисбатан мулкдор ваколатларини тўлиқ амалга оширади.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг мол-мулки, маҳаллий бюджетларнинг маблағлари ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг маблағлари вилоят, туман, шаҳар мулкидир. Вилоят, туман, шаҳар аҳамиятига эга бўлган муҳандислик инфратузилмаси объектлари ва бошқа объектлар, корхоналар ва бирлашмалар, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, фан ва маданият муассасалари, вилоят, туман, шаҳар маблағи ҳисобидан ташкил этилган ёки сотиб олинган, шунингдек улушбай асосларда ташкил этилган ёки сотиб олинган ёхуд халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашига бошқа манбалардан бепул берилган қимматли қоғозлар ва молия активлари вилоят, туман, шаҳар мулки бўлиши мумкин.

Таклифлар 1

19-модда. Муниципал мулк объектларини бошқариш

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари муниципал мулк объектларини қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқаради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

муниципал мулк объектларини Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган тартибда ва доирада вақтинча ёки доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш учун бериш;

муниципал мулк объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш ҳақида қарорлар қабул қилиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида меҳнатга лаёқатсиз шахсларнинг алоҳида тоифалари, ёлғиз қариялар, пенсионерлар ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимояланмаган, кам таъминланган бошқа тоифалари, шунингдек турар жойга муҳтож ёш оилалар, алоҳида иқтидорли ва юқори малакали мутахассислар учун мақсадли коммунал уй-жой фондини тузиш ҳуқуқига эга.

Таклифлар 2

20-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларини тартибга солиши

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими:

корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, деҳқон хўжаликлари ва фуқароларга эгалик қилиш, фойдаланиш учун ва ижарага ер беришга, бу субъектларнинг ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб қўйиш, шунингдек ерларни олиб қўйиш (қабул қилинган бу хусусдаги қарорлар халқ депутатлари тегишли Кенгаши томонидан тасдиқланади);

ер майдонларига бўлган ҳуқуқлар ва уларга оид битимларнинг рўйхатдан ўтказилишини ташкил қилиш, давлат ер кадастрини юритиш бўйича ишларни маҳаллий бюджетдан молиялаштириш, кадастр объектлари ҳисобини юритиш, шунингдек давлат ер кадастри юритилишини ташкил қилиш ва назорат қилиш ҳуқуқига эга.

Халқ депутатлари Кенгаши, ҳоким Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ер муносабатларига доир бошқа масалаларни ҳал қиладилар.

Таклифлар 3

21-модда. Маҳаллий бюджет

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари маҳаллий бюджетларнинг шакллантирилиши, тасдиқланиши, фойдаланилишини ҳамда улардан фойдаланиш устидан назорат қилишни мустақил амалга оширади.

Маҳаллий бюджетларнинг даромадлари қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:

умумдавлат солиқлари;

маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;

юридик ва жисмоний шахслардан, шунингдек хорижий давлатлардан келган қайтарилмайдиган пул тушумлари;

бозорлардан тушадиган даромадлар;

бошқа даромадлар.

Таклифлар 2

22-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вилоят, туман, шаҳар бюджетдан ташқари жамғармалари

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши бюджетдан ташқари жамғармалар ташкил этиши мумкин, уларга қуйидагилар киритилади:

жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий бадаллари ва хайриялари;

таъсисчилари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бўлган давлат унитар корхоналарининг ажратмалари;

жисмоний ва юридик шахслар, хорижий ва халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вилоят, туман, шаҳар бюджетдан ташқари жамғармаларининг маблағлари шахсий ғазна ҳисобварақларида туради, олиб қўйилмайди ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимнинг қарорига кўра сарфланади.

Таклифлар 1

23-модда. Вилоят, туман ва шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини бошқариш

Вилоят, туман ва шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини бошқариш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари ва фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилган ҳолда ишлаб чиқиладиган Ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси, ҳудудларни узоқ муддатли ва ўрта муддатли комплекс ривожлантириш дастурлари асосида амалга оширилади.

Ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси келишилган стратегик мақсад ва вазифалар комплексини қамраб олувчи, аҳоли, ишбилармон ҳамжамияти, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари манфаатларига мос келувчи ҳамда реал асос ва имкониятларни ҳисобга олган ҳолда сифат жиҳатидан янги ҳолатга ўтишга қаратилган узоқ муддатли мўлжалларни назарда тутади.

Таклифлар 0

4-боб. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро муносабатлари


24-модда. Халқ депутатлари Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати билан ўзаро муносабатлари

Халқ депутатлари Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати билан ўзаро муносабатлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари ва энг муҳим муаммоларини ҳал этиш, шунингдек халқ депутатлари Кенгашларининг доимий комиссияларига амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш учун амалга оширилади.

Халқ депутатлари Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Комиссиялари ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари ҳузурида ишчи гуруҳлар тузилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Комиссияси ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари қўшма мажлис ўтказиши мумкин.

Таклифлар 2

25-модда. Ҳокимларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан ўзаро муносабатлари

Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатлари доирасида:

ҳудудларнинг иқтисодий ва ижтимоий-маданий ривожлантирилишини таъминлаш билан боғлиқ масалаларда ҳокимларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳал этилиши талаб қилинадиган масалаларга доир таклифларини кўриб чиқади;

вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди, бунда чиқиб қоладиган баҳсли масалаларни ҳал этади;

ҳудудларни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичларини тасдиқлайди;

ҳокимлар белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йиллик маърузасини ишлаб чиқишда иштирок этади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ваколатли вакиллари фаолият юритади.

Таклифлар 0

26-модда. Ҳокимларнинг давлат бошқаруви органлари билан ўзаро муносабатлари

Вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари ўзларига берилган ваколатлар доирасида давлат бошқаруви органлари билан ҳамкорликда уларнинг тегишли ҳудудлардаги таркибий бўлинмалари фаолияти устидан раҳбарликни амалга оширади.

Таклифлар 1

27-модда. Ҳокимларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро муносабатлари

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ўз олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ва ўзларига берилган ваколатлар доирасида, жамоат тартибига риоя этишни, фуқаролар хавфсизлигини, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ва соғлиғини муҳофаза қилишни, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни таъминлаш, паспорт-виза режимига риоя қилиш, ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш масалаларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштиради.

Таклифлар 3

28-модда. Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий тузилмаларининг давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари берилган ваколатлари доирасида ўзларига юклатилган вазифаларни бажариш учун Қорақалпоғистон Республикасининг, Ўзбекистон Республикаси бошқа вилоятлари, шаҳарлари ва туманларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан шартномалар ва бошқа асосларда ўзаро муносабатлар ўрнатишга ҳақлидирлар.

Таклифлар 0

29-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро муносабатлари

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими тегишли ҳудудда ўзини ўзи бошқаришни ривожлантиришга кўмаклашадилар, ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини йўналтириб турадилар.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда оммавий, сиёсий, маънавий-маърифий, маданий, спорт ва бошқа тадбирларни, шунингдек муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш, муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича тадбирларни ўтказишни, тегишли ҳудуднинг, сув таъминоти манбаларининг, турар жойларнинг, таълим муассасаларининг санитария ва экология ҳолати, ёнғинга қарши хавфсизлик талабларига, ҳайвонларни сақлашнинг ветеринария-санитария қоидаларига, савдо қоидалари ва фуқароларга хизмат кўрсатиш маданиятига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда ҳамкорлик қилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари доирасида:

маъмурий-ҳудудий бирликлар, маҳаллаларнинг чегараларини ўзгартириш, маҳаллалар, кўчалар, майдонлар ва бошқа объектларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш ҳақидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг илтимосномаларини;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кам таъминланган оилаларнинг, етим болаларнинг, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳамда табиий офатлардан ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларнинг моддий ва уй-жой, маиший шароитларини яхшилаш, шунингдек янги дафн этиш жойларини барпо этиш ва мавжуд бўлганларини реконструкция қилиш тўғрисидаги таклифларини;

мансабдор шахсларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг тақдимномаларини кўриб чиқади ва ҳал қилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими ҳар чоракда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ўзининг фаолияти тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳисобот тақдим этади.

Таклифлар 3

30-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро муносабатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ташаббусларини ривожлантириш ҳамда ролини кучайтириш, шунингдек уларнинг жойларда социал ва ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишдаги иштирокини рағбатлантириш мақсадида халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қонун ҳужжатларига мувофиқ жамоат фондлари тузишлари мумкин.

социал ва ижтимоий аҳамиятга молик дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлигини чуқурлаштиришга кўмаклашиш учун, шунингдек ижтимоий шериклик ҳолатининг мониторингини ва баҳоланишини амалга ошириш учун жамоат фондлари маблағларининг тақсимланиши ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари ташкил қилиниши мумкин.

Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг депутатлари, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими девонларининг, адлия ва молия органларининг, шунингдек бошқа давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари орасидан раис, унинг ўринбосари, масъул котиб ва комиссия аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва таъминлаш, бошқа социал ва ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш мақсадида ташкил этиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳоким девонлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ҳамда жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида белгиланган тартибда иштирок этишга ҳақли.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари қонунда белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятига аралашишига, худди шунингдек нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг юқоридаги органларнинг фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

Таклифлар 1

5-боб. Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг тузилмаси ва улар фаолиятининг ташкилий асослари


31-модда. Халқ депутатлари Кенгашини сайлаш

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ вилоят, туман, шаҳар аҳолиси томонидан сайланадиган халқ депутатларидан иборат бўлади.

Халқ депутатлари Кенгашининг депутатлари сони қонун билан белгиланган меъёрлар доирасида ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилма аҳолисининг умумий сонига пропорционал тарзда аниқланади.

Халқ депутатлари Кенгашининг ваколат муддати – беш йил.

Маъмурий-ҳудудий бирлик қайта ташкил этилганда (бирлаштирилганда, қўшилганда, ўзгартирилганда, ажралиб чиққанда ёки бўлинганда) халқ депутатлари Кенгаши депутатлари ўз ваколатларини сақлайдилар ва қайта сайланган халқ депутатлари Кенгаши сессияси иш бошлагунга қадар сайловчилар сонининг кўп қисмини ичига олган қайта ташкил этилган халқ депутатлари Кенгашларининг депутатлари бўлиб ҳисобланадилар.

Маъмурий-ҳудудий бирлик тугатилганда тегишли халқ депутатлари Кенгаши тугатилади.

Таклифлар 1

32-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг фаолияти

Халқ депутатлари Кенгаши ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, Халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссиялари, бошқа органлари, раиси, депутатлари ва котиби орқали сессияларда амалга оширади.

Халқ депутатлари Кенгаши йилига камида бир марта аҳоли олдида халқ депутатлари Кенгаши амалга оширган ишлари, унинг комиссиялари фаолияти тўғрисида ҳисобот беради.

Фаолиятини очиқлигини таъминлаш мақсадида Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда доимий ва муваққат комиссиялар ўз фаолияти тўғрисидаги маълумотларни шу жумладан, режалаштирилаётган мажлислар ва тадбирлар, кўриб чиқилиши мўлжалланаётан масалалар, қабул қилинган қарорлар ҳамда ҳоким, суд раиси, прокурор, ички ишлар органлари ва давлат бошқаруви органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарларини ҳисоботини эшитиш, оммавий-ахборот воситаларида ўз вақтида  эълон қилинишини (чоп этилишини) таъминлайдилар.

Таклифлар 2

33-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг сессияси

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий иш шакли сессиядир. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг сессиялари Халқ депутатлари Кенгашининг раиси томонидан чоракда камида бир марта чақирилади ва олиб борилади. Сессия, шунингдек халқ депутатлари тегишли Кенгаши депутатлари камида учдан бир қисмининг ташаббусига биноан ҳам чақирилиши мумкин.

Навбатдан ташқари сессия Халқ депутатлари Кенгаши раиси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашига сайланган депутатларни камида учдан бир қисмининг таклифи, шунингдек тегишли хокимнинг таклифига асосан чақирилади. Навбатдан ташқари сессия унинг ўтказилиши тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан беш кунлик муддатдан кечиктирмай чақирилиши лозим. Навбатдан ташқари сессияда фақат унинг чақирилишига асос бўлган масалалар кўриб чиқилади.

Халқ депутатлари Кенгашининг сессияси ҳар йили февраль ойидан кечиктирмасдан ўтказилади, унда ҳокимининг ҳисоботи эшитилади.

Кенгаш сессиясини чақириш тўғрисидаги қарордан депутатлар сессия очилишидан камида етти кун олдин Халқ депутатлари Кенгашининг котиби томонидан хабардор қилинади.

Янги сайланган халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг биринчи сессияси тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси раиси томонидан сайловдан кейин кечи билан уч ҳафталик муддат ичида чақирилади ва у кекса депутатлардан бири томонидан очилади.

Халқ депутатлари Кенгашининг сессияси, башарти унда жами депутатларнинг камида учдан икки қисми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиясида муҳокама қилинаётган масалалар бўйича очиқ ёки яширин овоз бериш орқали, депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилинади.

Халқ депутатлари Кенгашининг қарорига мувофиқ сессия ишида Халқ депутатлари Кенгаши томонидан белгиланган ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатга танаффус эълон қилиниши мумкин.

Сессиянинг давомийлиги Халқ депутатлари Кенгаши томонидан белгиланади.

Таклиф этилган давлат бошқаруви органлари таркибий бўлинмаларининг ҳамда тегишли ҳудудда жойлашган ташкилотларнинг раҳбар ва бошқа мансабдор шахслари халқ депутатлари Кенгаши тасарруфига тааллуқли масалалар бўйича маълумот бериш учун халқ депутатлари Кенгашининг сессиясига келишга мажбурдир.

Зарурат туғилганда Халқ депутатлари Кенгаши сессияни ёпиқ тарзда ўтказиш бўйича қарор қабул қилиши мумкин.

Таклифлар 2

34-модда. Халқ депутатлари Кенгаши Регламенти

Халқ депутатлари Кенгаши сессияларини чақириш ва ўтказиш, сессия муҳокамасига масалалар киритиш ва уларни қараб чиқиш, халқ депутатлари Кенгаши органларини ташкил этиш ва сайлаш, уларнинг фаолиятига доир ҳисоботларни тинглаш, депутатлар сўровларини, қарор лойиҳаларини қараб чиқиш, овоз бериш, қарорларни эълон қилиш, сессияга таклиф этиладиган шахслар сонини аниқлаш тартиби, шунингдек депутатларнинг масъулияти ва сессия ишини ташкил этишга доир бошқа масалалар халқ депутатлари Кенгаши Регламентига мувофиқ белгиланади.

Таклифлар 1

35-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссиялари

Сессия муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда қараб чиқиш ва тайёрлаш, халқ депутатлари Кенгаши қарорларини ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини рўёбга чиқариш учун кўмаклашиш, ваколатлари доирасида назорат ўрнатиш мақсадида халқ депутатлари Кенгаши ўз ваколати муддатига доимий ва муваққат комиссиялар тузади. Комиссиялар тўғрисидаги Низом тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Доимий ва муваққат комиссиялари раислари, аъзоларининг номзодлари депутатларнинг қайси партияга ёки гуруҳга мансублигини ҳамда сайлов якунлари бўйича олинган депутатлик ўринларини инобатга олган ҳолда умумий қарор билан белгиланади.

Таклифлар 1

36-модда. Халқ депутатлари Кенгаши раиси

Халқ депутатлари Кенгаши раиси унинг депутатлари ичидан сайланади.

Халқ депутатлари Кенгаши раиси халқ депутатлари Кенгашининг депутатлари орасидан очиқ овоз бериш орқали депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан сайланади

Халқ депутатлари Кенгаши раиси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади.

Халқ депутатлари Кенгаши раиси халқ депутатлари Кенгашининг янги чақириқ биринчи сессиясида сайланади.

Халқ депутатлари Кенгаши раиси:

Халқ депутатлари Кенгаши сессиясини чақириш тўғрисида қарор қабул қилади;

Халқ депутатлари Кенгаши сессиясининг муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади ва кун тартибини шакллантиради;

Халқ депутатлари Кенгаши сессиясини олиб боради, Халқ депутатлари Кенгаши Регламентига риоя этилишини таъминлайди;

Халқ депутатлари Кенгаши сессиясида қабул қилинган ёки тасдиқланган халқ депутатлари Кенгашининг қарорлари, баённомалар ва бошқа ҳужжатларини имзолайди;

Халқ депутатлари Кенгаши сессиялари, унинг доимий комиссиялари ва бошқа органлари ҳамда сайлов округларида иштирок этишлари учун депутатларни хизмат вазифаларини бажаришдан озод этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади;

Халқ депутатлари Кенгаши қотибиятининг ходимларини тайинлайди ва уларни лавозимидан озод қилади;

Халқ депутатлари Кенгашининг доимий комиссиялари ва бошқа органлари ҳамда депутатлик гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

Халқ депутатлари Кенгаши сессиясида овоз беришда агарда депутатлар томонидан берилган овозлар тенг бўлинган тақдирда, Халқ депутатлари Кенгаши раиси ҳал қилувчи овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланади.

Таклифлар 3

37-модда. Халқ депутатлари Кенгаши котиби

Халқ депутатлари Кенгаши котиби доимий асосда ишлайдиган мансабдор шахс ҳисобланади. У депутатлар орасидан очиқ ёки яширин овоз бериш йўли билан депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози орқали сайланади ва халқ депутатлари Кенгаши томонидан сессияда лавозимидан озод қилинади. Халқ депутатлари Кенгаши котиби халқ депутатлари Кенгашининг ваколат муддатига сайланади.

Халқ депутатлари Кенгаши котиби лавозимига номзод депутатлар томонидан халқ депутатлари Кенгаши сессиясида илгари сурилади.

Халқ депутатлари Кенгаши котиби:

халқ депутатлари Кенгаши сессияларини ва унда кўриб чиқиладиган масалаларнинг тайёрланишини ташкиллаштиради, баённома тузилишини таъминлайди ва раис билан биргаликда халқ депутатлари Кенгаши сессиясида қабул қилинган ёки тасдиқланган қарорларни, бошқа ҳужжатларни имзолайди;

халқ депутатлари Кенгаши депутатларига ўз ваколатларини амалга оширишда кўмаклашади ҳамда уларни зарур маълумотлар билан таъминлайди;

депутат сўровлари ва депутат мурожаатларининг кўриб чиқилишини назорат қилади;

халқ депутатлари Кенгаши котибияти фаолиятини бошқаради;

доимий равишда халқ депутатлари Кенгашига сайловчиларнинг мурожаатлари ва улар бўйича амалга оширилган чоралар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади;

халқ депутатлари Кенгашининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этади;

халқ депутатлари Кенгаши қарорларини чоп этилишини таъминлайди;

халқ депутатлари Кенгаши раиси йўқлигида унинг ваколатларини вақтинча амалга оширади;

халқ депутатлари Кенгаши қарорига кўра бошқа функцияларни амалга оширади.

Халқ депутатлари Кенгашининг котиби халқ депутатлари Кенгашининг комиссиялариди бўлишга ҳақли эмас.

Халқ депутатлари Кенгашининг котиби йўқлигида, халқ депутатлари Кенгаши раисининг қарорига кўра, унинг ваколатлари вақтинчалик халқ депутатлари Кенгаши доимий комиссияларининг раисидан бири томонидан ёки халқ депутатлари Кенгаши депутати томонидан амалга оширилади.

Таклифлар 1

38-модда. Халқ депутатлари Кенгаши фаолиятини ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан таъминлаш

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан таъминлаш тегишли Халқ депутатлари Кенгаши котибияти томонидан таъминланади.

Халқ депутатлари Кенгаши котибияти фаолияти Кенгашнинг Регламенти билан тартибга солинади.

Халқ депутатлари Кенгаши ваколат муддати тугаганда Халқ депутатлари Кенгаши котибияти ходимларининг фаолияти тўхтатилмайди.

Халқ депутатлари Кенгаши котибияти маҳаллий бюджет ҳисобидан таъминланадиган давлат муассасаси ҳисобланади.

Вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгаши котибиятининг намунавий тузилмаси ва штатлари тегишинчи вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгаши томонидан белгиланади. Қорақалпоғистон Республикасида туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгаши котибиятининг намунавий тузилмаси ва штатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан белгилаб қўйилади.

Таклифлар 0

6-боб. Маҳаллий ижроия ҳокимиятининг фаолиятини ташкил этиш тартиби


39-модда. Маҳаллий ижроия ҳокимиятнинг раҳбарияти

Вилоят, туман, шаҳар ижроия ҳокимиятига ҳоким бошчилик қилади. Ҳоким Ўзбекистон Республикаси Президенти белгилайдиган миқдорда биринчи ўринбосар ва ўринбосарларга эга бўлади.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳамда ўринбосарлари ҳоким томонидан Ўзбекистон Республикасининг Президенти билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади Туман, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари тегишли ҳоким томонидан юқори турувчи ҳоким билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади

Шаҳардаги туман, туманга бўйсунувчи шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари тегишли ҳоким томонидан юқори турувчи ҳоким билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси тавсияси асосида лавозимга тайинланади.

Вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими бўйича тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг ўринбосари бўлади.

Вилоятлар ва туманлар, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда шаҳарлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари лавозими бўйича тегишинча вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари бошлиқлари ҳамда туманлар ва шаҳарлар қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари бошлиқлари ҳисобланади;

Ҳокимнинг ўринбосарлари ҳоким томонидан белгиланган вазифалар тақсимотига мувофиқ иш бажарадилар. Ҳоким йўқлигида ёки у зиммасидаги вазифаларни бажариш имкониятига эга бўлмаган тақдирда унинг ваколатларини биринчи ўринбосар ёки ҳокимнинг топшириғига биноан унинг ўринбосарларидан бири бажаради.

Ҳоким, унинг ўринбосарлари, ҳоким девонининг бошқа бошқарув ходимлари бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллашлари ҳақли эмас, қонунда ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Ҳокимлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва тешишли Ҳалқ депутатлари Кенгашлари олдида жавобгар ҳисобланади.

Таклифлар 1

40-модда. Ҳоким девони тузилмаси ва штатлари

Ҳокимга юклатилган мажбуриятларни бажариш ва берилган ваколатларини амалага ошириш учун вилоят, туман шаҳар ҳокимининг девони тузилади.

Ҳоким девони бошқармалар, бўлимлар ва бошқа бўлинмалардан иборат бўлиб, уларнинг тузилмаси, уларни ташкил этиш тартиби ва фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган тегишли низомлар билан белгиланади.

Вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокими девонининг намунавий тузилмаси ва штатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб қўйилади. Қорақалпоғистон Республикасида туман ва шаҳар ҳокими девонининг намунавий тузилмаси ва штатлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан белгилаб қўйилади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими девони тузилмаси ва штатлари ҳоким томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида тасдиқланади ва ўзгартирилади.

Туман, шаҳар ҳокими девони тузилмаси ва штатлари ҳоким томонидан юқори турувчи ҳоким билан келишилган ҳолда ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида тасдиқланади ва ўзгартирилади.

Таклифлар 0

41-модда. Ҳокимни тайинлаш ва лавозимдан озод этиш

Вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокими лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда эркин сўзлаша оладиган, бевосита тегишли Кенгаш томонидан номзоди тасдиқланишигача камида беш йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши мумкин.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари Бош вазир томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзоди тасдиқланган ҳисобланади

Агар овоз бериш вақтида вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти мазкур лавозимларга номзодларни партия гуруҳлари билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг бир ой ичида яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Тегишли халқ депутатлари Кенгаши тақдим этилган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодларини уч марта рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчини тайинлаш, тегишли халқ депутатлари Кенгашини тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга. Бунда халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорига мувофиқ ҳоким номзоди бўйича фармон қабул қилади.

Туман, шаҳар ҳокимлари вилоят ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Туман, шаҳар ҳокими номзодлари вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими томонидан шаҳар ва туман халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг тегишли халқ депутатлари Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган туман ва шаҳар ҳокими номзоди тасдиқланган ҳисобланади.

Агар овоз бериш вақтида туман ва шаҳар ҳокими номзодлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими мазкур лавозимларга номзодларни партия гуруҳлари билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг бир ой ичида яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Вилоят ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг қарорига мувофиқ ҳоким номзоди бўйича қарор қабул қилади.

Тегишли халқ депутатлари Кенгаши тақдим этилган туман ва шаҳар ҳокими номзодларини уч марта рад этган тақдирда, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими туман ва шаҳар ҳокими бевосита тайинлаш ҳуқуқига эга.

Шаҳардаги туман, туманга бўйсунувчи шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан ушбу модданинг саккизинчи – ўн учинчи қисмларида ўрнатилган тартибда тасдиқланади.

Вилоят ҳокими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда шаҳар ҳокимини туман (шаҳар таркибига кирувчи туманлар бундан мустасно) ҳокимига бўйсундириш ва ягона бошқарув органларини тузиш ваколатига эга бўлиб, бу хусусдаги қарор кейинчалик халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Ҳокимнинг ваколат муддати – беш йил.

Таклифлар 7

42-модда. Вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш

Вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:

вафот этганда;

Конституцияни, қонунларни бузган ёки ўз шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг унга нисбатан ишончи йўқотганда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимидан озод этилган тақдирда;

тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ишончсизлик билдирилганлиги, шунингдек ўз мажбуриятларини талаб даражасида бажармаганлиги сабабли у Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки тегишли вилоят ва Тошкент шаҳри ҳокими томонидан лавозимидан озод этилган тақдирда;

ўз хоҳишига кўра истеъфога чиққан тақдирда;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганида;

суд томонидан бедарак йўқолган деб топилганида ёки вафот этган деб эълон қилинганида.

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганида;

доимий яшаш жойига Ўзбекистон Республикасидан четга чиқиб кетганида;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганида.

Таклифлар 1

43-модда. Давлат бошқаруви органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш

Давлат бошқаруви органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари давлат бошқарувининг юқори органлари билан келишилган ҳолда тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳокими қарори билан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бундан мустасно.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Таклифлар 2

7-боб. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятида қонунийликнинг кафолатлари


44-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг қонунийлигини назорат қилиш

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг қарорлари эса халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳри Кенгашлари томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади.

Ҳокимларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ҳукумат ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлат манфаатларига зид келадиган ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, юқори турувчи ҳоким ёки мазкур ҳужжатларни қабул қилган ҳоким томонидан, шунингдек тегишли Халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тўхтатилади ва бекор қилинади.

Таклифлар 0

45-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қабул қилган ва чиқарган ҳужжатлар устидан шикоят қилиш

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қабул қилган ва чиқарган ҳужжатлар устидан фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар, жисмоний ва юридик шахслар юқори турувчи органлар ёки судга шикоят қилишлари мумкин.

Таклифлар 0

46-модда. Ҳокимнинг прокурор протест билдирган қарорлари қайта кўриб чиқилиши мажбурийлиги

Ҳокимнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатларига зид, прокурор протест билдирган қарорлари шу ҳокимнинг ўзи томонидан ёки юқори турувчи ҳоким ёинки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, заруратига қараб эса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайта кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларини ижро этиш мақсадида ўтказилган текширувлар давомида ҳокимларнинг қонун ҳужжатлари нормаларига номувофиқ бўлган қарорлари аниқланган тақдирда, Бош прокурор бу ҳужжатларни тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади.

Ҳокимларнинг қарорлари фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини жиддий равишда камситаётган бўлса, Бош прокурор бу ҳужжатларни тўхтатиб туриш ёхуд бекор қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритиши мумкин.

Таклифлар 0

8-боб. Якунловчи қоидалар


47-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Таклифлар 0

Умумий таклифлар